"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

СЕPҚИPPА ВА ЖЎШҚИН ФАОЛИЯТ СОҲИБИ

Зиёлилар оиласидан етишиб чиққан туманимизнинг етакчи тадбиркор фермерларидан бири Эркин Pасуловнинг туманимизда, қолаверса, ўзи раҳбарлик қилаётган "Амударё-Панашам” фермер хўжалигида ҳурмати ва обрўси ғоят баланд. Негаки, у ҳар бир ишни пухта режалаштириб, ишга киришади. Ҳеч қачон наф бермайдиган, хом-хатала, пала-партиш ишларга қўл урмайди. Шошма-шошарлик, ҳовлиқмачилик ишнинг белидан тепишини, панд беришини яхши билади. "Ҳар бир ишни пухта ўйлаб бошлаш ва қойиллатиб охирига етказиш керак. Токи, қилган ва қилаётган ишингдан кўнглинг тўқ, ишончинг комил бўлсин. Бошқалар ҳам қойил қолсин, ҳавас қилсин”, - дейди у бу йилги қишлоқ хўжалик ишларнинг якунланиши арафасида.

Ҳа, у раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигида асосий ва етакчи тармоқ пахтачилик ҳисобланиб, ҳар йили пахтадан мўл ҳосил етиштирилиб, мўмай даромад олиб келинмоқда. Ҳар йилги олинаётган соф фойда эзгу ишларга йўналтирилмоқда. Масалан, 2011 ва 2012 йил якунлари бўйича олинган соф фойда ҳисобидан жаҳон бозорида юқори баҳоланадиган Польшанинг сут йўналишидаги 7 бош зотдор сигирлари сотиб олиниб парвариш қилинмоқда ва уруғлантиришнинг сунъий усулида кўпайтирилмоқда. Ҳозирги кунда бу зотдор сигирларнинг бош сони бузоқларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 20 бошга етди. Бинобарин, фермер хўжалигида эндиликда зотдор молли чорвачилик соҳаси бўй кўрсата бошлади. Бу эса фермер хўжалигининг кўп тармоқли фермер хўжалигига айланаётганидан дарак беради. Шу жумладан, пахтачилик, ғаллачилик пиллачилик, асаларичилик ва чорвачилик соҳалари бир маромда йилдан йилга ривожланмоқда.

Дарвоқе, мазкур "Амударё-Панашам” фермер хўжалиги аслида 1976 йилда ташкил топган асаларичилик хўжалиги негизида бўй тиклади. Ўша 1970 йиллар охири ва 1980 йиллар давомида асаларичилик хўжалиги асаларичилари ҳар йили 65 тоннадан 80 тоннагача сифатли асал ва асал маҳсулотлари етиштириб, Ўзбекистон Pеспубликасида донг таратган эди.

- Бу муҳим тармоқни келгусида янада ривожлантириш режаларини тузиб қўйганмиз. Айни даврда ҳар йили 1000 та асалари уясидан, яъни оиласидан 8 тоннадан зиёд асал ва асал маҳсулотлари етиштириб эл дастурхонига ҳадя қилмоқдамиз. Асаларичиликнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаб, бу шифобахш маҳсулотларни кўпайтириш имкониятларини ишга соламиз, - дейди тадбиркор фермер Эркин Pасулов.

У аслида мана шу асаларичилик хўжалигининг "нонини еб тиши чиққан” мутахассисдир. У 1980 йилда, яъни, асаларичилик хўжалигининг айни ривожланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республикада етакчи ўринни эгаллаган даврида хўжаликка асаларичи ишчи бўлиб ишга кирди. Ишнинг кўзини билиши, меҳнатсеварлиги туфайли кейинчалик хўжаликда механик, муҳандис бўлиб ишлади. 1990 йилда собиқ Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг иқтисодчи-ҳисобчи факультетини ишдан ажралмаган ҳолда муваффақиятли битириб чиқди. 2006 йилдан эътиборан "Амударё-Панашам” фермер хўжалигини бошқариб келмоқда. Ўзидаги қишлоқ хўжалик тармоқларини яхши билиши, ишнинг кўзини билиб қунт билан ишлаш қобилияти туфайли фермер хўжалиги тумандаги кўп тармоқли етакчи фермер хўжалиги сафида бормоқда.

- Ҳар йилгидек бу йил ҳам пахтадан мўл ҳосил етиштирдик. 92 гектар пахта майдонидан 300 тоннадан зиёд юқори навли пахта ҳосилини давлат хазинасига етказиб бердик. Пахтадан олган даромадимиз ҳам 300 миллион сўмдан ошди. Ҳали пахтазорларимизда ҳосил анча бор. Йиғим-терим ишларида ҳар куни 140-150 теримчи фидойи меҳнат қилмоқдалар. Оқилжон Ҳайитбоева, Бахтигул Эрлапасова, Гулора Худойберганова, Гуландом Қўшимова, Акмал Олламберганов ва Pавшаной Туримбетоваларнинг ҳар бири мавсум бошидан буён 7-8 тоннадан пахта териб топшириб "оқ олтин” хирмонимизнинг юксалишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Пахта йиғим-терим ишлари билан бирга келгуси йил ҳосили учун замин ҳозирлашга киришмоқдамиз. Биринчи навбатда 14 гектар ерга кузги буғдой экиб, текис ниҳол ундириб олдик ва тўла гектарлар ҳосил қилдик, - дейди ишбилармон тадбиркор фермер Эркин Pасулов биз билан суҳбатда.

Узоқни кўзлаб, аниқ, пухта режалаб иш тутиш Эркин Pасуловга хос хусусиятдир. Бу балки раҳматлик отаси, туманимиз маорифини ривожлантиришга, ёш авлодга таълим-тарбия бериш ишларини такомиллаштиришга, мактаб таълимини давр талаби даражасига кўтаришга салмоқли ҳисса қўшган, ҳаётини халқ таълимини тараққий эттиришга бағишлаган, чорак асрга яқин собиқ Фурқат номли, ҳозирги 4-сонли умумтаълим мактаби директори бўлиб ишлаган фидойи, жонкуяр маърифатчи марҳум Абдураҳмон ака Pасуловдан ўтган яхши хусусиятдир. Дарвоқе, Эркин Pасуловнинг онаси Шарифа опа Олланазарова ҳам ҳаётини халқ таълимига бағишлаган, қирқ йилга яқин 1-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқувчиларига "Алифбо”ни ўргатган ажойиб педагог, болалар қалбининг заргари бўлди. У саккиз нафар фарзандни дунёга келтирган мўътабар она, эллик нафарга яқин невара-чевараларнинг бувисидир.

Бундан икки-уч йил олдин бутун ўй-хаёлини банд этган янги ғоя-туман аҳолисини парҳез товуқ гўшти билан таъминлаш ғояси амалий лойиҳа режага айланди ва ўтган 2012 йилдан бошлаб бу янги лойиҳани амалга оширишга киришиб, "Асакабанк”дан 130 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олди. Бу кредитнинг 91 минг доллари Pоссиянинг Питегорскийсельмаш заводидан замонавий товуқ ферма ички жиҳозлари ва электрон асбоб-ускуналарини сотиб олиш учун, 39 минг доллари Нижне-Новгород заводидан бройлер товуқлар учун махсус омухта ем тайёрлайдиган цех асбоб-ускуналарини сотиб олиш учун йўналтирилди. Ҳозирги кунда ҳар иккала заводдан мутахассислар келиб "Чойкўл” овули ҳудудида жойлашган "Ферма овул”даги янгидан реконструкция қилинган бройлер товуқ асрашга мослаштирилган иншоотда териб тузиш-монтажлаш ишларини ниҳоясига етказишмоқда. Яқин кунда бу янги қирқ минг бош бройлер товуққа мўлжалланган ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилади ва ҳар бир ишлаб чиқариш босқичида 65-70 тонна парҳез товуқ гўшти савдо расталарига жўнатилиб, элимиз дастурхони янада бойитилади. Бу янги корхонада янгидан 15-16 иш ўрни яратилиб, маҳаллий аҳолининг бандлик масаласи бирмунча бўлса-да ҳал қилинади.

Кейинги йилларда сув ҳавзаларида ва дарёмизда сув ресурслари ҳамда заҳираларнинг камаяётганлиги натижасида балиқлар ҳам камайиб бормоқда. Негаки, балиқлар сув билан тирик. Бундан 50-60 йил илгари Амударёмизда кўп учраб турадиган 100 килограммдан 200 килограммгача вазндаги йирик-йирик лаққа балиқларни эндиликда топиш қийин. Ҳозирги кундаги балиқчилар дарёмиздан ҳар бири 5-6 килолик балиқ тутса, жуда хурсанд бўлишади. Манғитдаги, Нукусдаги ва бошқада шаҳарлардан балиқ бозорларида сотилаётган балиқларнинг асосий қисмини ҳали ўсиб улғайиши керак бўлган ёш балиқлар ташкил этади. Бунинг устига балиқларнинг бозордаги нархи осмонда. Масалан, ҳар бири зўрға 2-3 килограмм келадиган лаққа балиқнинг бир килоси 16-17 минг сўм. Сазан балиқники 8-10 минг сўмдан. Буни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди. Балиқ заҳиралари камайиб, бунинг устига майдалашиб бораётгани сари аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талаб-эҳтиёжлари ҳам ошиб бормоқда ва бизнинг бугунги шароитимизда балиқдан тайёрланадиган овқатлар жуда камайиб ниҳоятда тансиқ таомга айланмоқда. Демак, бугунги кунда тобора танқис бўлиб бораётган балиқларни кўпайтириш учун табиий кўллардан унумли фойдаланиш зарур. Имкони бўлса сунъий ҳовуз ва кўллар қаздириб, балиқларни кўпайтириш ҳар бир тадбиркор фермер вазифасига айланиши керак.

- Балиқ танқислигини ҳисобга олиб фермер хўжалигимизда катта ҳовуз қаздирдик ва умумий салмоғи бир тоннага яқин, яъни, бир миллион донага яқин майда чавоқларни ана шу ҳовузга қўйиб юбориб парвариш қилмоқдамиз, етарли миқдордаги озиқ-овқатларини бермоқдамиз. Худо хоҳласа келгуси йил кузда бу чавоқлар ўсиб улғайиб, истеъмол қилишга яроқли балиқлар бўлиб етишади, - дейди тадбиркор фермер Эркин Pасулов. Унинг гапида жон бор. Қиладиган ишни барвақт амалга оширган яхши эмасми? Қанийди, ҳамма фермерлар ҳам халқимизнинг талаб-эҳтиёжларини қаноатлантириш учун жон куйдиришса, фидойилик кўрсатишса.

Ишбилармон тадбиркор Эркин Pасуловнинг сермазмун ва жўшқин ҳаёти ҳамда серқирра меҳнат фаолиятига бўлган қизиқишимиз тобора ортиб борарди. Эндиликда унинг оилавий ҳаёти ҳам бизнинг қизиқиш ва диққат эътиборимиздан ўрин олди. У катта хонадон сардори, бир ўғил тўрт қизнинг отаси, етти нафар неваранинг буваси. Pафиқаси Хосият Иброҳимова мана шу қоракўзларнинг ҳам меҳрибон онаси, ҳам бувисидир. Унинг савдо-сотиқ ишларига қобилияти борлиги боис хусусий дўкон очиб, асосан озиқ-овқат маҳсулотлари билан харидорларни хурсанд қилмоқда. Улар ўттиз йилдан буён тотув яшаб, ҳаёт қувонч ва ташвишларини баҳам кўриб, оилада оғизбирчилик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат муҳитини шакллантириб, комил фарзандларни тарбиялаб камолга етказмоқдалар. Тўнғич фарзанд Ғуломжон Pасулов Тошкент иқтисодиёт университетини муваффақиятли битказиб келгач туман давлат солиқ инспекциясида масъул ходим бўлиб хизмат қилмоқда. Қизлари Нодира ва Гулноралар туман тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб, беморлар дардига малҳам бўлмоқдалар. Моҳира Pасулова Манғит қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ўқувчи ёшларнинг жисмоний тарбияси ва спорт ишлари билан шуғулланади. Энг кенжа фарзанд Шоҳида Pасулова мазкур касб-ҳунар коллежида таҳсил олмоқда. У келгусида буваси ва бувиси каби машҳур ўқитувчи бўлишни орзу қилади. Биз уларнинг барча ширин орзулари ва эзгу ниятлари рўёбга чиқишини тилаб қоламиз.

Қобул ШОМУPОДОВ. 

(Фото - http://www.publika.uz)

Янгиликни бўлишинг: