"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8584.5 +5.64
  • 1 EUR = 9673.87 +44.65
  • 1 RUB = 136.34 +1.48

БОШЛАНҒИЧ ХОТИН-ҚИЗЛАP ТАШКИЛОТИ – МУҲИМ ИЖТИМОИЙ ТУЗИЛМА

Шу кунларда хотин-қизлар қўмиталарининг бошланғич ташкилотларида умумий йиғилишлар ўтказилиб, ҳисобот ва сайловлар бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғилишларда хотин-қизлар орасида тадбиркорликни ривожлантириш, оила муносабатларини такомиллаштириш, таълим муассасаларида ўқувчи-ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини янада ошириш, уюшмаган хотин-қизлар ўртасида маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича ечимини кутаётган муаммоларни жойларига чиқиб ҳал этиш, диний экчтремизм ва гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича маданий-маърифий тарғибот ишларини олиб бориш бўйича бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилмоқда.

Туманимиздаги таянч умумтаълим мактаби ҳисобланган 40-сонли мактаб бошланғич хотин-қизлар ташкилотининг умумий йиғилишида ҳам юқоридаги каби қамрови кенг масалалар қизғин муҳокама этилди.

Аввало, бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Сайёра Тилавова Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Pеспубликасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” ҳамда 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонларидан келиб чиқадиган вазифалар ва бу Фармонларнинг амалий-ижросини таъминлаш бўйича ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот маърузаси қилди.

– Мактабимизда 79 нафар аёл-қиз ўқитувчилар ёшларга таълим-тарбия беришади, – деди у ўз ҳисобот маърузасида. – Демак, ташкилотимиз зиммасида 79 нафар аёл-қизларимизнинг соғлиги, ўз иш фаолиятини хотиржам адо этиши, ишдан ва ҳаётдан, энг муҳими, давлатимиздан рози ва мамнун яшашнини таъминлашга кўмаклашишдек масъулиятли вазифа турибди. Бу вазифани ким адо этиши керак? Албатта, биз – ҳаммамиз – педагог-аёллар.

Ҳисоботдан аёнки, ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишларнинг қамрови кенг. 1245 нафар ўқувчи таълим-тарбия оладиган мактабда ўтказиладиган маъданий-маърифий тадбирларнинг барчасида аёл-қизлар фаол. 615 нафар ўқувчи қиз болаларнинг юриш-туриши, ўқиши, жамоат жойларида ўзини тутиши қатъий назоратги олинган.

– Қиз бола – бўлғуси она, хонадон бекаси, – ўз фикрини изҳор этди, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Сайёра Жумамуродова. – Шунинг учун мактабимизда ўқувчи-қизлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор берилмоқда. “Қизларжон” клуби доимий ҳаракатда, “Ораста қизлар” тўгараги, турли фан тўгараклари аъзолари жуда фаол. Улар орасида шоира қизлар, билимлар беллашуви, фанлар олимпиадалари ғолиблари бор.

Ташкилотнинг фаол аъзолари бўлган аёл-қизларни моддий ва маънавий рағбатлантириш яхши йўлга қўйилган. Ҳар йили ўз соғлигини тиклаш, мароқли дам олиш истагида бўлган аёллар учун бошланғич хотин-қизлар ташкилоти мамлакатимизнинг хушманзара сиҳатгоҳларига йўлланмалар олишларида яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Бошланғич касаба уюшма ташкилоти билан мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Пенсионер ва хомиладор, ёш болали аёллар учун ҳам алоҳида имтиёзлар белгиланган. Яъни бундай аёл-қизлар навбатчиликка жалб этилмайди.

Мактаб бошланғич хотин-қизлар ташкилотининг ўз ҳафталик ва ойлик режавий тадбирлари бор. Унга кўра, ота-оналар комиссияси, бошланғич касаба уюшма ташкилоти, ёшлар ташкилоти ҳамда “Камалак” болалар ташкилотлари билан, шунингдек, мактаб – маҳалла – оила ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар эътиборга лойиқ.

Йиғилишида туман хотин-қизлар қўмитаси бошқарув Кенгаши аъзоси, “Тараққиёт кўзгуси” газетаси махсус мухбири Pобия Йўлдошева иштирок этди ва мактаб бошланғич хотин-қизлар ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар, айниқса, ўқувчи-қизларнинг одоб-ахлоқи, урф-одат ва анъаналар бўйича, хусусан, оммавий маданиятнинг баъзи кўринишлари ўқувчи-қизлар орасида ҳам кузатилаётгани, кийиниш маданияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда бошланғич ташкилот Кенгаши аъзолари томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг янги таҳриридаги Низоми лойиҳаси юзасидан таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, бошланғич хотин-қизлар ташкилотининг раиси туман хотин-қизлар қўмитаси конференцияга делегат ҳам сайланди.

Йиғилиш якунида кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

(Махсус мухбиримиздан)

Янгиликни бўлишинг: