"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

Ҳурмат-эҳтиромга муносиб устоз

Самимий, илиқ, чиройли сўзларни фақат китобларда ўқишимиз эмас, уни кимларгадир айтишимиз ҳам керак. Зеро, ҳаётда кўпчиликнинг ҳаётига дахлдор, эзгуликка хизмат қилувчи ишларни амалга оширган, ҳар қандай мақтовларга сазовор инсонлар орамизда кўп.

Таълим фахрийси Озод Отажонов ана шуларнинг бири.

....Ҳозирги 20-сонли, собиқ Лермонтов номли мактабга эндигина қадам қўйган ўғлон Озод ҳар куни эрталаб онаси – Қиличбой ҳудудидаги илк муаллималарнинг бири Тожигул Юсупованинг қўлидан тутиб мактабга отланар чоғи, аввал болаларига нон синдириб, ҳар бирининг улушини бериб, албатта, уч-тўрт бўлак нонни ўраб, китоб-дафтарига қўшиб қўлтиғига қисиб олиши сабабини англолмасди. Бу ҳақда бир куни сўраганида онаси уни эркалаб, елкасига қоқиб:

– Шунгаям эътибор қилиб юрганмидинг, – деб сўради мулойим кулиб меҳр билан. Кейин синиқ овозда давом этди: – Болам, мен синфимдаги ҳамма болаларнинг ҳам онасиман, уларнинг баъзилари дарсга оч келади. Нонни шулар учун олиб бораман.

Умр бўйи ўқитувчилик қилиб, болаларга ғамхўрлик билан сабоқ бериб, эл аро ҳурмат-эҳтиром қозонган онаси ёш Озоднинг қалбида болалигидан ўқитувчиликдай мўътабар касбга улкан ҳавас уйғотди. Аъло баҳоларга ўқигани боис, ўзи ўқиган мактабни тугатгач, бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб иш бошлади. 1968 йилда Бухоро Давлат Педагогика институтининг биология факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирди ва ишдан ажралмаган ҳолда олий маълумотли бўлди. 1977 йилда эса мактаб директорининг илмий ишлар бўйича муовини, 1985 йилдан собиқ “Ғалабанинг 40 йиллиги”, ҳозирги 70-сонли мактаб директори бўлди.

– 20-сонли мактабда ишлаган кезларимда ўқувчилар чор-атрофдан 7 километрлаб йўл босиб келишларига жуда жоним ачир эди. У пайтларда ички йўллар асфальт эмас, қолаверса, ўқувчиларнинг ҳам уст-бошлари юпун бўларди. Мактабимиз ўқитувчилари билан ҳозирги Дўрман овули ҳудудида ҳам бир мактаб қурилса эди, деб ҳавас қилардик. Аммо орзу қилиш билан иш битармиди? 1973 йилда ўша вақтдаги М.Горький номли совхознинг М.Горький бўлими бошлиғи бўлиб ишлайдиган Йўлдош Ўрозбоев (жойлари жаннатда бўлсин!) билан бу ҳақда маслаҳатлашдим, ҳеч бўлмаса, бошланғич синфлар учун филиал очайлик, дедим. У киши жуда маърифатли, эл хизматидан оғринмайдиган одам эди. Таклифимни обдон ўйлаб кўрди-да, “сиз керакли идораларга бориб, ҳужжатларни битиринг, болалар учун мактабни ҳашар йўли билан ўзимиз қурамиз. Ўзим бошида тураман, эл қўл меҳнатидан кўмак беради, ош-нони – мендан”, деди ишонч билан. Ўшанда гўё у кишининг далдаси менга қанот бўлди. Керакли идораларга қатнайвериб, зада бўлсам ҳам ниятимдан қайтмадим. У пайтлардаги тузум шуни тақозо этарди-да. Бир ёқадан бош чиқариб, тўртта хона, ўртаси узун коридорли мактаб иморатини бошлаб юбордик. Лойдан пахса кўтардик, чор-атрофдан ҳашарга келмаган одам қолмаганди, – дея эслайди Озод ака.

Ўша, 1973 йилда ишга тушган бошланғич мактаб 1985 йилда 8 йиллик – тўлиқсиз ўрта, кейинчалик кенгайтирилиб, ўрта мактабга айлантирилди.

Шундай қилиб, 1985 йилда ўзи қурилишига бош-қош бўлган мактабга Озод Отажоновни директор қилиб тайинлашди. Шу тариқа кексалик нафақасига чиққунига қадар мазкур мактабга раҳбарлик қилди.

Озод ака Отажонов жамоасига инсоф, адолат тамойиллари асосида раҳбарлик қилиш билан бирга ўқувчиларга моҳирлик билан дарс бериб, ҳудуд ёшларининг кўнглида илмга ҳавас уйғотди, жамиятга нафи тегадиган инсонлар бўлиб камолга етишига муносиб ҳисса қўшди. Турмуш ўртоғи Давлатбика Турсунова билан икки ўғил, тўрт қизни элга муносиб қилиб вояга етказишди, турли касбларни эгаллаган фарзандлар ҳам отасига муносиб бўлиб, эл корига ярамоқдалар.

Озод Отажонов ҳозир 70 ёшда. Атрофида 19 нафар невара, 3 нафар чеваралар. Шундай бўлса-да, тиниб-тинчимайди, жамоат ишларида фаол, маҳалласида ҳеч бир тадбир, тўй-маъракалар усиз ўтмайди, ёшларга панд-насиҳат қилиб, йўл-йўриқ беришдан чарчамайди. Фахрий ўқитувчини бутун Қиличбой элининг катта-ю кичиги танийди, ҳурмат қилади.

Озод ака Отажоновнинг 70 ёшида ҳам жуда зийрак, фаол ва хотираси кучлилигига одам ҳавас қилади. Қиличбой тарихини пухта ўрганган устоз Лермонтов номли мактабда ишлаб юрган кезларида Иккинчи жаҳон урушига кетиб, қайтиб келмаган қиличбойлик йигитлар ҳақида ҳамкасби, қизиқувчан ўқитувчи Кенжа Жуманиёзов билан бирга барча маълумотларни тўплашган. Кўпчилигининг урушдаги мавҳум даврини, қаерда вафот этганларини аниқлашга ҳам муваффақ бўлган экан. Бу маълумотлар Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ҳамюртларимиз ҳақида тайёрланган “Эсдаликлар” китобидан ҳам жой олган.

– Қиличбой тарихига оид ҳамма маълумотларни ёддан биламан, қизиқтирган саволларингизни бераверинг, – дейди устоз доим ёшлар билан учрашувларида. Ва буни уддалай олади ҳам. У доимо эзгу ишларга бош-қош бўлгани, ёшларга устозлик қилгани билан ҳам ўз ҳаётидан мамнун, чеҳрасидан нур ёғилиб туради.

Биз фахрий ўқитувчи Озод ака Отажоновни юртимизда кенг нишонланадиган қутлуғ сана – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қизғин қутлаб, умрига барака тилаймиз!

Ойгул PАЖАБОВА.

Суратда: Озод Отажонов ўқувчилар даврасида.

Янгиликни бўлишинг: