"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ЎҚИТУВЧИЛИК – ЭНГ УЛУҒ КАСБ

Агар дунё ичида энг улуғ маскан мактаб бўлса, касблар ичида энг улуғи – ўқитувчилик касбидир. Бобокалонимиз Алишер Навоий таъбири билан айтганда:

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо унинг ҳақин юз ганж ила.

Илк бор қўлимизга қалам тутқазиб, бизга ёзишни, ўқишни ўргатган, таълим берган устозларимизга қанча раҳмат айтсак, қанча таъзим айласак ҳам оз. Улар бизга таълим бериш билан бирга тарбия ҳам бериб борадилар. Келажак ҳақидаги орзу-истакларимизни амалга оширишда уларнинг ўрни беқиёс. Устозларимиз бизга тўғри йўлни кўрсатгувчи чироқ кабидир.

Ўқитувчилик касби улкан масъулиятни талаб қилади. Сабаби ёш авлодга таълим-тарбия бериш, уларни ҳар томонлама етук шахс қилиб тарбиялаш айнан уларнинг зиммасига юклатилган. Бугунги кунда юксак марраларни забт этаётган ёшларимизни кўриб, устозларимиз ўз вазифаларини нақадар аъло даражада уддалаётганига яна бир карра амин бўламиз.

Ҳар ким мактаб остонасига қадам қўяр экан, бутун вужудини катта ҳаяжон билан қувонч, фахр-ифтихор туйғулари чулғаб олади. У ерда бизни биринчи устозимиз кутиб олади. Қўлимизга қалам тутқазиб, қалбимизда мактабга ва китобларга меҳр уйғотади.

Мен ҳам мактабда ўқиб юрган чоғларимдан устозларимга ҳавас билан қарардим. Уларнинг ўзларидаги билимни меҳр билан ўқувчиларга бериши, самимий муносабатлари менинг ўқитувчилик касбини танлашимга сабаб бўлди.

Мен бу йил Нукус Давлат Педагогика институтининг биология факультетини тугатиб, тумандаги 12-сонли умумтаълим мактабида биология фани ўқитувчиси бўлиб иш фаолиятимни бошладим.

Мактабда, олий ўқув юртида таълим берган устозларим ва оиламизда ҳам шу касбда фаолият кўрсатаётган акаларим ва опам каби ўқувчиларнинг ҳурматини қозониб, уларнинг севимли устозига айланишга ҳаракат қилмоқдаман. Айниқса, мактабда биология фанини илк бор ўргатган устозим Баҳодир ака Дўсимбетовдан олган билимларим, унинг панд-насиҳатлари илк дарс жараёнлариданоқ менга жуда қўл келмоқда. Устозимнинг иш тажрибаларидан келиб чиқиб, ўқувчиларга ўргатган назарий билимларни амалда кўрсатиб, мустаҳкамлаш мақсадида уларни табиат қўйнига саёҳатга олиб чиқиб, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси билан таништиришни режалаштирдим. Ўқувчилар иштирокида турли тадбир ва танловлар ҳам ўтказиб, уларнинг қизиқишини янада орттиришни ҳам кўзда тутмоқдаман. Шунингдек, мактабимизнинг 6-11-синф ўқувчилари ўртасида фан бўйича тўгарак фаолиятини йўлга қўйдик. Бу йилги ўқув йилида ўтказиладиган Фанлар олимпиадасига ҳам ўқувчилар билан биргаликда тайёргарлик кўришни бошлаб юбордик ва фахрли ўринларни қўлга киритишни мақсад қилмоқдамиз.

Мен иш фаолиятим давомида ўқитувчилик касбининг шарафли бўлиши билан бирга маъсулиятли эканлигини ҳам ҳис қилмоқдаман. Келгусида ўз билимимни ва меҳримни иш фаолиятимни бошлаган 12-сонли умумтаълим мактабида ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли вазифани адо этишга бағишлайман. Шу билан бирга доимий изланишни, педагоглик маҳоратимни ривожлантириб боришни мақсад қилиб қўйдим ва шунга ҳаракат қиламан.

Қалби дарё азиз устозлар ва ҳамкасблар! Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами билан чин юракдан муборакбод этаман. Ўқитувчиликдек шарафли касбингиздан камол топиб, элимиз ардоғида юришингизни тилайман.

Соҳиба Кенжабоева, 12-сонли мактабнинг

биология фани ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: