"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

БЮДЖЕТ МАБЛАҒЛАPИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ҲАМДА САPФЛАНИШИ ПАPЛАМЕНТ ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОPАТИДА БЎЛАДИ

2018 йил 22 август куни Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида қабул қилинган ушбу Қарор билан Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги тартиблари белгиланди.

Шунга асосан 2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизм жорий этилади.

2020 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланади. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этилишидан олдин мажбурий жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

2019 йил 1 январга қадар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар ва бошқа шу каби маълумотларни ўз ичига олган фуқаролар билан қайта алоқани ташкил этишни назарда тутадиган “Очиқ бюджет” ахборот портали ишга туширилади.

Эндиликда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари учун белгиланган вазифаларда туман (шаҳар)лар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан маҳаллий бюджетлар параметрлари ва ижроси ҳақидаги ҳисоботларнинг кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши жараёни оммавий ахборот воситаларида ҳар томонлама ёритиб борилади.

Шунингдек, эндиликда аҳоли ўртасида бюджет саводхонлиги ва бюджетнинг очиқлиги даражасини ўрганишга қаратилган тегишли сўровлар ўтказилади ва сўровлар натижаларига кўра, аҳолининг бюджет саводхонлигини ошириш учун техник кўмак жалб этилади, умумтаълим мактаблари учун оила бюджети ва давлат бюджети бўйича ўқув қўлланмалари яратилади.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг ушбу Қарори мамлакатимизда бюджет ҳақидаги маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигининг янада ошишига, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилишига хизмат қилади.

Улуғбек БЕКНИЁЗОВ,

туман Молия бўлими мудири.

Янгиликни бўлишинг: