"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

МАҚСАДИМИЗ – БАPКАМОЛ АВЛОДНИ ВОЯГА ЕТКАЗИШ

Ажиниёз номидаги Нукус Давлат педагогика институти қошидаги 3-сонли Амударё академик лицейи туманимиздаги нуфузли ўқув муассасаларидан бири саналади. 2008 йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур ўқув даргоҳини ҳар йили 200 нафардан зиёд илмга чанқоқ ёшлар тамомлайдилар.

Академик лицей 495 ўқувчи ўринга мўлжалланган бўлиб, ўқув жараёнини ташкил этишга хизмат қиладиган 30 та ўқув хоналари зарур анжомлар билан жиҳозланган. Умумий ер майдони 5,4 минг метр квадратни ташкил этувчи ўқув муассасасининг файзли боғи, барча қулайликларга эга спорт зали, 3 та ўқув-лаборатория хоналари ҳамда 120 ўринли фаоллар зали мавжуд. Замонавий шароитларга эга бўлган, ҳар бири 100 ўринли 2 та ётоқхонада узоқ масофадан қатновчи 200 нафар ўқувчилар жойлаштирилган.

Фан ва ўқув-лаборатория хоналари замон талаблари даражасида зарур ускуналар билан таъминланган.

Бугунги кунда академик лицейда 14 та гуруҳда 402 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олишмоқда. Дарслар ўзбек тилида, юқори малакали мутахассис ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

Ўқувчиларнинг мукаммал билим олишлари учун 15 та фан тўгараклари ташкил қилинган ва уларнинг билими рейтинг тизими асосида баҳоланиб, йиллик натижалари биринчи ва иккинчи семестр якунларига кўра чиқарилади.

Ўқув жараёнида анъанавий дарс шакллари билан бир қаторда интерфаол ўқитиш усулларидан ҳам кенг фойдаланилади. Кафедралар илмий ва ўқув фаолиятида олий таълим муассасалари ходимлари ҳам иштирок этадилар.

Академик лицейда ўқувчилар билим савиясини назорат қилиш мақсадида рейтинг тизими, ўқувчилар билимлари ўсишини назорат қилиш тизимлари ишлаб чиқилган.

2011-2015 йилларда 1272 нафар битирувчиларимизнинг 654 нафари, яъни 52 фоизи олий таълим муассасалари талабалари бўлишди. 2017-2018 ўқув йилида эса 227 нафар битирувчилардан 92 нафари олий ўқув юртларига ўқишга киришди. Бу кўрсаткич билан академик лицей Ўзбекистон Pеспубликасида фаолият юритаётган 143 та академик лицейлар орасида 55-ўринни, Қорақалпоғистон Pеспубликасидаги 10 та академик лицей ўртасида 3-ўринни эгаллаб турибди.

Академик лицей маъмурияти кейинги йилларда битирувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичини яхшилаш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, сўнгги уч йил ичида лицей ўқитувчилари томонидан Нукус Давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда 10 та номдаги илмий-услубий қўлланмалар яратилди.

2017-2018 ўқув йилида эса лицей ўқитувчиларининг 6 номдаги ўқув-услубий қўлланма ва рисолалари чоп этилди.

2016-2017 ўқув йилида Фанлар олимпиадасининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида 5 нафар ўқувчи совринли ўринларни эгаллашди. Она тили ва адабиёт фанидан Умида Мақсадбоева 1-ўринни, Дилафрўз Озодова 2-ўринни, кимё фанидан Маъмуржон Каримов 3-ўринни, 2-босқич ўқувчилари ўртасида Фанлар олимпиадасининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида кимё фанидан Шаҳзод Иброҳимов 2-ўринни, она тили ва адабиёт фанидан Моҳира Фарҳодова 2-ўринни эгаллади.

2017-2018 ўқув йилида ўқувчиларимиз Фанлар олимпиадаси Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида муносиб иштирок этишди. Жумладан, Шаҳзод Йўлдошбоев математика, Мафтуна Ҳайитбоева она тили ва адабиёт фанидан фахрли 3-ўринни эгаллашди ва 4-босқич Фан олимпиадасига йўлланма олишди.

Академик лицей ўқувчилари учун инглиз тили ўқитувчилари томонидан семинар-тренинглар, очиқ дарслар ўтказиш анъанага айланган. Кўпчилик ўқитувчиларимиз ДТМ томонидан ўтказилган синовларда муваффақиятли қатнашиб, 15 фоизлик устама олишга эришдилар.

Ўқув муассасамизда спорт-соғломлаштириш ишларига алоҳида эътибор берилади. Биргина 2018 йилнинг ўзида спортчи ўқувчи-ёшларимиз спортнинг шахмат, енгил атлетика, стол тенниси, футбол ва минифутбол, волейбол турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда туман ва Pеспублика миқёсида фахрли ўринларни эгаллашди.

Мақсадимиз – ҳар томонлама билимдон, баркамол ёшларни тарбиялаш, қолаверса, академик лицейимизнинг таълим-тарбия соҳасидаги рейтингини янада оширишдир.

Мен фурсатдан фойдаланиб, туманимиз ўқув муассасаларида фаолият юритаётган барча ҳамкасбларимни, фахрий устозларимни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман. Уларнинг ёш авлод таълим ва тарбияси йўлидаги шарафли ишларида ютуқлар тилайман.

Ғуломжон ДУЙСЕНБОЕВ, Амударё академик

лицейи директори.

Янгиликни бўлишинг: