"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

ОЗОДЛИК, БАХТ, ИҚБОЛ ТАНТАНАСИ

Мустақиллик байрами кенг нишонланди (Фотогалерея, 1-қисм)

Мустақиллик байрами кенг нишонланди (Фотогалерея, 2-қисм)

Мустақиллик! Халқимиз учун миллий давлатчилигини, ўзлигини, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматини тиклаш, урф-одат, анъаналарини, муқаддас динини, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш ва уларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш борасида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган имкониятларни берган бу улуғ ва муқаддас неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Босиб ўтилган 27 йиллик оғир ва машаққатли давридаги эртаги кунимизга юксак ишонч билан амалга оширилган эзгу мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатлар бугун бизга озод, обод ва фаровон, инсон шаъни-қиммати юксак тутилувчи бахтиёр замонга етказди.

Шу боисдан ҳам ҳар йили мамлакатимиз мустақиллиги куни – 1 сентябрь бутун юртимиз бўйлаб улкан тантана қилинади. Миллий байрамимиз шукуҳи кириб бормаган хонадон қолмайди.

Шу йилнинг 29 августида Амударё туманида ҳам “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида улкан театрлаштирилган байрам томошалари бўлиб ўтди. Аввало ўз овул, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида истиқлол тантаналарини нишонлаб, бу кун туман миқёсидаги байрам намойишига ташриф буюрувчиларнинг барчасининг кўзларида қувонч, тилларида шукрона.

Ўрта Қалъа овулининг Вахум аҳоли пунктида жойлашган ўйингоҳ байрам томошасига ошиқаётганларни ўз бағрига чорламоқда. Ўйингоҳнинг ўзига хос безатилиши ҳам киши руҳини кўтариб юборади. Ўйингоҳнинг гуллар қулф уриб турган киравериши жорий йилимизнинг ўтган даврида амалга оширилган улкан бунёдкорликлар акс этган баннерлар, чақириқлар, байроқлар, шарлар билан безатилган.

Байрам томошаларига таклиф қилинган расмий меҳмонлар нон-туз билан қарши олинди. Улар туман ҳокими С.Йўлдашев бошчилигида дастлаб туманимиз фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасини томоша қилдилар.

Ҳар бири ўз олдига ўтов тиклаб, ўз маҳсулотларини пештахталарга дид билан териб қўйган ҳеч бир овул, маҳалла деҳқонлари кўргазмасига қойил қолмай илож йўқ.

Ҳа, бу – бугун Аму эли фермерлари фақат деҳқонгина эмас, дунё тажрибасини ўрганиб, ўз фаолиятига татбиқ этаётган, деҳқончиликни илмий асосда ташкил этаётган уддабурон, ишбилармон эканлигини мана шу кўргазма ҳам исботлай олади.

Азиз меҳмонлар туманимиз ҳунармандлари намойиш этган маҳсулотларни ҳам қизиқиб томоша қилдилар.

Ўйингоҳда йиғилган томошабинлар расмий меҳмонларнинг ташрифини қарсаклар билан олқишладилар, мусиқий чорлов янгради.

Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев йиғилганларни, бутун туманимиз халқини халқимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқарган Мустақиллик байрами билан қизғин қутлади. Табрикдан сўнг мамлакатимиз мадҳияси янгради. Ўйингоҳда саф тортган ўқувчи-ёшлар, санъаткорлар кўнгилларида оламга фахр, ғурур билан мадҳиямизни олқишладилар.

Байрам шодиёнасини “Офарин” фольклор этнографик халқ жамоаси аъзолари “Байрам шодиёнаси” куйи билан бошлаб бердилар.

Тантанада шунингдек, “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли, ўзбек миллий асбоблар ижрочи созандаларидан ташкил топган чолғу ансамбли ҳамда туманимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган маданият марказларидаги ҳаваскорлик тўгараклари аъзолари ҳамкорликда тайёрлаган улкан театрлаштирилган байрам томошасидаги қўшиқлар, композицион чиқишлар, саҳна кўринишларининг барча-барчасида истиқлолимиз, истиқлол туфайли эришган дориломон кунларимиз, юртимизда эзгу ниятлар билан амалга оширилаётган бунёдкорлик, тараққиётимиз акс этди.

Туманимиз спорт шарафини юқори кўтараётган спортчиларнинг чиқишлари, шунингдек, миллий спорт мусобақаларини йиғилганлар завқ билан томоша қилдилар.

Эрк, озодлик! Бу бебаҳо неъматлар инсон бахт-саодати учун нақадар муҳим эканлиги мустақилликнинг 27 йилида эришилган асрларга татигулик юксалишларда ҳам аён. Ўтказилган байрам томошаси буни қалбларимизга янада теранроқ жойлади.

О. PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: