"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

ИНТИЛУВЧАН ВА ИЗЛАНУВЧАН МУPАББИЙ

Спорт – инсонни нафақат жисмоний, балки ақлий етукликка элтувчи ўта муҳим тарбия омилидир. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида болалар спортини ривожлантириш мамлакатимизда устувор вазифага айланди. Айниқса, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтаётган турли спорт мусобақаларида туманимиз, Қорақалпоғистон Pеспубликаси шарафини ҳимоя қилишга қодир, иқтидорли спортчилар етишиб чиқмоқда.

– Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси доимий изланишда бўлмаса, ўз фани бўйича ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмайди, – дейди 41-сонли умумтаълим мактаби жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Манас Нуржонов. – Айрим ўқитувчилар болаларни мактаб спорт залига ёки очиқ стадионга олиб чиқишади-да: “мана тўп, мана футбол майдони, ўйнайверинглар”, дейишади. Ўзи эса томошабин бўлиб ўтириб олади. Болалар ўз билганларича тўп “суришади”, бири ютиб, бири ютқазган жамоа борми, бор. Ана холос, дейман, шу ҳам дарсми? Бола бир соатлик жисмоний тарбия дарсидан ҳақиқий чиниқиш сабоғини олсин. Футбол, баскетбол, қўйингки, спорт ўйинлари билан шуғулланишнинг метин қоидасини ўргансин. Майдонда шунчаки эмас, мактаб, маҳалла, туман ва она юрт шаънини ҳимоя қилишга шай турсин...

Манас Нуржонов таълим сифати ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича туман миқёсида семинар-тренинглар ўтказишда, жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг малакаларини ошириш бўйича ўз инновацион лойиҳалари, таклифлари билан ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзи ишлайдиган мактабда эса синфдан ташқари тадбирларнинг янги шаклларини ўтказиш бўйича синф раҳбарларининг билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида семинарлар ташкил этаётгани боис, мактаб ўқитувчилар жамоасининг қизиқиш ва эътирофларига сазовор бўлмоқда. Айниқса, Манас Нуржоновнинг ўқувчи шахсини шакллантиришга йўналтирилган услубий дарс ишланмалари, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамловчи дидактик материаллардан фойдаланиш бўйича тавсиялари мактаб ўқитувчиларига қўл келмоқда.

Манас Нуржоновнинг интилувчанлиги, ўқувчилар билан ишлашдаги педагогик иш услуби ўз самарасини бериб, мактаб ўқувчилари 2014-2015 ўқув йилида спортнинг қўл тўпи тури бўйича Pеспублика босқичида, 2015-2016 ҳамда 2016-2017 ўқув йилларида туман ва Pеспублика босқичларида ғолиб жамоалар сафидан жой олдилар. 2017-2018 ўқув йилида эса қўл тўпи спорти жамоаси “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида фахрли 2-ўринни эгалладилар.

Изланувчан ва интилувчан Манас Нуржоновга ўз соҳасида янги-янги ютуқларга эришишида муваффақият тилаймиз.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Суратда: М.Нуржонов.

Янгиликни бўлишинг: