"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8325.59 +12.36
  • 1 EUR = 9413.74 -43.46
  • 1 RUB = 124.7 -1.22

Бетакроримсан, азиз Ватаним!

Азиз юртимиз ўз мустақиллигига эришиб, ота-боболаримизнинг азалий орзу-умидлари рўёбга чиққанига ҳам 27 йил бўлмоқда. Мустақиллик шарофати сабаб бугун юртимиз обод, оилаларимиз тинч. 

Ватанга муҳаббат ҳар бир инсонга хос туйғудир. Чиндан ҳам, юртимиз, қолаверса, бутун дунё тарихига бир назар солсак, Ватанга муҳаббат туйғулари ривожланган жойда ҳар тарафлама бунёдкорлик, ободончилик, тўкинлик, мўл-кўллик ва фаровон турмушнинг гувоҳи бўламиз. 

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): «Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилди», деганлар. Ва яна: «Агар Ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўларди», деганлар.

Зотан, инсоннинг ўз Ватанига, яшаб турган гўшасига меҳр-муҳаббати бўлмаса, ҳеч қачон ўзи яшаб турган жойда ҳар тарафлама қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар бўлишига эътибор бермайди. Бундай инсонлар учун нафақат Ватан туйғуси, балки бошқа барча ижобий ҳиссиёт ва муқаддас туйғулар бегонадир. Бундайлар учун Ватан деган тушунчанинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу ҳолат эса бизнинг шариатимизда қаттиқ қораланади. Аксинча, динимизда Ватан ва унга боғлиқ бўлган қадриятларни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш мадҳ этилади, ҳатто бу борада қилинган ҳаракатлар ва шу йўлда жон фидо қилиш охиратда буюк мақомларга эришиш учун восита экани зикр қилинади.

Мана ҳар йили мустақиллик тадбирларини ўтказишдаги рамзий шиор барча юртдошларимизнинг қалбида акс-садо беради. Энг улуғ, энг азиз байрамнинг қутлуғ 27 йиллигини «Азиз ва муқаддассан, жоножон Ўзбекистоним!» деган эзгу шиор остида нишонланаётгани ҳам теран мазмунга эга. Унда ифодаланган сўзлар бизни фидойиликка, ватанпарварликка ундаб туради. 

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтган эканлар: Инсон ўзи туғилиб-ўсган юртни, ундаги барча нарсаларни севади, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам. Ватанни севиш инсон қалбидаги асл, туғма табиатдир. Ушбу туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам қилади, ундан йироқда бўлганда эса соғинтиради, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди.

Имом Ғаззолий ушбу ҳикматли сўзларидан Ватанни севиш инсоннинг туғма табиати, инсонийлик фитратида бор хислат экани маълум бўлади.

Ватан ободлиги – тараққиёт ҳамда юксалишларнинг асосидир.

Ҳа бу йил қутлуғ байрамга тайёргарлик ўзгача. Одамларимизнинг кайфияти чоғ, уларнинг юз-кўзларида хурсандчилик, байрам руҳи сезилиб турибди. 

Маҳалладошлар билан суҳбатлашар эканмиз, кимдир томорқадан катта даромад олаётгани, яна кимдир тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, рўзғори бут, кўнгли хотиржам эканини айтарди. Яна кимнингдир фарзанди спорт соҳасида халқаро миқёсда катта ютуққа эришганини айтиб, фахрланарди. Хуллас, муваффақиятга эришмаган оиланинг ўзи йўқ экан. 

Албатта, бундай фаровонлик учун, тўкин-сочинлик учун Яратганга шукр келтиришимиз, шундай юртда яшаш бахти насиб этганидан хурсанд бўлишимиз керак. Шу ўринда, жонажон диёримиз тараққиётига ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшиб яшашимиз кераклигини ҳис қилмоғимиз даркор. 

Доно халқимиз бежизга, тома-тома кўл бўлур, демаган. Зотан, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши йўлидаги бирдамлигимиз, собитқадамлигимиз, амалий ҳаракатларимиз юртимизнинг бундан-да юксак марраларни қўлга киритишига хизмат қилади.

Шундай экан, ҳар биримиз ўз туғилиб ўсган она диёримизни севишимиз, қадрига етишимиз, тинчлиги йўлида камарбаста бўлишимиз, унинг истиқлолини асраб-авайлашимиз, душманларидан ҳимоя қилишимиз, бу неъматларни инъом этган Улуғ Pоббимиз Аллоҳга тинимсиз шукрона қилишимиз, бу неъматлар ҳақида Аллоҳнинг амри ва Pасулуллоҳнинг суннати ўлароқ тинимсиз гапиришимиз, бу ҳақда қасида-ю шеърлар битишимиз, газета ва журналларда, интернет сайтларида чиқишлар қилишимиз лозим-у лобуд экан!

Аллоҳ таолодан илтижолар қилиб сўраймизки, барчамизни Ватанига садоқатли, эл-юрти, халқи ҳамда дини йўлида хизмат қиладиган ҳақиқий ватанпарвар бўлиб яшаш бахтига муваффақ айласин.

 

Ўктам Қурбаниёзов, Амударё тумани "Нўғой эшон" жомеъ масжиди имом хатиби.

Янгиликни бўлишинг: