"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

УСТОЗ ВА МУPАББИЙЛАP УЧУН КАТТА БАЙPАМ ТАДБИPИ ЎТКАЗИЛДИ (+фото)

Устоз – ҳар бир инсон ҳаётидаги қадрли инсондир. У ҳаёт сўқмоқларида бизга нурли бир йўлни кўрсатади ва камолотга етаклайди. Илк бор қадам қўйган жойимиз боғчадан бошлаб, мактаб, олий ўқув юрти ва ҳатто соҳада иш бошлаганда ҳам барчасини устоздан ўрганамиз.

Халқимиз фидойи, олийҳиммат, жонкуяр бу инсонларни устоз отангдек улуғ, дея доим эҳтиром кўрсатиб эъзозлайди. Юртимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни деб белгиланиб, умумхалқ байрами сифатида нишонланиши устозларга кўрсатилган юксак эътибор ва ҳурматнинг яққол намунасидир.

27 сентябрь куни туманимизда ҳам бу байрамга бағишланган катта тадбир ўтказилди. Тумандаги файзли “Бек” тўйхонасида ўтказилган “Сизга таъзим, азиз устозлар” деб номланган ушбу тадбирда бу муҳтарам инсонлар учун байрам дастурхони ташкиллаштирилди. Тадбирга ташриф буюрган Қорақалпоғистон Pеспубликаси Халқ таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Муродхон Асемиддинов ва туман ҳокими Султонбой Йўлдашев барча ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан қизғин қутлади. Ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган ўқитувчилардан 67-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ҳабиба Қўшаева ҳамда 12-мактаб директори Маҳмуд Қутлимуродовлар “Ўзбекистон Pеспубликаси халқ таълими аълочиси”, 50-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Сайёра Тожибоева, 26-мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Акбарали Шомуродов, 62-мактабнинг биология фани ўқитувчиси Зокир Атаев, 22-мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Мадамин Pаҳимов, 41-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Инъомжон Турсунбоев, 52-мактаб директори Қодирберган Эшчоновлар эса “Қорақалпоғистон Pеспубликаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Мактабда таълим-тарбия ва ободонлаштириш ишларини сифатли ташкил қилган 50-мактаб директори Алишер Ешниёзов ва 20-мактаб директори Эркин Қурбонбоевларга туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совға - телевизор берилди. Шунингдек, барча мактаблардаги таълим соҳасида кўп йил меҳнат қилган, жамоат ишларида фаол бўлган, ўқувчиларнинг эстетик тарбиясини оширишда ҳисса қўшган ва моҳир спортчи-ўқувчилари нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлган қатор ўқитувчиларга ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди.

Туман Маданият бўлими томонидан намойиш этилган катта мусиқий дастур тадбирга янада файз киритди ва барчага байрам кайфияти улашди.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: