"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

Жайхун илҳомлари

ИФОPИ ТАPОНА

(Чокар ғазалига мухаммас)

Э, гўзал жоним, моҳи тобоним,

Шаккарафшоним, ширин забоним,

Сурсам давроним, келди замоним,

Э, меҳрибоним, моҳи жаҳоним,

Хуршиди соним, ороми жоним.

Соҳиби қудрат яратмиш хилқат,

Бир комил фитрат, бир пари сурат.

Менда не журъат, Сенда не сийрат –

Шамшоди қомат, хуршиди талъат,

Кони латофат, сарви равоним.

Кўрсам аҳёнда, ҳислар туғёнда,

Кўзим гирёнда, лолдир забон-да,

Қолсам зиёнда, ўтсам армонда,

Сендек жаҳонда маҳваш қаёнда

Йўқдир маконда будур гумоним.

Карам эт кам-кам, айлама мулзам,

Қултум суви ҳам мен учун зам-зам,

Этмасанг малҳам ҳаддимдур барҳам,

Сен била ҳамдам бўлмасам бирдам,

Кўйингда ўлсам, бўйнингда қоним.

Изн ўзингдин, юрсам изингдин,

Чангу тўзингдин, хонман сўзингдин,

Хилват тузингдин, шаккарезингдин,

Қош-у кўзингдин, ширин сўзингдин,

Ойдек юзингдин айлансин жоним.

Ҳар шому саҳар хаёлинг раҳбар,

Иддаонг магар – бошима афсар,

Чуст айлаб камар Турсун сафарбар

Э, моҳипайкар, хуршиди анвар,

Мен сенга Чокар, сарви равоним.

Турсунбой Абдуллаев.

Дадамни эслаб...

Дўстларингиз юрганида юролмай,

Бу дунёда бахтли даврон суролмай.

Армон қилиб, бўйимизни кўролмай,

Орамиздан эрта кетган дадажон.

Экин экиб ҳосилини теролмай,

Орзу қилган тўйларимиз беролмай.

Неварангиз қизиқларин кўролмай,

Орамиздан эрта кетган дадажон.

Айта олмай қолган не бир сўзингиз,

Кўз олдимдан кетмас босган изингиз.

Етим бўлиб ўсди ўғил-қизингиз,

Қайтиб келмас бўлиб кетган дадажон.

Кўзларим излайди, тополмас, толар,

Соғиниб юрагим дардларга тўлар.

Дастурхон ёнига келсак, баримиз,

Ўрнингиз бўш кўриб кўзимиз толар.

Мен қўшиқ куйладим, қўлимда созим,

Дадажон, қанчалаб мен шеърлар ёздим.

Ахир Сиз қўлимга қалам тутқазган,

Дадажоним менинг – азиз устозим.

Айдос Ибодуллаев.

 

ОИЛАМ

Дадажоним, дадажон,

Сиз жудаям меҳрибон.

Қувонтириб юрасиз,

Бўламан доим шодон.

Ойижоним, ойижон,

Сиз танҳосиз чиройда.

Сиздаги хислатлар йўқ,

Қаранг, ҳаттоки ойда.

Опажоним, опажон,

Бўлай оқила сингил.

Айтганингиз қиламан,

Юмуш бўлса ҳар қачон.

Акажоним, акажон,

Биттагина жонажон.

Ишин билиб қилади,

Ҳаммамизга меҳрибон.

Яна битта опам бор,

Эркалигим кўтарар.

Оилада мен кенжа,

“Кичкинтой” деб суярлар.

Мухлиса PАЖАБОВА, 12-мактаб ўқувчиси.

 

Тадбиркорлик замони келди

Меҳнат қилиб, боғлар яратиб,

Довруғини элга таратиб,

Дунё аҳлин ўзга қаратиб,

Ишлашнинг бир имкони келди,

Тадбиркорлик замони келди.

Қўлга олиб бутун имконни,

Бўлмасин деб хор-у зорликни,

Ўрганинг деб тадбиркорликни,

Юртбошимнинг фармони келди,

Тадбиркорлик замони келди.

Соғлом турмуш тарзини кўзлаб,

Инсонларнинг дардини сўзлаб,

Бой бўлишлик сирларин излаб,

Яшамоқнинг даврони келди,

Тадбиркорлик замони келди.

Бир нарсани икки қилай, деб

Топганингни юргин ҳалол еб.

Мўлдан бўлсин сандиғингда зеб,

Даврнинг омон-омони келди,

Тадбиркорлик замони келди.

Ўйлаб бугун барча ёшларни,

Термулган шу қалам-қошларни,

Билаклари эзар тошларни,

Ёшларнинг зўр имкони келди,

Тадбиркорлик замони келди.

Турсунбой Дўсчанов.

 

Эй ўғлон

Тунда юрма кундуз юр,

Ўғри бўлма тўғри бўл.

Бировга чоҳ қазима,

Адашмагин, ҳалол бўл.

Ватан танҳо, ягона,

Таъзим қилгин тупроққа.

Боболардан мерос бу,

Асра кўз-у қароқда.

Тўғри йўлдан юр доим,

Маслаҳатим кўп сенга.

Ёшгина умринг хазон,

Бўлмасин аро йўлда.

Хазон бўлма, янчилма,

Майсадек унгин-ўсгин.

Дарахт бўлгин боғларда,

Ширин мевалар бергин.

Номаълум кимсаларга,

Ихтиёринг бермагин.

Алдамчи кўчаларга,

Кириб хор-зор бўлмагин.

Ўқи, излан, ол сабоқ,

Тенгдошлардан ол ибрат.

Тонгларинг бўлгай порлоқ,

Марра сеники, албат.

Зуҳра Аҳмедова.

 

КАПАЛАК

Капалак, ҳой капалак,

Қанотларинг камалак.

Тутолмасдан мен сени,

Бўлдим-ку жуда ҳалак.

Энди тутдим, деганда,

Яна учиб кетасан.

Гулларимга қўниб сен,

Гўзал чирой берасан.

Фазилат Ҳайитбоева,

31-мактаб ўқувчиси.

 

ҲАЁТ

Ҳаёт бешафқатдир, дардларга тўла,

Кимга қайғу, кимнинг омади кулар.

Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам келади қўша,

Синов, машаққатли биз юрган йўллар.

Мен-чи, улкан йўлнинг бошида турган

Бандаман: Ўзингдан кутаман нажот.

Атрофимда изғиб, пайт пойлаб юрган

Балолардан омон, сақлагин ҳаёт!

Шаҳризода Муҳаммаджонова,

30-сонли мактаб ўқувчиси.

 

ТИЛАК

Кўча юзин супурар йигит,

Тозаловчи у, адашмасам.

Машинада лойни сачратиб,

Бир бойвачча ўтар тўсатдан.

Йигит шўрлик тутақиб кетар,

Қаҳри келиб қайнайди қони.

Ҳеч кимса йўқ уни овутар,

Сўкар ногоҳ, бир кам дунёни.

Юрагимни эзиб борар ғам,

Бориб уни юпатгим келар.

Супургисин олиб қўлидан,

Ҳаёт қадрин англатгим келар.

Шу боланинг кўнглидайин соф,

Менинг ушбу айтар тилагим:

«Бойваччанинг ўғлига инсоф,

Шу йигитга омад бер, Тангрим!”

Азиза МАДPАҲИМОВА.

 

ОНАЖОНИМ

Онажоним, азиз волидам,

Меҳрибоним суянчиғимсиз.

Кўзларимга нурсиз ҳар бир дам,

Мунис онам, сиз дилкашимсиз.

Болалигим қўмсайман мудом,

Алла айтган чоғларингизни.

Бўйларимдан айланиб доим,

Эркалатган онларингизни.

Сочларимни оҳиста тараб,

Майда қилиб ўриб қўйгансиз.

Бетоб бўлсам бошимни силаб,

Парвоналар бўлиб тургансиз.

Илм олдим, касбим ҳам бордир,

Ўғил-қизим, ёрим ҳам бордир.

Онажоним, сиз билан менга,

Бахт-у шодлик ҳамиша ёрдир.

Г.Бозорбоева,

73-мактаб ўқитувчиси.

 

ДЎСТИМГА

Менинг битта дўстим бор,

У жудаям меҳрибон.

Юрагида ўт-олов,

Енголмайди бизни ёв.

Унинг исми Шоҳинур,

Жудаям меҳрибон қиз.

Биргалашиб иккимиз,

Бўламиз катта юлдуз.

Бор бўлсин дўстлар ҳар он,

Дўстсиз қолмасин инсон!

Шоҳинай ШОМУPОДОВА.

 

Ўкситма, бу ўксик қалбимни

Ортингдан эргашган соянгдирман мен,

Қочмоққа ҳеч имкон тополмассан сен.

Ҳадя эт менга ёр, битта табассум,

Ғамларим қалбимдан буткул йўқолсин.

Орзулар уммони ичра яшайман,

Жонимдан ортиқ ёр, севсам нетай мен.

Кел энди ёнимга бир зум бўлса ҳам,

Сенсиз бу дунёнинг доим бири кам.

Қалбимда муҳаббат чақмоғи чақар,

Юракни бу севги азоблаб ёқар.

Кўзимдан дарёдек ёш қайнаб оқар,

Ўкситма бу ўксик қалбимни сен ҳам.

Ойсанам Тиловмуродова.

Янгиликни бўлишинг: