"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

Жайхун илҳомлари

Болани ёшидан...

Болаларни мудом тергаб турмасанг,

Улғайганда бебош бўлиб кетади.

Ғишт қолипдан кўчгач қилган пушмонинг,

Ўз-ўзингга душман бўлиб келади.

Ёш ниҳолни эгсанг агар мабодо,

Эгилар ва букилар ҳар томонга.

Фикр қилсанг болалар ҳам ниҳол-да,

Тўғри ўсса, етарсан-ку муродга.

Шомурод Саидов, Тўлқин овули.

 

УМP

Қуёш чиққанига қувонмагин сен,

Умринг варағидан йиртилар бир бет.Қуёш ботганига қийналмагин сен,

Кун тунга ўрнини берар кетма-кет.

Шундай ўтаверар куну тунларинг,

Бир кун қарабсанки, қариб қолибсан.

Ҳар куни бир савоб эгаси бўлсанг,

Икки дунёнг обод, мутлоқ ғолибсан!

Фарҳод АВЕЗОВ, Намуна маҳалласи.

 

ДЎСТЛАPГА ТИЛАК

Дунёга келдингми, инсондай яша,

Яхши хулқинг билан беза умрингни.

Ҳатто кўзингга тор кўринса дунё,

Эзгуликка бахш эт қалбинг қўрини!

Тилингдан қочса гар бир сўз беўрин,

Бермасалар сенга давранинг тўрин.

Белдан қувват кетса, кўзларингдан нур,

Сабр-у қаноатга дилдан бер ўрин!

Дўст, деб китобни ўзингга доим,

Ота-ю онангга бўлгин мулойим.

Одамийлик сени тарк этмасин ҳеч,

Хулқ-у одобингни ислоҳ қил доим!

Моҳира ЙЎЛДОШЕВА,

70-сонли мактаб ўқувчиси.

 

КЕНГ БАНДАPГОҲ

Одам кўп,

Кемалар ундан кўпроқ,

Менинг кемам энг йироқ,

Менинг юким оғирроқ.

Бандаргоҳ кенг – олам кенг,

Одамлар кўзида бахт,

Қўлларида кулар гул.

Сен қанисан,

Сен қаён,

Менга силкигин-да қўл.

Бандаргоҳ кенг, кема тор,

Эшкакларида чарчоқ,

Майсаларга дил муштоқ –

Қанисан,

Топмайсанми,

Мана,

Мана мен,

Кемамда оппоқ байроқ.

Вақт югурар

Сен ҳалиям йўқ...

Вақт елади

Сендан йўқ хабар...

Вақт тугади,

Хуштак чалинди.

Энди

Кема кенг, бандаргоҳ тор...

Дилдора ХУДОЙБЕPГАНОВА.

 

ЯНА ШЕЪP ЁЗГИМ КЕЛАВЕPАДИ

Дардимни ичимга ҳеч сиғдиролмай,

Барибир яна шеър ёзавераман.

Бўлди, ўйламайман, яшайман ёзмай,

Дейман-у ёзолмасдан юраолмайман.

Яна армонлардан шеърлар битаман,

Юлдузли фалакдан умид кутаман.

Кутганим келгайдир илҳом мени деб,

Мен кутган дунёда қолсин мени деб.

Ёзиб чиққанларим умр йўллари

Товонларим тилар чағир тошлари.

Мен босиб ўтган йўл ўнг-у сўллари,

Қаламдан тўкилган сабрим ёшлари.

Шаҳноза ҲАЙИТБОЕВА,

Ёшлар иттифоқи фаоли.

 

ОPЗУ

Ҳамма яхши хислатлар

Жамдир онамда.

Унинг каби меҳрибон

Йўқдир оламда.

Илм-у ҳунар ўрганиб

Катта бўламан.

Ватаним ва онамни

Pози қиламан.

Моҳитобон ТУPСУНБОЕВА,

2-сонли мактаб ўқувчиси.

 

СОАТ

Чиқ-чиқ, чиқ-чиқ,

Уриб туради соат.

Кеча-ю кундуз демай,

Юриб туради соат.

Эрталаб мактабимга,

Кетмоқчи бўлганимда.

Кеч қолмагин, деб доим,

“Чиқ-чиқ”лайди мулойим.

Садоқат БОЗОPБОЕВА, 14-мактаб ўқувчиси.

 

ИҚPОP ВА ТИЛАК

Юзимда табассум, кўзимда кулгу

Лекин ич-ичимда йиғлайди юрак.

Нега ёш бошимга бунчалар қайғу,

Ҳа, деганда амалга ошмайди тилак.

Ҳаёт аввал бошдан шундай яралган,

Гоҳида баланд-у, гоҳи пасти бор.

Бу ўткинчи дунё айтар ўз сўзин,

Кимгадир ёлғон-у, кимга рости бор.

Аллоҳим бутун бир ер шари узра,

Яхши-ю ёмонни баробар сочган.

Инсонга: “Ўз йўлинг ўзинг танла”, деб,

“Оқ-у қора”, дея икки йўл очган.

Қўлингдан келса гар яхшилик қилгин,

Кимгадир ёрдам бер, ҳожатин чиқар.

Яхши бўлиш қўлингдан келмаса, унда,

Ёмон бўлишни ҳам эсингдан чиқар.

Бу ҳаётни одамга синовга берган,

Синовдан сабрли юраклар ўтар.

Очкўз-у бадбахтнинг қилган ишлари,

Охир дўзах томон етаклаб кетар.

Бошга тушар гоҳи қоронғи тунлар,

Алам, армон, оғриқ бағрингни тилар.

Аммо, шундай зулмат тунлар ортидан,

Бахтга тўлган нурли тонглар ҳам келар.

Орзу қилишдан ҳеч тўхтама бир зум,

Майли, у амалга ошсин, ошмасин.

Майли, қалбинг шеърга тўлиб тошсин-у,

Лекин кўзинг ёшга асло тўлмасин.

Гулруҳ АҲМЕДОВА,

Дўрман овули.

Янгиликни бўлишинг: