"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

Нодавлат мактабгача таълим муассасалари болажонларнинг соғлом, етук бўлиб улғайишига хизмат қилади

Мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасига, ёш авлод тарбиясига эътибор қаратилаётгани кичкинтойларга ғамхўрлик ифодасидир. Бугунги кунда мактабгача таълим ёшидаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси жадал олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2018 йил 2 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Шу жумладан, туманимизда 2018 йилда давлат хусусий-шерикчилик асосида жами 10 та нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш белгиланган бўлиб, шундан 3 таси реконструкция, 6 таси янгидан қурилиши, 1 та уй-боғча ташкил қилиниши белгиланган эди. Бугунга қадар уларнинг 8 тасида қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

А.Навоий номли маҳалла ҳудудида ташкил қилинаётган, 75 ўринга мўлжалланган “AMU QUYOSHI” нодавлат мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш учун шу кунгача банк томонидан 700 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди. Ҳозирда бу муассасада реконструкция ишлари амалга оширилмоқда ва жорий йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Тош ёп овули ҳудудида 50 ўринга мўлжалланган “YULDUZCHA-MANG’IT” нодавлат МТМ биноси фойдаланишга топширилган бўлиб, бу муассасада тарбияланувчилар учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, болажонларнинг замонавий таълим-тарбия олишлари учун алоҳида машғулот хоналари, ётоқхоналар, овқатланиш хоналари, ёзги айвончалар, алоҳида ошхона, омборхоналар зарур замонавий жиҳозлар билан тўлиқ жиҳозланган. Муассасада болалар ўзларини эркин ҳис қилишлари учун турли хил кўнгилочар машғулотлар ташкил қилинади, ота-оналар ҳам ўз фарзандларини ишончли қўлларга топшириб, уларнинг яхши шароитларда тарбияланаётгани учун миннатдор бўлмоқдалар. Ҳозирда муассасада 25 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олмоқда.

Туманимизда бундай замонавий мактабгача таълим муассасаларининг ташкил қилинаётганлиги туманимиз аҳолисига уларнинг фарзандлари барча шарт-шароитларга эга мактабгача таълим муассасаларида тарбияланиш имкониятларини яратиши билан бир қаторда Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, соғлом, интеллектуал ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун замин яратади.

Бугун ота-оналари қўлидан тутиб, боғчаларга талпиниб келаётган болажонлар мамлакатимиз келажагини барпо қиладиган етук инсонлар бўлиб вояга етиши бизнинг бугунги меҳнатимизга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ана шундай масъулиятли касб эгалари – мактабгача таълим муассасалари ходимларини касб байрами билан қизғин қутлайман!

Моҳира Юсупова, туман Мактабгача таълим бўлими

нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш

ҳамда мактабга муқобил турларини тайёрлаш шўъба мудири.

Янгиликни бўлишинг: