"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

«ХАЛҚ КУТУБХОНАСИ» АҲОЛИНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИГА АЙЛАНДИ

“Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”.

Улуғ мутафаккир бобомиз Абдурауф Фитратнинг юз йилларча олдин айтган ушбу сўзлари диний экстремизм, терроризм, “оммавий маданият” тобора улкан ҳудудларга тарқалиб, хавфи ошиб бораётган бугунги кунимизда ҳам барчани огоҳликка, ҳушёрликка чорлайди, фарзанд тарбиясида ота-она, кенг жамоатчилик масъулиятини эслатиб туради.

Ҳа, шиддат билан ривожланаётган, тез ўзгараётган ҳаётда ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбияланган фарзандларгина ўз ўринларини топишга қодир бўлади. Шубҳасиз, бунда китобларнинг аҳамиятини ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди.

Бу борада муҳтарам Юртбошимиз “...фарзандларимизда ёшлик чоғидан бошлаб китобга меҳр қўйиш, мустақил фикр юритиш, мураккаб ҳаётий вазиятларда тўғри жавоб топиш кўникмасини шакллантиришимиз, бунинг учун тегишли ташкилий ишларни амалга оширишимиз даркор”, дея таъкидлаган эдилар.

Ёшлар орасида китобхонлик оммавийлигига эришиш, мутолаа маданияти юксалишига ва ёш авлоднинг маънавиятли бўлиб улғайишига ҳисса қўшиш мақсадида Амударё телевидениеси таҳририяти амалга ошираётган “Одобли бола – эл кўрки” деб номланган грант лойиҳаси доирасида Куюк кўпир овул фуқаролар йиғини қошида кутубхона ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа режасига мувофиқ, шу йилнинг 14 май куни овул фуқаролар йиғини биносининг бир хонаси махсус таъмирланиб, жиҳозланиб, “Халқ кутубхонаси” фаолияти йўлга қўйилган эди.

Шунингдек, мазкур кутубхонага “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти ва “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ҳам китоблар совға қилиниб, жами китоб фонди 1000 нусхага етди.

Айни кунда ихчам, мўъжаз жавонларга терилган ушбу китоблар овул ёшлари, ёши улуғ нуронийлари, турли касб эгалари томонидан қизиқиб ўқилмоқда.

Кутубхона фаолиятини фуқаролар йиғини раисининг жамоатчилик асосида ишловчи кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Қурбонбой Собиров олиб бораяпти.

Биз кутубхонага эрталабки соат 9 лар атрофида ташриф буюрганимизда етти-саккиз нафар ёшларнинг жавонлардан ўзларига манзур бўлган китобларни излаётганини кўриб, қувондик.

– Ишонсангиз, ҳар куни кутубхонага 20 нафардан зиёд китобхонлар ташриф буюришади. Кўпчилиги мактаблар ўқувчилари, жами обуначилар қисқа фурсатда 200 нафардан ошиб кетди – дейди Қурбонбой Собиров.

Бу ерда бўлиб, ўқишга китоб танлаётган, ўқиб тугатган китобларини топшириб, янгисини олиш учун келаётган ёшларни кўрган одамнинг кўнгли беихтиёр ёришиб кетади.

Биз “ёшлар китобдан узоқлашиб кетди”, деб бекорга хавотир олар эканмиз. Аслида уларнинг китоб ўқишлари учун шароит керак экан. Буни ўтган икки ой ичида мазкур кутубхона обуначиларининг сони 200 нафардан ошиб кетганидан ҳам билиш мумкин. Уларнинг орасида куюк кўпирликлардан ташқари, қўшни Қизилчоли, Торёп, Хитой каби маҳалла ва овуллардан келаётганлари ҳам бор.

Бизнинг эътиборимизни тортган яна бир жиҳат – китоблар тез-тез алмашар экан, яъни обуначилар ўқиш учун олган китобларини уч-тўрт кундан оширмай, қайтариб олиб келиб топшириб, янгисини олишар экан. Кутубхонада мунозаралар ҳам ўтказилиб, ёшлар ўзлари ўқиган китоблардаги воқеаларни, қаҳрамонларнинг ички кечинмаларини тенгдошларига ҳам ҳикоя қилиб беришади.

Китоблар доноликни ёйиш қуроли, беминнат тарбиячидир. Буни Азизбек исмли боланинг ўзи таъсирланган эртагини дўстларига ҳикоя қилиб бераётганидан чуқур ҳис қилдик.

Бири-биридан бийрон бу ўғил-қизларнинг сўзларини тингласангиз – уларнинг китобга нечоғлик ташналигини, овул гузарида “Халқ кутубхонаси” ташкил қилингани айнан уларнинг орзусидаги иш бўлганини англаш қийин эмас.

Кутубхонага ташриф буюрувчилар орасида кекса ёшли нуроний онахонлар, отахонлар ҳам бор.

Тиббиёт фахрийси Гулчеҳра опа Йўлдошева ҳам фаол китобхон. Етмиш ёшдан ошиб кетганига қарамай, бўш вақтларида китоблар мутолаа қилади, фарзандлари, неваралари, ҳатто қўни-қўшниларига ҳам китоб ўқиш аҳамиятини тарғиб этади.

– Китоб ўқиган бола ҳаётда қоқилмайди, ўз ўрнини топади, – дейди онахон.

Нафақада бўлса-да, ўз оиласи ташвишларини бир четга қўйиб, овул аҳли болаларининг китоб ўқиши учун қимматли вақтини аямай, “Халқ кутубхонаси” эшигини очиб ўтирган, “куюк кўпирликлар оммавий равишда китоб ўқишга киришиб кетди”, дея фахрланиб юрган кутубхоначи Қурбонбой Собиров фаолиятига назар солсангиз – эзгу ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак, деган фикрнинг нақадар тўғри эканига амин бўласиз.

Куюк кўпир овулида фаолият юритаётган “Халқ кутубхонаси” жавонларига терилган китобларга ҳайрат билан боқаётган, китобларни олиб ўқишга ошиқаётган болажонларнинг қувончи чексиз.

Ўйлаймизки, мазкур кутубхона уларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етишларида муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: