"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

Почта алоқаси хизмати замон билан ҳамнафас ривожланмоқда

Тарихдан маълумки, чопарликка энг зукко, хотираси кучли ва сабр-тоқатли инсонларни саралаб олишган. Зеро, мактуб ва ҳар қандай жўнатилган нарсаларни ўз вақтида, аниқ ва безарар ўз эгасига етказиш уларнинг зиммасига юклатилган.

Бугунги кунга келиб уларнинг вазифасини почта тармоқлари бажармоқда. Эндиликда уларга билдирилган ишонч ва масъулият аввалгига қараганда бирмунча мушкул, десак муболаға бўлмайди. Сабаби ҳозирда маҳаллий ҳудудлардан тортиб, хорижий жўнатмалар ҳам сон жиҳатдан анча кўпайиб бормоқда.

Туманимиздаги “Ўзбекистон почтаси” АЖга қарашли Қорақалпоғистон филиали Манғит почта алоқа тармоғи ходимлари ҳам аҳолига беминнат ёрдамини бериб келишмоқда. Мазкур бўлимда 23 нафар ходим марказий алоқа бўлими ҳамда 9 та алоқа бўлимларида меҳнат қилмоқда.

Почта тармоғи бутун туман бўйлаб аҳолига хат-хабарлар, жўнатмалар, бандероллар, даврий нашрларга обуналарни ўз манзилига етказиш билан шуғулланмоқда. Қолаверса, пул ўтказмалари, халқаро жўнатмаларни ҳам қабул қилиб, эгаларига етказиш ҳам шулар жумласидандир.

“Тезкор почта”, “Курьерлик хизмати” каби хизматлар орқали жўнатилган хат-хабарлар, бандероллар 24 соат давомида республиканинг исталган манзилига ишончли тарзда етказилиши таъминланади. Умуман олганда, бундай масъулиятли вазифаларни туманимиз почта ходимларининг сидқидилдан адо этаётганлиги аҳоли эътирофига сазовор бўлмоқда.

Охунжон АБДУЛЛАЕВ,

газетанинг жамоатчи мухбири.

Янгиликни бўлишинг: