"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

ЎҚУВЧИЛАPИМ ЮТУҚЛАPИ – МЕНИНГ ҚУВОНЧИМ

Иномжон Турсунбоевнинг туманимиздаги 41-сонли мактабда тарих фанидан дарс бера бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Қисқа вақт ичида у ўзининг интилувчанлигини, ҳар бир дарс машғулотини ўқувчиларга қизиқарли ўта олишини намоён этди. Натижада у таълим бераётган ўқувчилар орасида тарих фанига қизиқувчилар кўпайди.

Якунланган ўқув йилида 10-синф ўқувчиси Гулноз Гулмирзаева Фанлар олимпиадаси туман босқичи ғолиби, республика босқичи иштирокчиси, Инновацион олимпиаданинг ҳам туман босқичи ғолиби бўлди. У “Юксак маънавиятли авлод” фестивалининг “Ислом Каримов асарлари билимдони” номинациясида туман босқичида ғолиб бўлиб, кейинги босқичда фаол қатнашди.

Шунингдек, ўқувчиларидан Шоҳида Нуриллаева, Нодирбек Бозорбоевлар ҳам кўпгина ютуқларга эришдилар.

Иномжоннинг интеллектуал салоҳияти, дарс ўтиш маҳорати фақат таълим-тарбия бераётган ўқувчилари ютуқларидагина эмас, ўзи эришаётган ютуқларда ҳам намоён бўлаётир. У 2018 йилда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловида тарих фанидан туман, Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичларида ғолибликни қўлга киритиб, Урганч шаҳрида бўлиб ўтган якуний босқичда ҳам билимли, маҳоратли ва янгиликка интилувчан муаллим эканлигини исботлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан ташкиллаштирилган “Ёш сиёсатчи – 2018” кўрик танловининг ҳам туман, Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичларида барча ишти-рокчиларни енгиб, ғолиб бўлди.

Кимки ўз касбини севса, сидқидилдан меҳнат қилса, албатта, ютуқларга эришаверади, – дейди Иномжон кулиб. Айтишича, уни ўзиникидан ҳам кўпроқ ўқувчиларининг муваффақиятлари қувонтирар экан. Мақсади эса илмли, глобаллашув жараёни кечаётган бугунгидек шиддатли даврда ёт ғояларга эргашмай, ўз ҳаёт йўлини ўзи тўғри белгилай оладиган маънавиятли ёшлар камол топишига ҳисса қўшиш.

Биз Иномжоннинг эзгу ниятлари ижобатини тилаб қоламиз.

О. PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: