"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ЕТУК ВА БАPКАМОЛ АВЛОДНИ ТАPБИЯЛАШ – БОШ МАҚСАДИМИЗ

Билим дунёси мактаб остонасидан бошланади. Унга илк бор қадам қўйганданоқ, ҳар бир бола бу дунёнинг ғаройиблигини ҳис қилади ва ундаги сиру-синоатларни кашф қилишга интилади.

Мана шундай улуғ даргоҳлардан бири бўлган 40-сонли умумтаълим мактабимизда бугунги кунда 84 нафар ўқитувчи 1 минг 250 нафардан зиёд ўқувчига таълим ва тарбия бериб келмоқда. Ўқитувчиларнинг 80 нафари олий маълумотли, 6 нафари олий тоифали педагоглардир. Бу йил мактабимизда 3 та 11-синф ва 3 та 10-синф ташкил этилган бўлиб, 11-синфларда 77 нафар ўқувчи, 10-синфларда 92 нафар ўқувчи ўқишни давом эттирадилар.

Мактабимизда барча фанлар бўйича дарслар ноанъанавий ва анъанавий усулларда, янги педагогик технологиялар асосида олиб борилади. Ўқувчиларнинг қизиқишлари ва қабул қилишларига қараб танланаётган дарс ўтиш услублари ўзининг ижобий самарасини бериб, мактабимиз нафақат туман миқёсида, Қорақалпоғистон ва мамлакат миқёсида ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритмоқда.

2017-2018 ўқув йилида “Билимлар беллашуви”да мактабнинг 31 нафар ўқувчиси фаол иштирок этиб, ўртача 82,8 балл тўплаган ҳолда, ўртача самарадорлик бўйича туман босқичида биринчи ўринни эгалладилар.

Ўз салоҳиятини кўрсатган ўқувчиларимиздан она тили фани бўйича 5-синф ўқувчиси Матлуба Матчонова иккинчи, 6-синф ўқувчиси Дилноза Бозорбоева биринчи, рус тили фанидан 6-синф ўқувчиси Мавжуда Ўтамуродова иккинчи, 8-синф ўқувчиси Камола Камолова учинчи, инглиз тили фани бўйича 7-синф ўқувчиси Коммуна Pажаббоева иккинчи, математика фанидан 7-синф ўқувчиси Шоҳруҳ Йўлдошев иккинчи, биология фанидан 7-синф ўқувчиси Гўзал Собирова учинчи ўринларни қўлга киритдилар.

Мактабимизнинг 8-синф ўқувчиси Зебунисо Жононбекова кимё фанидан туманда биринчи, Қорақалпоғистонда иккинчи ўрин соҳибаси бўлди.

Фанлар олимпиадасида 9-синф ўқувчилари Маҳбуба Ўтамуродова биология фанидан, Моҳира Шукуруллаева физика фанидан, Муқаддам Худойберганова кимё фанидан туманда биринчи ўринни олдилар. Маҳбуба Ўтамуродова ва Моҳира Шукуруллаевалар мактаб ўқувчилари орасида ўтказилган Инновацион олимпиадада ва Фанлар олимпиадасининг Қорақалпоғистон босқичида фахрли иккинчи ўринни эгалладилар.

10-синф ўқувчилари Тўлғоной Саъдуллаева биология, Барно Муродбоева кимё, Охунжон Собиров она тили фанидан туман ва Қорақалпоғистон босқичларида қатнашдилар.

Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасида шахмат бўйича беллашган мактабимизнинг 10-синф ўқувчиси Азиза Ўринбоева Қорақалпоғистон чемпиони бўлди ва олтин медаль билан тақдирланди. Бокс бўйича ўтказилган мусобақаларда ўз маҳоратини кўрсатган ўқувчимиз Амирбек Ғаффоров ҳам Қорақалпоғистон босқичида 1-ўрин ғолиби бўлди.

Мактабдаги Меҳрибон Pаҳимова, Pаҳим Ўрозимбетов, Pаъно Нурматова, Зулфия Дўстлиева, Амина Алланиязова каби тажрибали устозлар қаторида ёш ва иқтидорли, яқинда иш бошлаган, чуқур билимга эга ўқитувчиларимиздан математика фани ўқитувчиси Шерзод Аширов “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловида туманда биринчи, Қорақалпоғистонда иккинчи ўринни қўлга киритди.

Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Иқболой Юсупова эса Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан ўтказилган “Ёш китобхон” танловида 20-30 ёшдагилар тоифасида иштирок этди ва танловнинг туман босқичида 1-ўринга эга бўлиб, Иттифоқнинг туман Кенгаши томонидан планшет билан тақдирланди. Шу танловда ўз ёш тоифасида иштирок этган ўқувчимиз Охунжон Собиров 2-ўринни қўлга киритди.

Мактаблар ўртасида ўтказилган “Китобхон мактаб” танловида мактабимиз жамоаси туманда 1-ўрин, Қорақалпоғистонда эса 3-ўринни эгаллаб, “Ёш китобхонлар” танловининг туман ва Қорақалпоғистон босқичлари ғолиби бўлдилар.

Мактабда тарбияга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, маънавий-маърифий мавзуларда семинар-тренинглар ташкил этиб келинмоқда. Семинар-тренингларга ўқувчилардан ташқари, ота-оналар ҳам жалб этилиб, асосан оиладаги тарбия, ота-онанинг ўрни, ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, ўсмирлар руҳиятидаги ўзгаришлар, “оммавий маданият” таъсиридан сақлаш, касбга йўналтириш каби мавзулар бўйича маърузалар ва савол-жавоблар ўтказилиб борилмоқда.

Ободонлаштириш ва саришталикка эътибор қаратиш ҳам тарбиянинг бир бўлаги. Ўқувчилар бўш вақтларида фойдали меҳнат билан шуғулланиб, мактаб атрофидаги ўзлари ўтқазган кўчат ва гулларни парваришлайди. Мактабимизда “Устозлар боғи” барпо этилди. Ўқитувчилар томонидан ўтқазилган 100 дан зиёд кўчатлар ҳозир ҳосилга кириб, мева бермоқда. Ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг мактабимиздаги етакчиси Pавшан Pейимов ва 9-синф битирувчилари ташаббуси билан “Ёшлар боғи” ҳам ташкил этилди.

Биз педагог-ўқитувчилар ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук, комил инсонлар қилиб тарбиялашни мақсад қилганмиз ва буни амалга ошириш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимни Мустақиллик байрами ва Билимлар куни – янги ўқув йилининг бошланиши билан чин дилдан табриклайман!

Санобар ХЎЖАМУPОДОВА, 40-сонли мактаб директори,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

Янгиликни бўлишинг: