"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

АЁЛНИ УЛУҒЛАШ —МИЛЛАТНИ УЛУҒЛАШ ДЕМАКДИP

Жамият ривожини аёл-қизларсиз, уларнинг иштирокисиз асло тасаввур қилиб бўлмайди. Адолатли жамиятда аёл ҳуқуқи энг олий, энг муқаддас ҳисобланади. Аёл ҳуқуқи, унинг эркинлиги, тенглиги энг муҳим масалалардан биридир.

Мамлакатимизда бу борада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Аёл ҳуқуқлари бўйича қонунчилик базаси шакллантирилди. Хотин-қизлар масаласи юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мухтасар айтганда, аёлга эҳтиром кўрсатиш — миллатга, мамлакатга, эртанги кунимизга, келажак авлодларимизга эҳтиром кўрсатишнинг бош мезонига айланди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакатимиз хотин-қизлари ҳаётида муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Бугунги кунгача Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 10 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, дастурлар тасдиқланди.

Мазкур Фармон билан мамлакатимизда хотин-қизларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, оғирини енгил қилиш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, истеъдодлари ва қизиқишларини рўёбга чиқаришларига имкон бериш ва муносиб рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. Шунга мувофиқ бевосита хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи тузилма бўлган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг қуйи тузилмаларининг таркиби, вазифа ва ваколатлари аниқ белгилаб берилди.

Бугунги кунда Хотин-қизлар қўмитаси 4 та устувор йўналиш асосида фаолият кўрсатмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ролини ошириш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга манзилли равишда ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган аёллар билан якка тартибда ишлаш каби йўналишларда иш олиб борилмоқда.

Иқтидорли, фаол ва ташаббускор хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш ва уларни оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга жалб қилиш борасида ҳам самарали натижаларга эришилмоқда. Жўқорғи Кенгес ва Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан ҳамда сиёсий партиялар туман Кенгашлари билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилиб борилмоқда.

Айниқса, ана шундай тадбирлардан бири туманимизда “Ёш оилалар ва қизлар” форуми доирасида бўлиб ўтган “Мен ҳам етакчи бўламан”, “Ким нимага қодир?” мавзусидаги маҳорат дарслари, “Оилам китоб ўқийди” акциялари аёл-қизларда катта таассурот қолдирди.

“Соғлом аёл – соғлом жамият” шиори остида ўтказилган аёллар спорт мусобақаларида 400 нафарга яқин турли соҳаларда меҳнат қилаётган аёллар ва уй бекалари иштирок этишди. Ғолиб бўлган аёлларга ташкилотчилар томонидан диплом, Фахрий ёрлиқ ва совғалар топширилди.

Туманимизнинг спортчи қизлари спортнинг мини футбол тури бўйича Ўзбекистон Чемпионатининг Қарши шаҳрида ўтказилган финал босқичида фахрли 2-ўринни эгаллади ва уларга Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ҳомийлар томонидан велосипедлар совға қилинди. Хотин-қизлар қўмитасида иқтидорли қизлар ва улардаги истеъдоднинг шакллантирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари қошида “Қизларжон” клублари фаолият олиб бормоқда. Клубларда ташкил этилган машғулотлар ўз вақтида ўтказилиб, барча қизларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Туман хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотларида, “Қайноналар” кенгашларида, “Қизларжон” клубларида, Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияларда жамоатчилик асосида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ва тумандаги давлат мукофотларига сазовор бўлган обрў-эътиборли, фаол аёллардан 500 нафари маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга жалб этилди.

Фаол хотин-қизлар томонидан оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар аниқланиб, уларнинг рўйхати шакллантирилди. Уларнинг бандлигини таъминлашга, имтиёзли кредитлар олишларига кўмаклашилди. 17 нафар ногиронлиги бўлган аёлларга Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ногиронлик аравачалари топширилди. 8 нафар ногиронлиги бўлган аёлларга тикув машиналари берилиб, касаначилик асосидаги иш билан таъминланди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод бўлиб келган 3 нафар аёл билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга маҳалладаги хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислар ва ҳудуддаги фаол аёллар масъул қилиб бириктирилди ҳамда ишга жойлаштирилди. Ундан ташқари, оғир шароитда яшаётган 11 нафар аёлнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. 11 та оилага туман Хотин-қизлар қўмитаси тақдимига кўра, туман ҳокимлиги томонидан кўмир, озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй-рўзғор буюмлари етказиб берилди.

Туман хотин-қизлар қўмитасининг сиёсий партиялар туман Кенгашлари, “Аёллар қаноти” фаоллари, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, таълим муассасалари, ННТларнинг туман бўлимлари билан ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилган. Хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам бериш мақсадида тасдиқланган режа асосида фаол аёллар ва ҳожи оналарни кенг жалб қилган ҳолда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Оламни Аёл меҳри тутиб туради. Аёл муҳаббати — ҳаёт мазмуни. Аёлни асрасак, эъзозласак — жамиятни, миллатни улуғлаган, ҳаётни қадрласак, унинг бардавомлигини таъминлаган бўламиз.

Марям АҲМЕДОВА, туман ҳокими ўринбосари,

Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Янгиликни бўлишинг: