"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

ЎҚИТУВЧИ

Бугун ёрқинроқ нур сочгандай офтоб,

Бермоқда борлиққа ҳарорат-ла тоб.

Чунки муҳтарамлар ичра муҳтарам –

Зотлар учун очди замон янги боб.

Шогирдлар дейинми ёки касбдош,

Сизга қувонч ила айлайман хитоб:

Юртбоши шаҳди-ла ҳар бир жабҳада

Буюк ислоҳотлар – гўё инқилоб!

Қадрингиз чақага тенглаган эди

“Ўзимиздан чиққан” бир неча арбоб.

Додингни айтарга додгоҳ тополмай

Дардларинг ичингда эди, дил кабоб.

Устоз, мураббийлик қайта топди шон,

Энди сиздан ғайрат – муносиб жавоб.

Янгича услублар топинг, кашф этинг

Имкон, вақт бемалол ўқишга китоб.

Илмингиз оширинг, ижодга шўнғинг:

Кечқурун фермерга бермайсиз ҳисоб.

“Кўчани тозала! Газга пул йиғ”, деб

Оқсоқол зарда-ла қилолмас итоб.

Элга фидо бўлмоқ фурсати етди,

Ватан Сиздан сўрар ютуқ – сарҳисоб.

Ўрганинг, ўргатинг илмсизлик уят,

Илмсиз бойлик ҳам бир кўпик – ҳубоб.

Дунёни елкага олар шогирдлар

Сидқ ила ўргатинг фанларни боб-боб.

Шогирдлар “устоз”, эл “домла” деб сийлар,

Бу улкан мукофот, тенги йўқ савоб.

Такрор умр бериб: “танла касб”, деса,

Яна муаллимлик сўрардим шитоб.

Байрам ҳам муборак! Соғ, омон бўлинг,

Тилайман ёруғ юз, умр файзиёб!

Турсунбой АБДУЛЛАЕВ.

Янгиликни бўлишинг: