"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Кўнгилдаги иншо

Синфхона жим-жит. Ўқувчилар “Она – меҳрибон инсон” мавзусида иншо ёзишмоқда. Ўқитувчи болаларга бир-бир разм соларкан, нигоҳи орқа партада ўтирган Сардорда тўхтади.

“Қизиқ, –деб ўйлади муаллима аёл ичида. – Сардор бу мавзуда нима деб ёзар экан? Ахир ... унинг онаси йўқ-ку!”

Муаллима Сардорнинг шахсий ҳаётини яхши биларди. Тўғриси, онаси бор, ҳаёт, лекин у Сардорни гўдак пайтидаёқ номаълум сабабларга кўра дадасига ташлаб кетиб қолган. Сардор дадасининг қўлида тарбияланмоқда.

Нима қилганда ҳам аёл киши эмасми, муаллиманинг Сардорга раҳми келди: “шу мавзуда иншо ёзиш унга оғир ботмасмикан? Она меҳрини кўрмаган бўлса? Дастурда шу мавзуда иншо ёзиш бор экан, нима қилайлик энди...”

Сардор ўз хаёллари билан машғул. Телевизорда кўрганлари, одамлардан эшитганлари, китобларда ўқиганларини жамлаб, тасаввуридаги она қиёфасини оқ қоғозга туширмоқда: “Она дунёдаги энг меҳрибон инсон, – деб ёзарди у. – Она бизни дунёга келтирган, оқ ювиб-оқ тараб ўстирган. Доимо меҳрибон кўзлари билан боқади бизга. Қорнимизнинг тўқ, уст-бошимизнинг тоза бўлиши учун қайғуради. Эрталаб мактабга кузатиб қўяди, мактабдан келсак, яхши келдингми, болам, деб кутиб олади. барчага меҳрибонлик қил, яхши одам бўл, деб ўргатади...”

Сардор шу тарзда ёзаверди, ёзаверди...

Энди муаллиманинг кўзи ҳеч нарса ёзмай, чуқур хаёлга берилиб ўтирган Дилшодга тушди: “Ўйланиб ўтирганига қараганда кўп нарсани ёзса керак. Дилшодларнинг оиласи ишбилармон, тадбиркорлар оиласи. Савдо билан шуғулланишади. Бадавлат яшашади. Дилшод онасининг эркатойи. Нимани хоҳласа, шуни олиб беради. Қизиқ, у онаси ҳақида нималарни ёзаркан?”

“– Оналарнинг ҳаммаси ҳам меҳрибон эмас, – деб ўйлайди Дилшод, – мана, менинг онам – нуқул тергагани-тергаган. Мени яхши кўрмайди. Куни-кеча компьютер ўйнашга бораман, пул беринг, десам койиб ташлади. Уйда иккита компьютеринг бор, ўшаларни ўйна, эмиш. Бошқа болалар билан тортишиб ўйнамасанг, пулинг кўплигини кўрсатолмасанг, ўйиннинг қизиғи қоладими? Болаларни уйга олиб келиб компьютер ўйнайман десам, бузилиб қолади, деб бермайди. Қизғанчиқ! Мактабга дадамнинг машинасида ҳамманинг ҳавасини келтириб бораман десам, синфдошларинг билан пиёда боравер, деб мени тушириб, ўзи машинага ўтириб, кетиб қолади. Қараб турсин ҳали, катта бўлсам, “Каптива” оламан, мен ҳам уларни миндирмайман. Дадамдан яширинча пул сўрасам, бермади. У дадамни ҳам қўрқитиб қўлга олган. Шундай аёлни меҳрибон она деб бўладими?..”

Бир ҳафтадан кейин иншолар натижаси эълон қилинди. Ўқувчиларга ёзган иншоларига яраша баҳолар қўйилди.

Энг қизиғи, Дилшод бу мавзуда ҳеч нарса ёзмагани маълум бўлди. У ўқитувчининг саволига: “нима ёзишни билмадим”, деб ерга қараб тураверди.

Сардорнинг ёзган иншоси эса энг юқори баҳога муносиб деб топилди. Йўқ, Сардор бу иншони ёзмади. У, менинг онам бўлса, мана шундай аёл бўлади, деб гўдаклигиданоқ мудом кўнглида тугиб юрган буюк орзусини оқ қоғозга туширди, холос. Бу кўнгилда аллақачон тайёр бўлган иншо эди.

Ўрозали PЕЙИМОВ.

Янгиликни бўлишинг: