"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

ТАЪЛИМ МАСКАНИНИНГ ОБОДЛИГИ ЭЛ-ЮPТНИНГ ОБОДЛИГИДИP

26-сон умумтаълим мактаби 80 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган табаррук маскандир. Бу мактабдан йиллар давомида кўплаб фидойи ва эл дарди билан ҳамнафас бўлган инсонлар етишиб чиққан. Айни кунда мактабда 500 га яқин юртимиз келажаги бўлган ўғил-қизлар таълим-тарбия олишмоқда. Мактабнинг туман мактаблари ичида ўз ўрни ва мавқеи бор.

Мактаб “Босув” маҳалласида жойлашган бўлиб, бу маҳалла тупроғи унумдор, халқи миришкор, Аллоҳ назари тушган қутлуғ макон. Маҳалла ҳудудидан серсув “Бўзсув” канали оқиб ўтади. Бу каналнинг ҳам ўз тарихи бор. 26-сон мактаб ана шу канал бўйида жойлашган.

Мактаб ҳудуди 2 ярим гектарлик майдон бўлиб, унинг 0,5 гектарида боғ барпо этилган. Боғимизда олма, беҳи, нок, олча, ўрик ва олхўри каби 100 дан ортиқ мевали дарахтлар мавжуд. Бу дарахтларнинг ярмидан кўпи ҳосилга кирган. Бундан ташқари, мактаб ҳовлисида 150 тупдан ортиқ арча, 200 тупдан ортиқ терак, 50 туп тол ва бошқа манзарали дарахтлар ўсиб, мактаб кўркига-кўрк бериб турибди. Ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб, авлодлардан-авлодларга ўтиб келаётган гужум дарахтлари ўқувчиларимизнинг фахри.

Мактаб ҳудудида мана шу гужум дарахтларидан 20 тупдан ортиғи ўсган бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчиларга танаффус пайтида ҳар бир дақиқаси соатларга татигулик ором бахш этиб туради. Мактаб гулзори айни кунда қийғос гулга кирган бўлиб, кириб келган ҳар бир одамнинг дилини чароғон қилади. Мактаб ҳовлисидан бошланган бу гўзаллик фарзандларимиз қалбида илм олишга иштиёқ, қадрдон мактабига меҳр уйғотади. Мактабнинг ўз экинзори бор. Бу ерда ўсаётган беда, картошка, қовоқ, лавлаги каби экинлар мактаб даромадига даромад қўшиб келади.

Мактабимиз бу йил туманда ўтказилган “Энг обод таълим муассасаси” танловида туман мактаблари ичида 1-ўринни эгаллади. Бу ютуқда мактаб жамоаси билан бир қаторда юқори синф ўқувчиларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Дарсдан бўш вақтларида, катта танаффусларда улар гулларга сув қуйиб, бегона ўтлардан тозалаб қўйишади. Бу билан улар ўзларининг таълим олаётган жонажон мактабларига бўлган меҳрларини, табиатга бўлган муҳаббатларини ва экооламга нисбатан қизиқишларини орттириб борадилар. Фарзандларимиз қалбида шаклланган бундай меҳр туйғуси шу масканда ишлаб, маҳалла ёшларига таълим-тарбия берган устозларимиздан мерос бўлиб келаётганлигини алоҳида айтиб ўтишимиз лозим. Аллоҳ раҳмат қилсин, устозларимиз Исмоил Хўжамуродов, Назаримбат Алмуратов, Ибройим Машарипов, Шомурод Давлетовлардан мерос ободончилик ишлари ҳамиша бардавом. Чунки инсоннинг яшайдиган, ишлайдиган ва таълим-тарбия оладиган макони қанчалик обод ва файзли бўлса, унинг орзу-умид йўллари ҳамиша ойдин, манзиллари чароғон бўлади.

Ялғош ШОМУPОДОВ, 26-мактаб директори, Қорақалпоғистон ва

Ўзбекистон Pеспубликаси Халқ таълими аълочиси.

Янгиликни бўлишинг: