"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Ғунчадан гуллар очилар

Кўнгил – чеки-чегараси йўқ дунё. Унинг бағри гоҳо тор, гоҳо кенг. Салгина қувончдан инсоннинг кўнгил дунёси тошқин дарёга айланади, меҳрга, қувончга ташна юраклар томон ошиқади бу дарё. Шу каби салгина ташвиш, ғам юки бу тошқин дарёни тўсади, қуритади ёки сўндиради. Дўрман овулида туғилиб-ўсган Сардорбек Кенжабоевнинг ўз кўнгил дарёси бор. Гоҳ тошқин, гоҳ жўшқин ва гоҳида сокин...

Ҳар бир инсон ўз кўнглида подшоҳ, дейдилар. Фикрлари ақиқдай сержило, ўйчан сўзлари, ўктам, дадил қадамлари кишини ҳайратга солгувчи Сардорбек Кенжабоев ҳам ўз кўнгил дунёсининг подшоҳи. У дилидаги орзусини ҳам, ғам-у ташвишини ҳам кўнгил амри билан инжа сатрларга маржондек тизишга интилади. Бу интилиш унинг шеърий машқларида яққол сезилади.

Илк шеърий тўпламини “Кўнглим қўшиқлари” деб номлаган Сардорбек Кенжабоевнинг ҳар бир сатрида она юртга муҳаббат, дўстларга меҳр, маънавиятга ташналик, ватанпарварлик туйғулари мужассамки, бу нафис шеърият, албатта ўз мухлисларини топишига ишонамиз.

Сардорбек ҳали жуда ёш, эндигина 15 ёшга қадам қўйди. Лекин шеърият бўстони аро қўяётган қадамларида дадиллик, ўзига нисбатан қатъий ишонч бор. Гарчи сатрларида бадиий жиҳатдан мукаммаллик етишмаса-да, машқларида ўзига хослик, кўнгилларга хуш ёқувчи гўзал ташбеҳлар бор.

Сардорбек айни кунда Дўрман овулидаги 20-сонли умумтаълим мактабида аъло баҳоларга ўқимоқда. У ўз кўнгил қўшиқлари билан шеърият шайдоларининг кўнгилларидан жой олишига ишонамиз.

Pобия Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: