"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

АЗИЗИМ ВАТАН!

Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига

Гул атрин таратган чаманларингни,

Бағрингни тўлдирган маъданларингни,

“Онажон!”, - деб турган забонларингни,

“Жоним!” – деб эврилган санамларингни,

Қизғонаман Ватан, шамоллардан ҳам!

 

“Бир юз ўттиз миллат, ўн минг маҳалла, -

десалар,- яшайди шунча аҳил-а!”

Ўғлонлар майдонда курашган палла,

“Қайдан бу куч-қудрат, тотувлик?!”, - дея

Ҳайратдан лол-у лол кўнгиллардан ҳам!

 

Марказий Осиё аро сайилгоҳ –

Тинчлик базмин қурган муқаддас даргоҳ.

Дунё йўлларида порлаб турган моҳ –

Ўзбекистон, ўзинг Денгиз, бандаргоҳ!

Худойим, асрагин, заволлардан ҳам!

 

Тоғларинг мустаҳкам камар белингга,

Ҳар зарра тупроғинг самар элингга.

Боқсам, завқим келар далаларингга,

Кўз тегмасин қадри буюк йўлингга.

Тилайман, асра ёт хаёллардан ҳам!

 

Кездим, қадам етган қанча элларни,

Тинчлик, деб эгилган қадд-у белларни.

Кўриб, ер талашган сўқир дилларни,

Ватанлари тўз-тўз соқов тилларни.

Ё Pаб! Асра, дедим гунг-у лоллардан!

 

Ғанимлар мўралар қай пучмоқлардан,

Жаҳолат бурқсиган ўт, ўчоқлардан.

Фитналар болалаб ётган ёқлардан

Ватан, дийдорингга ташна “оҳ!”лардан,

Асрагин худойим, даллоллардан ҳам!

 

Кўксингга бош қўйсам – Онамсан, Ватан,

Салобатли, фозил Отамсан – Ватан.

Азизим, ягонам, жонажонимсан –

Саждагоҳим ўзинг, Каъбамсан, Ватан!

Юксал, яна юксал, минг йиллардан ҳам!

 

Боқсам, тўрт томонга – базм-у тантана,

Халқингга оқибат – мангу анъана.

Эшиклар ланг очиқ, қутлуғ остона –

Ватан! Ўзинг бугун зўр меҳмонхона!

Балки қувват олдинг дуолардан ҳам!

 

Қадду камолингдан этиб ифтихор,

Шукроналар айтдим такрор ва такрор.

Дедим, тинч, осуда, мангу бахтга ёр,

Энг азиз, ягона, жонажон диёр –

Ватан! Ўзинг аъло, аълолардан ҳам!

 

Яҳудий ё ўрис, ё туркий демай,

Дин-у тил, эътиқод ёки ирқ демай.

Бир-бирин қўлидан тутиб, камситмай,

Бағрини кенг очган жоним онам-ай –

Ўзбекистон! Юксал, ҳилоллардан ҳам!

 

Pобия, мадҳингга лойиқ сўзим йўқ,

Ўз ерим, ўз ноним - мангу кўнглим тўқ.

Мустақиллик берган ҳаётимга кўрк

Бундайин тўкислик бўлган эмас! Йўқ!

Мулки тахтим улуғ дунёлардан ҳам!


Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: