"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

Обод қишлоқнинг обод мактаби

Ҳозирги кунда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар қисқа фурсат ичидаёқ ўзининг натижаларини бермоқда. Биз буларни умумтаълим мактаблари биноларининг капитал таъмирланиб, жиҳозланиб, тубдан янгиланаётганидан, ўқувчилар ихтиёрига ёруғ, шинам синф хоналари берилаётганидан ва ниҳоят таълим-тарбия ишларининг янги босқичга кўтарилаётганидан яққол кўриб турибмиз.

“Обод қишлоқ” дастури асосида чирой очаётган Қипчоқ шаҳарчаси ҳудудида жойлашган 11-сонли мактаб ҳам ана шундай таълим масканлари сирасига киради.

Бу мактаб жорий йилнинг май-август ойларида тумандаги “Қурилиш таъмир” МЧЖ томонидан таъмирланиб, томи шиферланди, дераза ойналари алюминийдан ишланган замонавий ромларга ўзгартирилди.

Салкам бир миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилгач, ушбу мактаб қиёфаси тубдан ўзгариб, бу ерда таълим оладиган ўқувчиларга ҳам, меҳнат қиладиган ўқитувчи-устозларга ҳам бир қанча қулайликлар яратилди.

Айни кунда 626 ўринли ушбу мактабда 900 нафардан зиёд ўқувчилар таълим олишмоқда. Уларнинг чуқур билим олишларида жон куйдираётган 84 нафар муаллимларнинг барчаси ҳам ўз касбларини севган, жонкуяр инсонлар ҳисобланишади.

Ўтган ўқув йили бу мактаб ўқитувчилари учун ҳам, барча ўқувчилар учун ҳам қувончли воқеаларга бой бўлди. Чунки бу даврда мактабнинг 9-синф ўқувчиси Шоҳнура Соатбоева ва 10-синф ўқувчиси Малоҳат Мадаминовалар фанлар олимпиадасида ҳуқуқ фани бўйича иштирок қилишиб, Қорақалпоғистон Pеспубликаси бўйича фахрли 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлдилар.

Мактаб ўқувчилари “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларида спортнинг енгил атлетика, волейбол ва баскетбол турлари бўйича ҳам фаол иштирок этишиб, яхши натижаларни қўлга киритдилар.

Шунингдек, мактаб ўқитувчилари ҳам спорт мусобақаларида ва турли йўналишлардаги танловларда фаол иштирок қилдилар. Айниқса, мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Мунира Камолова ва кимё фани ўқитувчиси Соҳиба Жуманиёзоваларнинг “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловида муваффақиятли иштирок этганликлари жамоага обрў келтирди.

– Биз бу ўқув йилини ҳам барча йўналишлар бўйича пухта тайёргарликлар билан бошладик, – дейди мактаб директори Зулфия Юсупова. – Ўтган ўқув йилидаги ютуқларимизни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз ва мактабимизни туманимизнинг энг намунали таълим масканларидан бирига айлантирамиз. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг соҳа ходимларига кўрсатаётган ғамхўрликлари бизнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшмоқда.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам мактаб директори Зулфия Юсупова айтганларидек, мактабда таълим-тарбия сифатини ошириш мақсадида барча имкониятлардан самарали фойдаланилмоқда.

Биз фурсатдан фойдаланиб, мактабнинг жонкуяр ўқитувчиларини, азиз мураббийларни касб байрамлари билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз.

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ.

Суратда: 11-сонли мактаб директори Зулфия Юсупова ўқувчилар даврасида.

Янгиликни бўлишинг: