"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8460.92 +1.84
  • 1 EUR = 9439 -62.05
  • 1 RUB = 131.06 +1.26

АҲМАД НАФАСНИНГ ЯНГИ ДОВОНИ

Туманимиз адабий муҳитида шоир ва ёзувчи Аҳмад Нафас (Нафасов)нинг ўзига хос ўрни бор. Аввало Аҳмад Нафас – маънавият фидойиси, ёш ижодкорларнинг севимли устози, туманда фаолият олиб бораётган “Жайхун илҳомлари” ННТнинг маҳоратли раҳбари сифатида кўплаб истеъдод ғунчаларининг кашф этилишида жонкуяр муҳаррир ҳамдир. Ана шу сермаҳсул хизмат жабҳаларидан ортиб ўз кўнгил мулкида ажиб бир бўстон яратаётган Аҳмад Нафас оғамизнинг қалбларни ром этгулик латофатли сўзи – шеърий гулшани, эҳтиром ва эъзозга муносиб фитрати борки, бу фитрат олами кенг ва ранг-баранглиги, маънавий-тарбиявий аҳамияти билан кўнгилларга манзур бўлса, не ажаб!

Зукко китобхонларимиз жуда яхши билишади: 2011 йилда Аҳмад Нафаснинг “Саломчи – менинг унвоним” бадиий-публицистик жанрдаги китоби нашрдан чиққан эди. Халқ удумлари, урф-одат ва анъаналари, ўзбек тўй-маросимлари ва уларда айтиладиган келин саломларининг жанр хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот берувчи бу асар кенг китобхонлар эътиборини қозонганди.

Аҳмад Нафас оғанинг навбатдаги китоби – “Келдим довонлар ошиб” бир неча кундан буён қўлдан-қўлга ўтиб ўқилаётганидан аёнки – китоб адабиёт мухлисларига манзур. Китобга хоразмлик машҳур қўшиқчи-шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ошиқ Эркин (Мадраҳимов) сўзбоши ёзганлар.

Тўпламдаги ғазаллар, Навоий ғазалига боғланган мухаммаслар, мустаҳзод ва маснавийлар анчагина пишиқ эканлигини эътироф этган Ошиқ Эркин оға (Мадраҳимов) таъбири билан айтганда: “бундайин китобга тартиб бермоқ, айниқса, Навоий ғазаллари руҳиятига мослаб тахсим боғлаш учун маҳорат ва билим керак”. Таъбир жоиз бўлса, Аҳмад Нафас оғамиз ана шундай билим ва маҳорат соҳиби.

Китобнинг биринчи қисмидан Аҳмад Нафас ижодининг турли йилларига мансуб шеърлар, ғазал ва маснавийлар, мухаммас ҳамда мустаҳзодлар жой олган. Ушбу назмий қисмдаги асарларнинг аксарияти она юрт, дўстлик ва муҳаббат мавзуларига бағишланган. Айниқса, Истиқлолни мадҳ этувчи шеърларида шоир кечаги кун билан бугунги нурафшон дамларни муқояса қилиб фахрланади. Ана шу фахр туйғуси ила ўзи умр бўйи ошиб ўтаётган довонлар залворини юрак-юрагидан ҳис этади. Шоир дилидаги қувонч сўзларга, сўзлар сатрларга, сатрлар эса маънавиятга ташна кўнгилларга жаранг беради.

Қурдик кошона, қасрлар,

Жаҳон лол қолар асрлар.

Унда бизларнинг келажак –

Яшар навқирон насллар.

Шижоат, суръатдир бу,

Бизларнинг қудратдир бу!

Ана шу суръат, ана шу қудрат шоир қалбига ҳаяжон, илҳом бахш этади ва бири-биридан дилбар шеърлар яралади. “Истиқлол мадҳияси”, “Ватанни севмоқ керак”, “Ўзбекнинг”, “Мустақиллик қасидаси”, “Келажак эгаларига”, “Мурожаат” каби етук, пишиқ-пухта шеърларда шоирнинг ўз сўзи жаранглаб, сатрларга зеб берган.

Шоирнинг аксарият шеърлари Махтумқули оҳангларида, яна бир туркум шеърлари эса бахшиёна усулда ёзилган. Навоий ғазалларига боғланган тахсимлар эса мухлислар қалбида Навоий даҳосига чексиз эҳтиром уйғотади. Аҳмад Нафас ижодининг ҳам тобора етуклик сари юксалаётганини англатади. Сабаби улуғ шоирлар ижодидан илҳомланиб, улар битган мумтоз мисралар мазмунига моҳиятан муносиб ва мос мисралар ила тахсим боғлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун аввало мумтоз адабиётни, хусусан Навоий ижодини мукаммал ўрганиш, тушуниш, ҳар бир сўз зарбини юракдан ҳис этиш керак. Аҳмад Нафас ана шу довонни забт этганлардан – Навоий лирикаси оламида яшаб, Навоийнинг тили ва дилини англаб, ўз лисонида қайта кашф эта олган ижодкор. Эътибор беринг:

Ўзни ким деб билсанг ҳам, Аҳмадо, гар бўлмаса дид,

Ёрнинг кўнглин овлар чоғи хато солар таҳдид.

Шудир менга муддао деб биров кўнглин қилмагин хит,

Навоий, сен киму, ишрат майи, билмасму сен ким, ит,

Агар қон ичса ҳам боши керакдур ўз ялоғинда.

Навоий ғазалига хос ички оҳанг, туроқ, вазн Аҳмад Нафас боғлаган тахсимда ҳам ўз ифодасини топган. Шу баробарида Навоий хулосаси билан Аҳмад Нафас чиқарган хулоса бири-бирини тўлдириб мухаммаснинг бадиий етуклигини таъминлаган.

Аҳмад Нафас бадиий адабиётни, адабий жанрларни пухта биладиган, ўзбек адабий тилини чуқур ўзлаштирган ижодкор. Узоқ йиллар ёш авлодга ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берган Аҳмад Нафас йиллар давомида ўз устида тинимсиз ишлагани ҳар бир сўз ва жумлани бошқаларга тақдим этишдан аввал ўз фитратида жило беришга интилгани боис, асарларини ўқувчиларга тақдим этишга ошиқмади. Ёзди, ёзаверди. Қайта-қайта сўз устида, иборалар, жумлалар устида ишлади. Ўз фикрини соғлом, ўзига хос, кўнгилларга манзур етказгунларича, Аҳмад Нафас имзоси билан то китоб ҳолида тартиб бергунга қадар шоир оғамиз ўз умрининг табаррук 60-довонидан ошиб 70 га томон залворли қадам қўйдилар. Ошиб ўтилган бу довонлар шоир Аҳмад Нафас билан адиб Аҳмад Нафас номи ўзи туғилиб ўсган бетакрор гўша – Қизилчоли – Куюккўпирдан ҳам анча олисларга, азим Хоразм-у Қорақалпоғистон адабиётсеварлари ҳузурига кириб борди.

Айниқса, Аҳмад Нафаснинг “Озод оғанинг хазинаси” номи билан китобнинг иккинчи қисмига зеб берган эсселари (кўпроқ хотира ҳикояларига ўхшаб кетади) кишини хаёлга толдиради. Нега дейсизми? Сабаби, биз атрофимиздаги замондошларимизнинг айрим ишларига оддийгина назар билан қараб, худди шундай бўлиши керакдай, ўша замондошимиз ўз вазифасини шундай адо этиши шартдай, эътибор бермаймиз.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, туманимиздаги сон-саноқсиз фотостудиялар иши билан суратчи Холбой оға Бобожоновнинг фаолияти ҳақида? Шунчаки турли хил маросимларда сураткашлик қилиб ўз ишини даромад топиш манбаига айлантириб олган суратчилар ким-у, Амударё туманида фотосаноатга асос солган, уни ривожлантириб, туманимиз тарихини суратларга муҳрлаб ўз хазина-архивини, демак, туманимиз ҳаётининг сурат-архивини яратган Холбой Бобожонов ким? Англадингизми!? Холбой Бобожоновнинг фаолияти ҳам жиддий тадқиқ этишга арзигулик суратлар архиви билан ниҳоятда қадрли.

Ана энди Аҳмад оға таърифлаган “Озод оғанинг хазинаси”га келсак, назаримда бу бадиий публицистикада ҳали қўл урилмаган янги мавзу.

Магнит тасмаларида, грампластинка, аудио ва видео ёзувларда муҳрланган халқимизнинг оташнафас ҳофиз-у санъаткорларининг ширали овозларини тебраниб-тебраниб тинглаймиз, оҳанглар оғушида сел бўламиз. Лекин вужудимизда ана шу ошуфталикни уйғотишда тиним билмай ишлаган овоз ёзиш студияси жонкуярлари ҳақида жуда кам ўйлаймиз, тўғриси, ўйламаймиз ҳам. Худди шундай бўлиши керакдай, тинглаймиз, завқланамиз, ҳаяжон билан санъаткордан ғойибона миннатдор бўламиз. Озод оға-чи? Ана шу мўъжизакор оҳангларни қалбларга жо этган, санъаткорнинг овозига, мусиқий тебранишларга жило бериб, қалбларга етказган Озод оғага, Озод оғаларга бирровгина “раҳмат!” – дея олдикми? Буни кўпинча унутдик...

Азизлар, Аҳмад оға ана шундай фидойилар меҳнатига дилимизда рағбат, меҳр ва эътибор уйғотаётир ўз эсселари билан.

Ҳатто овоз ёзиш бўйича бошланган илк қадамлар, бу мўъжизакор ускуналарнинг тарихи, халқимиз ҳаётида тутган ўрни, маънавий аҳамияти қанчалик катта эканлигини англатаётир. Демак, кундалик ҳаётимизда биз унчалик аҳамият бермайдиган касб эгаси, тиниб-тинчимас инсон, “Озод звукозапись” сингари фидойилар меҳнати туфайли халқимизнинг маънавият хазинаси бойиб бораверади.

Демак, ана шундай инсонларнинг борлиги қалбларимизга қувонч, ҳаётимизга зийнат бағишлайди.

Аҳмад Нафасга эса халқ ҳаётига дахлдор оддий, лекин хизмати, қилган ва қилаётган амаллари улуғ инсонлар меҳнати қадрини баланд тутгани ва бу мавзуни ҳокисорлик билан адабиётга олиб киргани, фахр ила, ҳурмат ва эътибор ила мадҳ этганлари учун PАҲМАТ деймиз.

Сўзим мухтасарида синчков ва зукко адиб, соҳирқалб шоир Аҳмад Нафас оғанинг навбатдаги довон сари қўймоқ ниятида бўлган қадамларига қувват, ижодий баркамоллик тилайман!

Азиз мухлислар, китоб жавонингизга янги асар қутлуғ бўлсин!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликни бўлишинг: