"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

ЭЛ ТАНИГАН ФИДОЙИ

Ўтган асрнинг 80-йиллари охири. Собиқ СССP таркибидаги Pеспубликаларда нотинчлик ҳукм сурар, миллатчилик, демократик қўзғалишлар авж олган эди. Ана шундай таҳликали бир даврда, 1988 йилда умумтаълим мактабини тугатган Баҳодир ота-онасининг дуосини олиб, Волгоград давлат педагогика университетининг рус тили ва адабиёти факультетига ҳужжат топширди. Мактабда аъло баҳоларга ўқигани сабабли шу йилиёқ талабалар қаторидан жой олди.

Университет таҳсили қизиқарли, дарс берувчи профессор-ўқитувчилар ниҳоятда талабчан бўлишса-да, ўша давр руҳи талабалар ҳаётига ўз таъсирини ўтказган, айрим ёшлар орасида гуруҳбозлик, миллатчилик ғоялари ҳам тарқалиб улгурганди. Ана шундай таҳликали даврда университет педагогика жамоаси талабаларга сабр-тоқат ва зукколик билан таълим беришар, аълочи талабаларни доимий равишда рағбатлантириб туришарди. Баҳодир Болтабоев то университетни тугатгунга қадар устозларининг аълочи ва интизомли талабалари сафида таҳсил олди.

1993 йилда университетни имтиёзли тугатган Баҳодир ўзи туғилиб ўсган овулдаги 32-сонли мактабда ёш авлодга рус тили ва адабиёти фанидан дарс бера бошлади.

Ишчанлиги ва ташкилотчилиги билан назарга тушган Баҳодирни орадан 1 йил ўтиб – 1994 йилда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Амударё туман қўмитасининг умумтаълим мактаблари ташкилотлари бўлими йўриқчиси вазифасига тайинлашди.

Тиниб-тинчимас бу йигит билан гоҳо йўлда, гоҳо туман миқёсидаги йиғилишларда, баъзан эса йўлимиз бир бўлгани учун Манғит-Қипчоқ йўналишидаги автобусларда учрашиб қолардик.

– Фалон мактабда бундай тадбир бор, – таклиф қиларди доим. – Ҳамма мактабларда шундай тадбирлар ўтказаётирмиз. Биласиз-ку, ҳар хил бўлар-бўлмас оқимлар, мафкуравий хуружлар кун сайин авж олаётир, – куйиб-пишиб гапирарди Баҳодир. Унинг жиддийлик зоҳир бўлган юзида ҳеч ҳам ҳорғинлик сезилмасди. Замоннинг қалқиб турганини, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун бундай тарғибот-ташвиқот тадбирлари жуда муҳимлигини наинки таъкидларди, балки ўзи ана шундай тадбирларнинг ташкилотчиси ҳам эди ўша йиллари.

Ёшлар билан ишлашиш борасида катта тажриба тўплаган Баҳодир Болтабоев 23 ёшдаёқ, жуда қисқа фурсатда Ёшлар иттифоқи туман қўмитаси раҳбариятининг ишончини қозонди, туманимиз ёшлари орасида обрў-эътибор топди.

Орадан бир йил ўтиб, ташкилотчи ва ташаббускор бу йигитни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман қўмитасининг мафкура бўлими мудирлигига тайинлашди. Энди унинг фаолият кўлами янада кенгайди. Нафақат умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари, балки туманимизнинг барча тоифадаги ёшлари билан ишлашиш, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик, одам савдоси, оммавий маданият каби ёт ғоя ва иллатларга қарши курашиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшлар онгини турли хил мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш каби мавзулардаги маънавий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқот шаклидаги давра суҳбатлари ташкил этиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун шароитлар яратишдек қамрови кенг вазифалар ташаббускори ва ижрочисига айланди.

Ўша йиллари ўзим ишга қатнайдиган йўналишдаги автобусларда Баҳодирни жуда кам кўрардим.

Ҳеч эсимдан чиқмайди: бир куни ишдан анча кеч чиқдим. Манғит шаҳридан чиқаверишда, Манғит-Қипчоқ йўли бўйида йўловчи машиналардан бирига умид билан қўл кўтардим – тўхтади. Машинага чиқсам, олдинги ўриндиқда Баҳодир ўтирибди. Сўрашиб, омонлашдик.

– Кеча уйга боролмагандим. Иш кўп, ҳисоботлар вақти, пахта терими деганидек... Ота-онам жуда безовта бўлибди. Бугун ҳам кечикиб кетдим, – сиз ҳам кечга қолибсиз-да, дегандай гапирди у.

Ўша йиллари – 1994-1995 йилларда бозор иқтисодиётига ўтиш даври қийинчиликлари ёшлар ташкилотларини ҳам четлаб ўтмади. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман қўмитаси раҳбаридан тортиб, барча мутахассислари ҳам кун бўйи далама-дала юришар, ёшлар бригадаларини тузиб, пахта теримига жалб қилишар, ўзлари ҳам пахта теришар эди. Ҳориб-толиб даладан қайтган Баҳодир ўшанда кечалари қўмита офисида ўтириб, ўзи бошқарадиган мафкура бўлимининг ишларини бажарарди.

Фидойилик, масъулиятни ҳис қилиш, тиришқоқлик каби сифатлари боис у 25 ёшида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Амударё туман қўмитаси биринчи котиблигига сайланди.

1996-2002 йилларда “Камолот” жамғармаси, кейинчалик “Камолот” ЁИҲ туман бўлими Кенгаши раиси, 2002-2009 йилларда туман ҳокимлигининг ижтимоий масалалар бўйича бош мутахассиси, туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозимларида сидқидилдан хизмат қилди. Қайси вазифани адо этишидан қатъий назар, зиммасидаги масъулият ва бурчни чин дилдан ҳис эта олди ва атрофидагиларнинг ишончини қозонди. Қуйидан то юқоригача ўзи раҳбарлик қилган бўлимлар ва соҳалар фаолиятини чуқур ўрганиб, ўзига хос тажриба мактабини яратди. Кўплаб ёшларга устозлик қилди, ўнлаб шогирдлар тайёрлади. Унинг шогирдлари айни пайтда фан, таълим, маданият ва маърифат соҳаларининг билимдонлари, жонкуярлари сифатида эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилмоқда.

2009 йилдан буён шу кунгача туман ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари сифатида фаолият юритаётган Баҳодир Болтабоев гуруҳ тўғрисидаги Низомда кўрсатилган ижро интизомини мустаҳкамлаш, кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш учун номзодларни ҳар томонлама ўрганиш, кадрлар заҳирасини шакллантириш, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиш каби вазифаларни сидқидилдан адо этиб келмоқда.

Айни кунларда Баҳодирнинг хонадони шогирдлари, дўст-у биродарлари ташрифидан файзга тўлган. Ёшлар ҳаётига оид муаммоларни ҳал қилиш, ёшлар билан ишлашишда фидойилик кўрсатиш, истиқлол ғояларини янада мустаҳкамлаш, ёш авлод онгида ватанпарварлик, ўзаро меҳр-оқибат, интилувчанлик ва ташаббускорлик туйғуларини уйғотиш, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришдаги фидокорона хизматлари учун ҳамда мустақиллигимизнинг 27 йиллиги муносабати билан Баҳодир Болтабоев Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига кўра “Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган ёшлар устози” фахрий унвони билан мукофотланди.

Халқимизда шундай ҳикматли ибора бор: “Эл фидойисини эл танийди, ҳурмат қилади”. Эл таниб, ҳурмат қилган, меҳнатлари эътироф этилиб, Ватаннинг юксак мукофотига сазовор бўлган Баҳодир Болтабоевга бундан ҳам юксак унвонлар насиб қилишини тилаймиз!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: