"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

Оилавий ажримлар: уларнинг олдини олиш мумкинми?

- Албатта мумкин, - дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими бошлиғи Гулшод Юсупова. – Чунки ажрашаман, деган қарорга келган оилалар ҳаётига назар солсангиз – арзирли сабабнинг ўзи йўқ, ё келин турмушидан кўнгли тўлмайди, ё эрнинг кўпинча ажримларга нуроний ёшга етиб қолган отахон, онахонлар ҳам сабаб бўлаётганлигини кўрасиз. Улар келинининг айрим камчиликлари сабаб ўғлига ажрашасан, ё уйдан чиқиб кетасан, деган шарт қўйишади. Қарабсизки ўғил албатта ота-онасидан юз ўгириб кета олмайди. Биз ҳам барча ота-онасини ҳурмат қилиши, кексайганида тинч-хотиржам, роҳат-фароғатда яшашини таъминлаши тарафдоримиз. Бироқ ота-оналар фарзанди учун оиласи ҳам муҳим эканлигини унутмасликларини истар эдик.

Яқинда ажрашиш ёқасига бориб қолган бир оила бизнинг бўлимимизнинг жамоат ташкилотлари, МФЙ ходимларини жалб қилган ҳолда аралашуви, тушунтириш олиб боришлари натижасида ҳаёти маромига тушиб кетди. Ўзаро низолар сабаби оддий: қайнонанинг айтишича, “келинининг тили бир қарич”. Менга ундай келин керак эмас, - деб ўғлига ажрашиш ё шартини қўйган, ўртада уч нафар норасида гўдаклар сарсон.

Суриштирсак, оилада рўзғор юки асосан келин зиммасида, мактабда ўқитувчилик қилиб, уйида мол-ҳолига, томорқасига ҳам асосан келин қарар, ўғил ишдан келиб, телевизор қаршисида, ота-онаси ёнида ётиб олар экан. Келиннинг бирор ишда эридан кўмак сўрагани қайнота-қайнонага оғир ботар, бизга иш буюраяпсанми, - дея жанжал чиқаришар экан.

Биз шу оилада бўлиб, оила мустаҳкамлиги, тинч-осойишталиги ҳамма аъзоларига боғлиқ эканлигини, фаровонлик учун аввало эр, хотин ҳам бирдай интилиши лозимлиги, келин ҳам ожиза аёл, бировнинг фарзанди, эри унга рўзғор ишларида кўмакдош бўлиши лозимлигини қайта-қайта тушунтирдик. Ҳаракатларимиз зое кетмади. Оила ҳаёти изига тушиб кетди.

Чор-атрофимиздаги нотинч, ё ажрашаётган оилалар ҳаётига чуқурроқ назар солсак, албатта суҳбатдошимизнинг сўзлари ҳақ эканлигига гувоҳ бўламиз.

Оилаларда бир-бировни ҳурмат қилмаслик, фикрларини инобатга олмаслик, ўзаро тушунмовчиликлар нотинчликни юзага келтираётгани бор гап.

Ажримлар сабаб неча-неча норасида гўдакларнинг етим бўлиб қолаётганлигини ўйлаш – жуда оғир. Уларнинг келгусидаги ҳаёти нима бўлади, деган савол эса янада азобли.

Тўғри, ҳозиргидай дориломон замонда ҳеч ким оч, яланғоч қолмайди. Бироқ фарзанд учун энг олий неъмат ота-она меҳри эмасми?

Шуларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси бошқармаси шу йилнинг 1 августидан 30 августигача “Биз оилавий ажримларга қаршимиз” мавзусида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ойлигини ўтказмоқда.

Ойлик доирасида марказнинг бизнинг туманимизда фаолият олиб бораётган бўлимида ҳам кўпгина саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, рўйхатга олинган нотинч оилаларни қайта хатловдан ўтказиб, мазкур оилаларни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди, келишмовчиликлар содир бўлаётган оилалардаги муаммоларнинг туб моҳиятини аниқлаш, уларни муросага келтириш чораларини кўриш, ажрим кўрсаткичлари ошган ҳудудларда оила муқаддаслигини тарғиб этувчи тадбирлар ўтказиш, ибратли оилаларни намуна қилиб кўрсатиш орқали уларнинг ҳам тинч-тотув яшаб кетишларига эришиш, ибратли оила, қайнона, қайнота танловларини ўтказиш, Фуқаролар йиғинларининг энг яхши ишлайдиган Яраштириш комиссияларини аниқлаш ва рағбатлантириш назарда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ойлик доирасидаги тадбирлар оилалар, оилалардан таркиб топган жамиятимизда тинч-тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик барқарор бўлишига сезиларли таъсир кўрстишига умид қиламиз.

О.PАЖАБОВА.     

Янгиликни бўлишинг: