"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

ЎPМОНЛАP – ЯШИЛ БОЙЛИГИМИЗ

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти халқимизнинг яшил олам – она табиатга бўлган муносабатини, ер, сув, тупроқ экологиясини яхшилаш, ҳудудларнинг тозалигига эришиш ва ҳар бир қарич ерни обод, фаровон гўшага айлантириш, кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, деҳқончилик маданиятини янада юксалтиришга қаратилган. Бу қамрови кенг вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Pеспубликаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси таркибига кирувчи ҳудудлардаги ўрмон хўжаликларининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.

Мустақиллик йилларида соҳага алоҳида эътибор ва рағбат кучайтирилди. Мавжуд ўрмонларнинг фауна ва флорасини янада бойитиш, тез ўсувчи ва иқлимга мослашувчи дарахт кўчатзорларини ташкил этиш ва ўрмонлаштириш, ноёб қушлар ва ҳайвонларни ноқонуний овлашга чек қўйиш, саноатбоп дарахтларни кўпайтириш ҳамда ўрмончилик ҳудудларида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилган полизчилик-сабзавотчилик хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиш, паррандачилик, қуёнчилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳисобига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор лойиҳалар соҳага кенг жорий этилди.

– Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Pеспубликаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2966-сонли Қарори биз ўрмончиларнинг зиммамизга янада аҳамиятли вазифаларни юклади, – дейди Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги директори Мақсуд Нурекеев. – Ушбу Қарор ўрмон хўжаликлари томонидан 2017-2019 йилларда амалга оширилиши лозим бўлган кўплаб вазифаларни нафақат белгилагани, балки ҳар бир ходим учун аниқ ва пухта кўрсатмалар бергани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Президент Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигида кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Аввало хўжалик тасарруфидаги 16468 гектар ер майдони мутахассислар томонидан қадам-бақадам ўрганиб чиқилди. Асосий ўрмон билан қопланган 3226 гектар ердаги дов-дарахтлар қатъий назорат остига олинди. Шунингдек, хўжаликда саксовул, клён, каталка, айлант, ясень, қайрағоч, тут, ўрик, шафтоли, унаби, наъматак, можжевельник, япон сафораси каби дарахт ва буталарнинг уруғларини тайёрлаш, уларнинг маҳаллий иқлимга мос навларини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун замонавий шароитларга тўла мос келадиган 5 гектарлик ниҳолхона, 0,8 гектар майдонда кўчатхона ташкил этилди.

– Кўчатлар асосан туманимиздаги идора ва ташкилотларга шартнома асосида етказиб берилади, – дейди М.Нурекеев. – Жорий йилда салкам 2 миллион сўмлик шартномалар тузилиб, 5289 дона турли хил дарахт кўчатлари буюртмачиларга етказиб берилди.

Ўрмон хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида 2018 йилда 15,3 гектар майдонга қишлоқ хўжалик экинлари жойлаштирилди. Полиз ва сабзавот экинларидан ташқари, аччиқ қалампир, кунжут ва доривор ўсимликлардан ширинмия (бўян), исириқ, мойчечак плантациялари ташкил этилди. Бундан ташқари, “Pеспубликада каврак плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хом ашёсини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда экспорт қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3617-сонли Президент Қарори Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида мавжуд табиий ҳолда ўсувчи каврак майдонларига бўлган муносабатни ўзгартириб, ўрмончи-мутахассисларнинг каврак етиштириш ва уларнинг заҳира майдонларини кўпайтиришга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш имконини берди. Натижада бу доривор ўсимлик майдонларини анча кенгайтиришга эришилди.

Хўжалик моддий-техника базасининг йил сайин яхшиланиб, олий маълумотли мутахассис ёшлар ишга қабул қилинаётгани ўрмон хўжалиги ҳудудида янги-янги тармоқлар ишини йўлга қўйиш имконини бермоқда.

– Ўрмон хўжалигида қимматбаҳо манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ҳам етиштириладими? – қизиқдик.

– Албатта, бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз ҳам яқин вақт ичида ўз натижасини беради, – дейди М.Нурекеев янги режалар ҳақида сўз очаркан. – Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Ўрмон хўжаликларида қимматбаҳо манзарали ва мевали дарахтларнинг, шу жумладан, лимон, чилонжийда, анор, грек ёнғоғи, хандон писта кўчатларини 2017-2021 йилларда етиштириш бўйича ихтисослаштирилган кўчатхоналар ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар Дастури” бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришни талаб этади. Яқин вақт ичида Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги лимон ва лимон кўчатлари етиштиришга ихтисослаштирилган ўз иссиқхонасига эга бўлади. Бунинг учун махсус ер майдони ажратилиб, иссиқхона ташкил этишга киришилди.

Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигида яна бир эзгу иш амалга оширилди. Хўжаликда БМТнинг ривожлантириш лойиҳаси томонидан туманимиз хўжаликларида етиштирилган асални ҳар хил ҳажмдаги шиша ва пластмасса идишларда сифатли қадоқлаб берувчи 31 минг евро қийматига тенг бўлган замонавий цех ишга туширилди. Ушбу цехда туманимиздаги барча асал етиштирувчи хўжаликлар ўз маҳсулотларини шартнома асосида қадоқлаш имконига эга ва буюртмачилар учун барча шароитлар яратилган.

Ўрмонлар – умумхалқ бойлиги. Табиий оламнинг заҳира майдонларини кенгайтириш ва биохилма-хилликни таъминлаш нафақат соҳа ходимларининг, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Шу боис, хўжаликда фаолият юритувчи 30 нафар ходимнинг деярли барчаси иш жараёнларида ўрмон ҳудудларига яқин жойда яшовчи аҳоли ўртасида доимий равишда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришади. Ўрмон ҳудудида ов қилмаслик, қорамолларни боқмаслик, дов-дарахтларни ноқонуний равишда чопмаслик, шох-шаббалар ва қамишзорларга ўт қўймаслик бўйича олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларига қарамасдан, 2018 йил бошидан бери 4 та ҳолатда ўрмон қонунбузарлиги аниқланиб, ўрмон фондига етказилган 1 млн. 687,9 минг сўм зарар айбдорлардан ундириб олинди.

– Кўпчиликда шундай тушунча бор, – дейди М.Нурекеев ўрмон қонунбузарлиги хусусида гапираркан, – ўзи ўсиб ётибди-ку, эгаси йўқ-ку, – деб дарахт ва буталарни кесиб кетишади. Бу нотўғри, ўша ўзи униб-ўсиб, табиий равишда кўпаядиган дарахтлар – умумхалқ мулки. Қолаверса, ўрмонлар – тоза ҳаво, кислород фабрикалари. Бир туп тўронғил дарахти ўсиб, бошимизга соя солгунча камида 10 йил вақт ўтади. Демак, атрофимиздаги яшил олам ўз-ўзидан бунёд бўлмайди. Унга меҳр, эътибор, парвариш керак.

Албатта, азизлар, ҳар бир туп ниҳолни меҳр бериб парваришласак, эртага у фарзандларимиз кўзини қувонтиргулик яшил бойликка айланади. Яшиллик эса халқимизга ҳам маънавий, ҳам жисмоний қувват бағишлайди. Демак, ўрмонлар ҳар биримиз учун бебаҳо бойлик – мусаффо, соф ҳаво, соғлигимиз учун беназир кафолатдир.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА, “Тараққиёт кўзгуси”

газетасининг махсус мухбири.

Янгиликни бўлишинг: