"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

Инсон камолотида устозларнинг ҳиссаси беқиёс

Қадрли устозлар, меҳридарё мураббий ва ўқитувчилар!

Туманимизнинг умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ҳамда шу соҳада ишлаб, бугун кексалик гаштини сураётган барча ўқитувчи ва мураббийларни, ўзининг илму салоҳияти, куч-ғайратини, керак бўлса бутун умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли ва машаққатли ишга бағишлаган муҳтарам устозларни бугунги байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Қалбимиз тўридаги энг гўзал тилакларимизни билдириш билан бирга илк бор қўлимизга қалам тутқазган, барчамизга оқ-у қорани танитган, тафаккуримизга илму-маърифатни сингдирган, бор меҳрини, кўз нурини аямаган онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот – ўқитувчи ва мураббийларни ҳар қанча ардоқласак, иззат-ҳурмат кўрсатсак ҳам камлик қилади.

Чунки ҳаётда инсон ким бўлмасин, қайси соҳада меҳнат қилмасин, шубҳасиз, унинг камолотида ўқитувчи ва мураббийларнинг беқиёс ҳиссалари бор. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўқитувчи-мураббийларга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотлар доимо устувор аҳамият касб этиб келмоқда.

Бу ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бериб, устоз ва мураббийларимиздан таълим-тарбия олаётган ёшларимиз ўз иқтидорлари билан бутун дунёга танилмоқда.

Айтиш жоизки, шу йилнинг 14 август куни Халқ таълими учун янги босқични бошлаб беришга асос бўлган ҳужжат– “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори эълон қилинди. Ушбу Қарор орқали таълим-тарбия жараёнини янги босқичга кўтариш, жамиятда ўқитувчи нуфузини ҳар томонлама ошириш бўйича ҳуқуқий асослар белгилаб берилди. Бугунги кунда Қарорга мувофиқ ўқитувчиларга қатор имтиёз ва қулайликлар яратилмоқда, иш жараёнидаги ортиқча расмиятчилик ва қоғозбозлик ишларига чек қўйилмоқда. Ўйлаймизки, бу соҳада самарадорликнинг янада ортишига замин яратади.

Айни пайтда биз педагоглар зиммамизга катта масъулият юкланганлигини, олдимизда янада муҳим ва долзарб вазифалар турганини тўлиқ англаб етмоғимиз даркор. Соҳада таълим-тарбия жараёнини сифат жиҳатидан янада жонлантириш, унинг нафақат давр билан ҳамо-ҳанг бўлишини, балки замондан олдинда юришини таъминлаш, педагог кадрларни танлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг илғор усулларидан кенг фойдаланиш, таълим жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш, қисқа қилиб айтганда, ҳаётимизга катта куч бўлиб кираётган янги авлодимизни камол топтириш учун барча имкониятларимизни сафарбар этиш бугунги кундаги устувор вазифа саналади.

Азиз ва муҳтарам устозлар! Қадрли ҳамкасблар!

Дунёдаги энг шарафли ва машаққатли касб эгаси бўлган Сиз азизларни ва сизлар орқали барча таълим соҳаси фидойиларини 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман. Касбингиз камолини кўриб яшанг! Сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман!

Отабек Йўлдошов,

туман Халқ таълими бўлими мудири.

Янгиликни бўлишинг: