"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

Инсон – ҳаёт гултожи

Ўзбекистон Pеспубликасида Ўзбекистон Pеспубликасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.

(Ўзбекистон Pеспубликасининг Конституцияси, 15-модда)

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, йиллар ўтгани сайин биз Конституциямизнинг аҳамияти ва моҳиятини, ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини, қадр-қимматини янада чуқурроқ англаб бормоқдамиз. Конституция ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожи, фуқароларнинг ҳаёти, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берадиган асосий қонундир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясида халқимизнинг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини ифода этиб, миллий давлатчилигимиз ривожи, демократия ва ижтимоий адолат, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига асосланган, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўли белгилаб берилди.

Асосий қонунимизда давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим тамойил сифатида белгиланган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари Конституциямизда муҳрлаб қўйилгани мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Конституциясининг асосий моҳияти инсонни улуғлашга қаратилган. Конституциямизнинг иккинчи бўлими бевосита "Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган бўлиб, унда инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий ҳуқуқлари, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳуқуқлари алоҳида боблар ва моддаларда мустаҳкамланган.

Дарҳақиқат, инсон – ҳаёт гултожи. Уни эъзозлаш, ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақиқий демократик, адолатли давлатга хосдир. Бу ўзаро меҳр-оқибатли бўлиш, ён-атрофдагиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаёт тарзига айланган халқимизга хос фазилатлардандир.

Конституциямизнинг ғояси, асосий тамойиллари ва қоидалари умумэътироф этилган халқаро талаблар билан бирга, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб келган қадриятларига тўла мос келади. Унга кўра, давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, инсон – олий қадрият ва давлат сиёсатининг асосий мақсади эканлиги, демократизм, давлат билан фуқаронинг ўзаро масъуллиги, қонунийлик, Конституция ва қонуннинг устунлиги, ҳокимиятлар бўлиниши, Ўзбекистон Pеспубликаси томонидан фаол ташқи сиёсатнинг амалга оширилиши, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва бошқа принциплари – буларнинг барчаси Асосий қонунимизнинг бош ғояларидир. Мамлакатимизда ҳар қандай қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ана шу принципларга мос ҳолда қабул қилинади.

Асосий қонунимиз нафақат юридик норма, яъни мажбурий характерга эга бўлган қоида ва принциплари, балки маънавий жиҳатдан юксак қоидалари билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Халқимизга хос кўплаб умумбашарий қарашлар қоида сифатида Бош қомусимизда белгилангани унинг миллий характерини кўрсатади.

Ўзбекистон Конституцияси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига, умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига асосланган, том маънодаги демократик Конституциядир. Унда инсон ҳуқуқларига оид бир қатор халқаро ҳужжатлар – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, Сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Аёллар тенг ҳуқуқлиги тўғрисидаги конвенция ва бошқа ҳужжатларда белгиланган асосий тамойиллар ўз ифодасини топган. Жумладан, Бош қомусимизнинг 3-боби Конституция ва қонун устуворлигига бағишланган. Давлатимиз томонидан чиқарилган қонунларнинг бажарилиши барча учун шартдир. Қонун олдида ҳар қандай фуқаро миллати, ижтимоий келиб чиқиши, тили, дини, ирқидан қатъи назар, тенг ҳуқуқлидир. Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Pеспубликаси ҳуқуқ ва манфатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари Конституцияда муайян тизимда, алоҳида боб ва моддаларда мустақил нормаларда акс эттирилган. Яъни, инсонга тегишли бўлган, халқаро стандартлар даражасидаги – унинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Давлат бошқаруви ташкил этилаётганда, аввало, инсон ҳуқуқларига оид тамойил ва қарашлардан келиб чиқиб, бошқарув амалга оширилади.

Инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш муҳим ўрин тутади. Бунинг учун фуқароларнинг ўз ҳуқуқини яхши билиши, қонунларга риоя этиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан қонун доирасида муносабатга киришиши, бузилган ҳуқуқларини тиклашда бевосита судларга мурожаат қилиш маданиятини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларга бевосита ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокатура институтининг ролини янада ошириш, адвокатларнинг суд жараёнида процессуал иштирокини янада кенгайтириш борасидаги изчил ишлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Буларнинг барчаси қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун устуворлигини таъминлаш амалда инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш демакдир. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий талаби ҳам айнан қонунларга оғишмай риоя этиш, қонунларни тушунтириш, қонунбузарликка қарши кураш ва бошқаларга асосланади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида давлат бошқарувини янада демократлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш ҳамда жамиятни янгилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини янада кенгроқ таъминлашдан иборатдир.

Бобоқул Тошев,Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлиги
ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори.

Янгиликни бўлишинг: