"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

САЙЛОВ ЯНГИЧА ТАPТИБДА ЎТКАЗИЛАДИ

Ўзбекистон Pеспубликаси Конс-титуциясининг 105-моддасига, Қорақалпоғистон  Pеспубликаси Конституциясининг 99-моддасига ҳамда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ва «Фуқаролар йиғинлари  раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари  сайлови тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ фуқаролар йиғинлари  раислари ва уларнинг маслаҳатчиларининг ваколат муддати шу йил ноябрь-декабрь ойларида тугаши муносабати билан навбатдаги сайловни ўтказиш муддати 2013 йил ноябрь-декабрь ойлари этиб белгиланди.

Бу сайловлар жараёни янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқаролар  йиғинлари  раислари (оқсоқоллари) ва унинг маслаҳатчилари  сайлови тўғрисида»ги Қонун  асосида ўтказилиши билан аҳамиятлидир.

Туманимизда бўлажак сайловларда 47 нафар фуқаролар  йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 420 нафардан ортиқ маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилмокда.

Қонунга мувофиқ фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари  сайлови ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида ўтказилади.

Янги таҳрирдаги Қонунга асосан 2013 йил 27 сентябрь куни Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши қарори билан фуқаролар йиғинлари  раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш хамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам бериш учун туман ҳудудида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси таркиби тасдиқланди. Туман комиссияси таркибига фуқаролар  йиғинларининг, давлат органларининг, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг вакиллари киритилди.

Шу билан бирга бевосита жойларда сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича янги таҳрирдаги Қонунга кўра фуқаролар йиғини (фуқаролар  вакилларининг йиғилиши) қарори билан фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилади. Ушбу ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларининг навбатдаги сайлови эълон қилингандан кейингина ўз фаолиятини тугатади.

Ишчи гуруҳ таркибига қоида тариқасида фуқаролар йиғинининг тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотларнинг вакилларидан ташқари Халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати ҳам киритилади. Ишчи гуруҳ таркибига фуқаролар  йиғини раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, фуқаролар  йиғини органларининг бошқа ходимлари, шунингдек фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларнинг, фуқаролар йиғини органлари бошқа ходимларнинг яқин қариндошлари киритилиши мумкин эмас.

Қонунда ишчи гуруҳ ваколатлари аниқ белгилаб берилган. Яъни ишчи гуруҳ: ҳовлилар, уйлар, кўчалар ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларни ташкил этиш ва ўтказиш, ҳовлилар, уйлар, кўчалар ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллалар аҳолиси умумий йиғилишининг иштирокчиларини рўйхатга олиш ҳамда фуқароларнинг сайланган вакиллари хақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда аҳолининг умумий йиғилиши баённомасини тузиш, тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда тегишли комиссияга тақдим этиш учун нафақат фуқаролар йиғини раиси, балки унинг маслаҳатчилари лавозимига ҳам номзодлар бўйича таклифлар тайёрлаш, бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилишини ташкил этиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириш юклатилган. 

Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди ва туман ҳокими билан келишиш учун фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссиясига сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади. Ҳужжатларга фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларнинг ўз номзоди кўрсатилишига ёзма розилиги илова қилинади. Шунингдек, туман ҳокими фуқаролар йиғинлари раислари лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва ўзининг ушбу номзодлар бўйича асослантирилган хулосаларини кейинчалик ишчи гуруҳларга топшириш учун туман комиссиясига юборади.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ туман ҳокимининг хулосасини олганидан кейин фуқаролар йиғини лавозимига келишилган номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўяди.

Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли худудда доимий яшаётган, нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек, суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётганлар, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.   

Фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар хам тегишли худудда доимий яшайдиган фуқароларнинг фикрлари инобатга олинган холда ишчи гуруҳ томонидан кўрсатилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ишчи гуруҳнинг раҳбари раислигида ўтказилади.

Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) кун тартибига, қоида тариқасида, саноқ комиссиясини сайлаш, фуқаролар йиғини раисини сайлаш ҳамда унинг маслаҳатчиларини сайлаш масалалари киритилади.

Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларни эълон қилгандан кейин йиғин раиси лавозимига номзодларнинг ҳар бирига ўзининг келгуси фаолияти дастурини эълон қилиш учун алифбо тартибида сўз беради.

Овоз беришни ўтказиш тартиби бўйича фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчилари сайловида очиқ овоз бериш усули танланса, овоз бериш ҳар бир номзод бўйича қўл кўтариш йўли билан ўтказилади. Бунда фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларни алифбо тартибида овозга қўяди. 

Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар бўйича овоз бериш ўтказилганидан кейин, фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчилари лавозимига номзодларни алифбо тартибида овозга қўяди.

Фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчилари сайлови яширин овоз бериш орқали ўтказилаётганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) иштирокчиларига саноқ комиссияси томонидан сайлов бюллетенлари берилади. Бюллетенга фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларнинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилади. Бюллетенлар бевосита овоз беришдан олдин тарқатилади. Бюллетень овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади. Овоз берувчи бюллетеннинг ўнг томонида, ўзи ёқлаб овоз бераётган фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчиси  лавозимига номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш тўртбурчак ичига белги қўяди. Овоз берувчи тўлдирилган бюллетенни сайлов қутисига ташлайди. Сайлов қутилари овоз бериш тугаганидан кейин саноқ комиссияси томонидан очилади.

Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови якунларини чиқариш тартибига кўра овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчиси лавозимига сайланган ҳисобланади.

Умуман олганда, сайловга пухта тайёргарлик кўриб, уни қонунга мувофиқ юқори ташкилий-ҳуқуқий даражада ўтказишни таъминлашимиз зарур.

 

Pустам Pўзметов,

туман ҳудудида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси раиси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси.

(Фото:http://mahallagzt.uz)

Янгиликни бўлишинг: