"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Қайнона бўлиш ҳам бахт!

Бувижонлар ўгити

Азиз қайнонажон, қайноналик бахти ва тахти муборак бўлсин! Бу бахтни Аллоҳнинг улуғ неъмати деб бил. Уйингга ўн тўрт кунлик ой бўлиб балқиб, бахт истаб ва тилаб келин келди. Келин қизни меҳр-муҳаббат билан қучоқ очиб кутиб ол!

Юраклари ҳаприқиб турган мунис қиз ўз ота-онасини, яқинларини ташлаб, бир умрлик бахт излаб, эгилиб хонадонингга қадам қўйди. Уйинг тўлди, бағринг тўлди. Қадамлари қутлуғ, ўғлинг билан йўллари улуғ бўлсин! Қайнона ҳам она эканлигини унутма. Бу келинни хизматкор, чўри деб эмас, аввало ўғлингнинг бағрини, кўнглини тўлдирувчи, севгувчи, суюкли набиралар билан оилангни чексиз қувончларга тўлдиргувчи мунис она деб бил. Ҳар кунги саломига шукур қилиб алик ол!

“Жоним қизим”, деб қиладиган ишларини айтсанг, меҳр кўрган қиз қувонч билан хизмат қилади.

Ҳар куни келин қизнинг юраги зириллаб туради: “қайси ишни эплай олмасам, синдириб ёки тўкиб қўйсам нима бўларкан?”, – деб. Ўша ҳолатда қайнона эмас, суяб тургувчи тоғ бўл, тарбия бергувчи устоз бўл.

Худо берса, ҳа демай келининг “бошқоронғи” бўлади. Албатта, иш қилишга мадори қолмайди. Қайнонажон, қайнама, шовқин кўтарма! Бу бахтдан масрур бўлиб, шукур қилиб болаларга суюнчи, ҳадялар тарқат. Негаки бу бахтни неча йиллаб интизор кутгувчилар бор.

Ким ёшлигида ёмон келин бўлса, келин олгач ёмон қайнона бўлади. Ёмон қайнона эса ой ўтиб-ўтмай “биз бундоқ эдик, нон ёпдик, кир ювдик, ҳозиргилар судралиб юради”, деб баттар ўсал қилади. Келинни айблашдан олдин қизимиз ҳам нимжон, камқон эканлигини ўйла. Ўзингнинг тинка-мадоринг қуриб бораётганини ҳисобга ол! Ойи-куни яқинлашганда “бола осон туғилади”, деб куннинг иссиғида нон ёптириб, сув ташитиб, набиранг, ўғлингнинг зурриёди нобуд бўлиб, уволига қолма.

Ҳар озорнинг Аллоҳдан жавоби ва сўрови бор. Худо етказиб бирин-кетин келинлар оласан. Энди тенг кўз билан қарашинг керак. Кичикларни авайлаб, каттасининг юкини оғир қилма, ҳурматинг кетади.

Қайнонажон, катта келиннинг кийимини олиб кичик келинга кийдирма. Тақинчоқларини ҳам олиб берма. Овсинлар орасида жанжал чиқишига сабабчи бўласан.

Келинларнинг онасидан совға-салом айтиб олма. Аллоҳ сен учун умрбод таъма эшикларини очиб қўяди. Ким нима олиб келар ёки берар, деб тўрт кўз бўлиб ўтасан.

Келинга ёмон лақаб қўйиб ҳақоратлама. Бир куни танишимнинг келини бир ўзи нон ёпаётган ва бу пайтда ёмғир ёғиб турган эди. Қўшнимиз ёрдамга борди. Қайнона чиқиб, жаҳл билан хамирни каналга ташлади. Ноннинг уволидан қўрқмади. Кўп ўтмай кўзи кўр бўлди. Кейинги келинларнинг хизматини кўриш насиб қилмади. Келинга ким беҳуда озор берса, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам озорлари борлигини ҳис қил. Аллоҳ ёмонликни ҳам, яхшиликни ҳам кўргувчи, лойиқ мукофотини бергувчидир.

Қайнона бўлиш ҳам санъаткорликни талаб қилади. Келинга озор етказма, хизматни чиройли қилади. Ўғлингни ҳеч қачон хатоси учун келин олдида, келинни ўғлинг олдида урушма. Алоҳида гаплаш.

Эринг билан ҳам жанжал чиқарма, хафа бўлсанг-да ҳурматини жойига қўй! Келинлар ҳар ҳаракатинг, сўзингдан ўрнак олади.

Келин билан она-бола бўлиб яшасанг, қандай яхши. Касал бўлиб қолсанг, ҳар томонга югуради, дори беради, оёқ- қўлингни силайди. Келинларингга опа-сингилдан ҳам яхши бўлинглар дегин. Овсинлар яхши бўлса, набираларинг иноқ, қон-қариндош бўлади. Нима эксанг, шуни ўрасан, деганлар, қариликнинг мевасини эксанг, Худога шукур, ҳосили мўл ва яхши бўлади.

Қайнонажон, набирага маҳалла томонидан бериладиган пулни зарурат бўлса ҳам олма, негаки бу пулни давлат бола учун беради.

Ўғлинг пул олиб келганда келиннинг улушини бер! Келиннинг ҳам эҳтиёжлари бор.

Мустақил оила бўлишга керагини олиб қўяверади. Келиннинг қўлида пули бўлмаса “онам олиб берди”, деган ёлғонлар кўпаяди, ёлғончилик бошланади. Бир қўшнимиз келинининг боласи учун оладиган нафақа пулини бермас, ҳатто бола касал бўлса дорига пул бермасди. Нима бўлди, кўч-кўронини олиб, ижарага чиқиб кетди. Келинни роса қарғади. Айбни ўзидан кўрмади.

Қайнонажон, ҳеч кимни, қудаларингни ҳам ғийбат қилма. Туҳматга гувоҳ бўлма, булар катта гуноҳлардир. Қайнонажон, эрингнинг қариндошларини ҳаргиз келинга ёмонлама, ўзингникини ҳам. Фарзандларингнинг қони-жони, яқини эрингнинг яқинларидир. Қора кунда сендан кўпроқ ғамга ботиб бел боғлаб тургувчилардир.

Қайнонажон,келиннинг кичик хатосини топиб, кўчада беҳаёларча бақирма, қарғама. Билгинки, ўзингни ўзинг шарманда қилдинг. Негаки, келин уйда йиғламоқда. Келиннинг юрагига меҳр эмас, тош тўлиб боради. Эртага бошинг ёстиқда, кўзинг эшикда бўлиб, тавбага келгунингча Аллоҳ касаллик бераверади. Қайнонажон, қўшнилар билан қариндош-дай бўл! Тансиқ таом пиширсанг, қўшнининг ҳаққини келиндан бериб юбор. Яхши- ёмон кунингда ёнингда кўмакдошинг, сирдошинг. Қудаларингни мақтаб-мақтаб уйингнинг тўрида қўй! Мансабига, бойлигига қараб ажратма, ҳурматинг кетади.

Қайнонажон, либосни очиқ, тор, калта кийма. Аёлнинг кўрки, ҳаёси рўмол бўлади, доимо бошингда рўмол бўлсин. Яқинда бир келин: “қайнонам рўмол ўрама, менга ўхшаб “модный” бўлиб юр, деб айтаяпти, ахир келин рўмол ўраши керак-ку”,– деди. Қаранг, у ҳаё қилмасликни келинига ҳам ўргатмоқда. Ҳаёсизда вафо йўқ, дейдилар.

Қайнонажон, намунали қайнона бўлиш учун тавба қилиб, ибодатда бўл! Аллоҳ сенга қийинчиликни енгиш учун сабр-тоқат беради. Хайр-эҳсон қилиб тур. Садақа келадиган балоларнинг олдини олади. Оила деган қаср умр давомида қурилади. Ана шу қасрнинг маликаси, сенсан. Бетакрор нақш – сайқал бериб борувчи наққош – моҳир устасан. Келин бўлғуси Султонбегим, малика, сенинг шогирдинг. Келинни авлодларга ҳам намунали бўлгувчи яхши қайнона қилиб тарбиялаш аёллик вазифангдир. Ана шундай солиҳа аёл бўлсанг, Яратгандан мукофотингни оласан.

Жонгилбика ҳожи PАҲИМ БОБОЖОН қизи.

Янгиликни бўлишинг: