"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ҲАЛОЛ НИМА-Ю, ҲАPОМ НИМА?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Исломда мусулмон инсон учун ҳалол ва ҳаромнинг фарқини ажрата билиши ўта зарурий фарз амал ҳисобланади. Илм ўрганишнинг ўзи бир фарз бўлганлиги боис, ҳалол ва ҳаромни ажрата билиш ҳар бир мусулмон ва муслима учун шарт. Бу масалада фиқҳ бўйича етук олим-уламоларимиз мукаммал илмий ишлар ёзишган, ёзишмоқда.

Муқаддас Қуръони Каримда бошқа масалалар каби бу масала ҳам батафсил баён қилиб берилган бўлиб, бирон нарсанинг ҳалол (мубоҳ)лиги ёки ҳаромлик ҳукми фақат оят ва ҳадис билан собит бўлади.

“Ҳалол” – сўзи луғатда тугунни ечиш деган маънони беради. Шариат аҳкомларида эса ҳаромлик тугуни ечилиб, ҳаромлик сифати қолмаган нарсаларга “ҳалол” деб айтилади. Чунки ҳаром нарсада фойдаланишимизни ман қилувчи тугуни бўлади, ҳалол нарсада эса шу тугун бўлмайди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: – “Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳадан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши турган гап.

Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилганларидир. Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша – қалбдир”. (Нўъмон ибн Башир (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадис).

Ҳаром – шариатда уни тарк қилиш узил-кесил талаб этилган нарсалардир. Тарк қилиш талаби узил-кесил ва лозим эканлиги феълнинг моддасига қараб билинади. Яъни, “ҳаром” деган лафз очиқ-ойдин баён қилиниши ёки “ҳалол эмас” деган маъно келиб чиқиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай марҳамат қилади: “...Аллоҳ савдони ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган”. (275-оят мазмуни). Бу ерда ҳаром сўзи очиқ-ойдин ишлатилаётганлиги сабабли рибонинг ҳаромлигини лафзнинг ўзидан билиб олсак ҳам бўлади.

Шунингдек, ҳаромдан қайтаришнинг ифодаси – нахйи – қайтариш маъносидаги феъл билан келиши ҳам мумкин ва ана шу қайтаришда ушбу ҳукмнинг узил-кесил бажарилиши лозим эканлигини билдирувчи ишора ҳам бўлади. Масалан, Аллоҳ таоло Исо сурасининг 32-оятида мўъмин-мусулмонларни зинодан қайтариш учун бундай деб ҳукм қилган: – “Ва зинога яқинлашманглар”. Яқинлашиш мумкин бўлмаган нарсанинг ўзи унданда оғирроқ бўлади. “Зино қилманглар” деган қайтариқдан кўра, “Зинога яқинлашманглар” деган ҳукм жуда қаттиқ ҳукмдир.

икки қисмга бўлинади. Яъни, ўзи ҳаром нарса ва бошқа нарсанинг сабабидан ҳаром бўлган нарса. Ўзи ҳаром нарсани шариат аввал-бошдан ҳаром қилган. Шу сабабли ҳеч қандай шартсиз, изоҳсиз у ҳаром ҳисобланади. Масалан: зино, ўғирлик, таҳоратсиз намоз ўқиш, ўлимтик гўштини ейиш, ўзига маҳрам бўлиш ҳуқуқидаги аёлни никоҳига олиш, ароқ ва бошқада маст қилувчи ичимликлар ичиш, тўнғиз гўштини ейиш, ноҳақдан одам ўлдириш, одамларнинг молини ўғирлаш, ботил йўллар билан бировнинг молини ўзлаштириб олиш каби ишлар. Буларнинг ҳеч қандай шарти, муқаддимаси йўқ, қаерда бўлса-да – ҳаром. Улар Қуръонда, ҳадисда ва шаръий аҳкомларда аввалдан қатъий тарзда эълон қилинган. Мабодо мукаллиф инсон ушбу ҳаром нарсалардан биронтасини билиб-билмай қилса, ношаръий ботил ишни қилганлиги учун Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлади.

Бошқа нарсанинг сабабидан ҳаром бўлган нарсалар аслида шариатда ҳаром бўлмаган, аммо кейинчалик бир ҳаётий сабаб орқали бу нарса ҳаромга айланган.

Бир одам жуда мақбул қилиб ибодатлар қилар ва намозларини ҳам ўз вақтида адо этар эди. Аммо у тўғри йўлдан адашади. Ноҳақ бировни уриб, кийим-бошини тортиб олади ва ушбу кийимда намоз ўқир эди. Ёки бировнинг уйини зўравонлик ва ҳийла йўллари билан тортиб олиб, ўша уйда намоз ўқир эди. Ғосиб, яъни таловчи ғосиб қилинган кийимда, ёки ўзи ноҳақ тортиб олган уйда ўқиган намози шаръан ботил бўлмаса-да, фарзи адо этилган бўлиб, гуноҳ ишга аралашганлиги сабабли намози савобсиз, ўзи гуноҳкор бўлади.

Ҳаром ва нопок нарсалар, аслини олганда жуда оздир. Ер юзидаги ҳалол неъматларни эса санаб адоғига етиш мушкул. Шу ўринда Сиз муҳтарам газетамиз мухлислари учун ҳалол ва ҳаром важларнинг рўйхатини бирозгина бўлса-да қаламга олиб, эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдик:

одам ўз биродарини ва бошқаларни ҳам алдамоғи ҳаром. Қарз берган кишига олган нарсасининг муқобилидан ёмон нарса берилмайди. Бузуқ ва айбли, нуқсонли нарсалар ошкора билдириб сотилади. Илм ва фазилат соҳибларидан бошқа кишиларнинг қўлини ўпган киши фосиқ ҳисобланади. Ваъда қилинган нарсадан қайтмоқ – ҳаром. Етимга иш ҳақисиз иш қилдирмоқ – ҳаром. (Иш ҳақисиз ишлатувчи киши етимнинг устози бўлса ҳам, туғишган биродари бўлса ҳам – ҳаром. Фақат унинг онасигина бундан мустасно).

Макруҳ деб шариат уни тарк этишни узил-кесил ва лозим сифатда, яъни қатъият билан талаб қилмаган нарсаларга айтилади. Макруҳнинг ҳукми шуки, уни қилувчи киши жазога ҳам тортилмайди. Аммо маломатга сазовор бўлади.

Ҳанафийлар наздида макруҳ икки хил бўлади – макруҳи таҳримий ва макруҳи танзиҳий.

“Макруҳи таҳримий” – ҳаром макруҳ. Унинг ҳаромдан фарқи шуки, ҳаромнинг қайтариғи қатъий далил билан, Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг суннатлари билан қатъий собит бўлган. Макруҳи таҳримий – ҳаромдан кўра кучсизроқ, “қилиб бўлмайди” деб айтилган ишлар жумласидандир. Уни қилган киши кофир бўлмайди. Аслида ҳанафийликда макруҳи таҳримий ҳаромга яқин нарса деб айтилган. Буни Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (р.а.)лар айтиб кетишган.

“Макруҳи танзиҳий” – шариатда буни тарк этиш қатъий талаб этилмаган нарсадир. Масалан, мушук ёки бирон йиртқич қуш теккан сувдан таҳорат олиб бўлмайди, каби суннати муаккада ишларни тарк қилиш кабилар “макруҳи танзиҳий” дейилган. Макруҳи танзиҳийни қилган киши жазога тортилмайди, қилмаган эса гуноҳкор бўлмайди. Лекин афзалини қилмасдан, паст ишни қилган ҳисобланади.

Таклифий ҳукмлар бешта бўлиб, вожиб, мандуб, ҳаром, макруҳ ва мубоҳлардан иборат.

Мубоҳ – эълон қилинган, рухсат қилинган деган маънони англатади. Фиқҳ уламоларининг наздида, шариат мукаллиф бандага қилиш ёки қилмаслик ихтиёрини бериб қўйган нарса – мубоҳдир. Мубоҳни қилганга савоб ва қилмаганга гуноҳ ҳам йўқдир.

Фуқоҳаларимиз томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, ҳалол ва ҳаромга ажратилган ҳайвонлар уч турга бўлинган:

- Сув ҳайвонлари. Ҳанафий мазҳабига кўра, бунда фақат балиқ ҳалол дейилган. Бошқа мазҳабларда эса сув ҳайвонларининг барчаси ҳалол дейилади.

- Қуруқликдаги ҳайвонлар. Булар ҳам бир неча турга бўлинади: қони аслида йўқ ҳайвонлар (чигиртка, пашша, чумоли, асалари, қурт, ўргимчак, чаён, кана, суварак, қўнғиз кабилар. Булардан фақат чигиртка ҳадисда ҳалол дейилган. Қолганлари – ҳаромдир), оқадиган қони йўқ ҳайвонлар (илон, калтакесак, эчкемар, сичқон, каламуш, типратикан кабилар. Буларнинг ҳаммаси ҳаром саналади) ва оқар қони бор ҳайвонлар (булардан туя, қорамол, қўй, эчки, қўтос ва от – ҳалол сифатида қабул қилинган. Хачир ва эшак, чўчқа – ҳаромдир). Паррандалардан эса тирноқли ва чангали бўлмаганлари, хонакилаштирилганлари, яъни товуқ, ғоз, ўрдак, туяқуш, кабутарлар – ҳалолдир.

Ёввойи ёки хонаки мушук ва итлар – ҳаром. Йиртқичларнинг қозиқ тиши борлари ва қушларнинг тирноқли, чангали борлари – ҳаром. Ёввойи буқа, ёввойи эчки, ёввойи қуён – ҳалол. Мусича, ҳубаро – тўқалоқ, турна, бирқозон – ҳалол.

Аёл киши мол сўйса бўлади. Аммо исломда бу тоифа “ожизалар” жумласидан бўлганлиги боис эркак кишининг сўйгани мустаҳаб бўлади. Аммо заруратдан ва бошқада узрли сабаблардан бўлса, аёл кишининг, гарчи у ҳайз кўрган бўлса ҳам, сўйиши исломда ҳалол дейилади.

Ҳанафий мазҳабида мол сўйганда қуйидаги етти нарса ҳаром дейилган: эркак ҳайвоннинг закари, мояги, урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси, ҳайвондаги без, ҳайвондан оққан қон, ўт пуфаги, умуртқа орасидаги ҳаром мағиз. Пайғамбаримиз (с.а.в) ушбу етти нарсанинг ҳаромлиги сабабли уларни ейишдан биз умматларини қайтарганлар.

Биз мусулмон биродарларимизнинг ҳалол ва ҳаромни қисман бўлса-да, фарқлашларига кўмаклашиш мақсадида ушбу мақоламизда бу масалага имкон қадар ёндашишга ҳаракат қилдик. Аллоҳ таоло барчамизни соғлом ва покиза қалб эгаларидан, ҳалол йўл билан ризқланадиган бандаларидан қилсин!

Валлоҳи аълам бис савоб!

Қодирберган ҳожи ЖУМАМУPОДОВ,

Қорақалпоғистон Pеспубликаси халқ ўқитувчиси,

меҳнат фахрийси, исломшунос.

Янгиликни бўлишинг: