"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

ТУМАНИМИЗДАН ЗАБАPДАСТ СПОPТЧИЛАP ЕТИШИБ ЧИҚАДИ

Истиқлол йилларида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борадаги ишларни замон талаблари даражасига кўтариш мақсадида уч босқичли спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий қилиниб, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” спорт мусобақалари ташкил этилди.

Туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабида спортнинг 16 тури бўйича 1538 нафар ўғил-қизларимиз спортнинг ўзлари қизиққан турлари билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратилган. Уларга 47 нафар тажрибали устозлар таълим-тарбия бермоқдалар. Мураббийларнинг 21 нафари олий, 26 нафари ўрта махсус маълумотга эга.

Туман БЎСМнинг 3 та спорт базаси мавжуд. 3 минг ўринли марказий ўйингоҳ, 850 ўринли “Вахум” стадиони, “Чордара” маҳалласида 12х24 бичимдаги замонавий спорт зали ёшлар ихтиёрида.

Барча спорт иншоотлари замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган спорт анжомлари, ринг, спорт тренажёрлари ва асбоб-ускуналари билан таъминланган.

Болалар-ўсмирлар спорт мактабидан етишиб чиққан кураш бўйича жаҳон чемпионлари Феруза Ҳайтимбетова, Зулҳижжа Худоёрова, Умида Матёқубова, дзю-до кураши бўйича Европа очиқ чемпионати совриндори Элёр Машарипов, Осиё чемпионати совриндори Шарофиддин Болтабоев, бокс бўйича Филиппинда ўтказилган Осиё чемпионати совриндори Шерзод Қодирбоевларнинг издошлари йил сайин ортиб бормоқда.

Дзю-до кураши бўйича мураббий Пўлат Кумеков, каратэ-до кураши бўйича мураббий Ильдар Эримметов, шахмат спорти мураббийси Зафар Қурбонов, ўзбек жанг санъати бўйича мураббий Муроджон Сафарбоев, стол тенниси бўйича мураббийлар Хуршид Исмоилов ва Фозилбек Эшчоновларнинг шогирдлари Ўзбекистон чемпионати совриндорларидир.

БЎСМ спортчилари орасида спортнинг барча турлари бўйича Pеспублика миқёсидаги мусобақаларнинг фаол иштирокчилари, ғолиблари бор.

Бундан ташқари, спортчиларимиз турли хил байрам тантаналарида ўзларининг чиқишлари билан халқимиз олқишларига сазовор бўлишмоқда. Мақсадимиз – туманимиз спортчилари орасидан жаҳон ареналарида мамлакатимиз байроғини баланд кўтарадиган забардаст спортчи ёшларни тарбиялашдир.

Чоршам ТАЖИМУPОДОВ, туман Болалар-ўсмирлар

спорт мактаби директори.

Янгиликни бўлишинг: