"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

Устозни сўроқлаб...

Хивчин отлар миниб, “кўпкари” сурган,

Болалик! Мен сени соғиниб кетдим.

Қўнғироқ саслари жаранглаб турган

Қадрдон мактабга хаёлан етдим.

Кўзларга жо этиб Ватан сувратин,

Ҳар дилда уйғотган буюк муҳаббат.

Мактаб! Болаликнинг ҳавас, ҳайратин

Дунё йўлларига элтгувчи қудрат!

Шунчалар фараҳли, беғубор макон,

Осмони орзулар рангида, кўркам!

Бағрида мўъжиза туғилиб ҳар он,

Худди шу макондан бошланар кўклам!

Ана, нигоҳлари қуёшдай порлаб,

Алифбо кўтариб келар муаллим!

Қалбларга Она Юрт меҳрини жойлаб

Бошланар синфда илк сабоқ – таълим!

Оппоқ қоғоз узра кун ўтган сайин,

Ҳарфлар карвони тизилар бир-бир.

Қўлимиздан тутган қўллари майин

Устозлар меҳрига бормикан таъбир!

Ким ахир унутар, “Она” деб ёзиб,

Ҳижжалаб ўқишни ўрганган онни.

Мозий сирларини бирма-бир очиб,

Мўъжиза яратган қутлуғ маконни!

Танаффус пайтлари югуриб, ҳориб,

Ўйинлар қурардик бир-биридан соз.

Қизларнинг сочидан тортқилаб, тортиб,

Шўхлик қилганимиз кечирган Устоз!

О, бебош болалик – беғубор олам,

Хотирам кўшкида порлаб турган моҳ.

Энг обод, азиз ва муқаддас гўшам –

Болалигим менинг – энг одил подшоҳ.

Ўшал подшоҳ амри-маъруфларини

Гўзал сабри ила айлаган эъзоз.

Мен қандай келтирай таърифларини,

Уларнинг ўзлари шоҳларга Устоз!

Пойига тўкилиб, бош эгиб, қаранг,

Арбоблар, олим-у фозиллар келар.

Қўнғироқ саслари берганда жаранг,

Устозин сўроқлаб Устозлар келар!

Шеърий гулдасталар тузиб, чарақлаб,

Жонажон мактабга мен ашъор битдим.

Юракда эҳтиром ва ҳурмат сақлаб,

Устозлар, мен Сизга қиламан таъзим!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: