"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8378.04 +3.90
  • 1 EUR = 9488.13 +77.19
  • 1 RUB = 129.09 +2.82

АҲОЛИ БАНДЛИГИ —ТАPАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамасдан, аҳолининг кам таъминланган қисми, аёл-қизлар, ёшлар бандлиги борасидаги масалаларда муаммолар кузатилаётган эди. Айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳоли бандлигини таъминлаш, ташқи меҳнат миграция жараёнларини тартибга солиш масалалари қийин кечмоқда. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш ва бу бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат органлари ишлари самарадорлигини ошириш, аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилиш учун шароит яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида шу йил, 14 июль куни Президентимизнинг “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Унда аҳоли бандлиги бўйича зарур хизматлар даражасини яхшилаш чора-тадбирлари кўрсатилган. Шунингдек, бу борадаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга доир вазифалар белгилаб берилган.

Қарорда давлат муассасалари шаклида жойлардаги ҳокимликлар ҳузурида янги иш ўринларини яратишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларини ташкил этиш белгиланган ва унинг маблағларини шакллантириш манбалари кўрсатиб ўтилган.

Жамғарманинг асосий вазифалари ҳам белгиланган бўлиб, асосан қишлоқ жойларда доимий иш ўринлари ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларини кредитлар билан қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларида кредит линияларини очиш кўзда тутилган. Шунингдек, ишчи кучи кўп бўлган ҳудудларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, айниқса, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи корхоналарни ташкил этиш, бунда ҳудудий жамғармаларнинг ушбу корхоналардаги улушини хусусий шерикларга кейинчалик реализация қилиш шарти белгиланган.

Қарорда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарорлари бўйича иш ўринлари ташкил этишга ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган бошқа чора-тадбирларни ҳам амалга ошириш кўзда тутилган. Унга кўра, ҳудудий жамғармалар даромад қисми бўйича барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади.

Ҳудудий жамғармаларнинг маблағлари тижорат банкларида кредит линияларини очиш ва янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик микрокредитлар ажратиш мақсадига йўналтирилади. Микрокредитлар эса кичик тадбиркорлик субъектларига, фермер ва деҳқон хўжаликларига, оилавий тадбиркорлик субъектларига ажратилади.

Қишлоқ хўжалигига йўналтирилган тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, чорва моллари, паррандалар, қишлоқ хўжалиги инвентари ва ускуналари, суғориш мосламалари, яъни насослар, артезиан қудуқлари кабилар харид қилиш мақсадларига ажратилади. Шу билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол моллари ишлаб чиқариш учун замонавий мини-ускуна ва хом ашё харид қилиш ҳам микрокредит ажратилишига асос бўла олади.

Хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича эса маиший, таъмирлаш, таълим, тиббий ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналар ташкил этиш ва жиҳозлаш учун ҳам микрокредитлар ажратилади. Шунингдек, хотин-қизлар ўртасида касаначиликни ривожлантириш ҳамда жойлардаги ишлаб чиқариш ихтисослашуви, мавжуд минерал хом ашё, ер, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ресурсларни ҳисобга олган ҳолда бошқа йўналишлар учун ҳам берилади.

Микрокредитлар энг кам иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган миқдорда 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкаси ва тижорат банкининг ажратиладиган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги маржа билан тақдим этилади.

Имтиёзли жойи шундаки, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатга олинган ишсиз шахсларга, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга, турмушида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, кам таъминланган оилаларнинг аъзоларига ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларига энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоридан ошмаган ҳажмдаги микрокредитлар гаров таъминотисиз ажратилиши мумкин.

Қарорга мувофиқ аҳоли сони кўп бўлмаган қишлоқ жойларда сартарошхона, якка тартибдаги буюртмалар бўйича кийим тикиш хизматларини, пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатишни йўлга қўйган ва жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йилга қадар барча турдаги солиқлардан озод этилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ёлланган ходимга тўланадиган солиқ бекор қилинади. Оилавий тадбиркорлик субъектларига доимий ишчи ёллашга имтиёз берилади. Шунингдек, биринчи марта микрокредит олган якка тартибдаги тадбиркорлар 6 ой мобайнида солиқ тўламайди.

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига бир марталик субсидиялар берилишини назарда тутадиган ишсизлик бўйича суғурталаш тизими тартиби ҳам кўрсатилиб ўтилган. Ундан ташқари, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан бандлик марказларида рўйхатдан ўтган ишсиз шахслар, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитиш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига грантлар ажратилиши йўлга қўйилади. Кейинги ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида катта синф ўқувчилари учун касбга йўналтириш курсларини ўтказишни назарда тутадиган дастур, шунингдек, тегишли ҳужжатлар асосида шахсий томорқа хўжаликларида ишловчи фуқароларни банд бўлган шахс сифатида ҳисобга олиш механизми жорий этилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Мазкур қарор аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик соҳасининг янада ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган кадрлар тайёрланишида муҳим асос бўлади.

 

Янгиликни бўлишинг: