"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

ҲАP КУНИНГИЗ НАВPЎЗ БЎЛСИН!

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар! Мўътабар отахонлар, онахонлар, ака-укалар, опа-сингиллар, келажагимизнинг ишончли ворислари бўлмиш жажжи болажонлар!

Мана қаҳри қаттиқ қиш орқамизда қолиб, барча байрамларнинг сарвари Наврўзи оламни қарши олишга чоғланмоқдамиз.

Юртимизнинг байрамлари, тантаналари кўп. Яқиндагина азиз онажонларимиз, опа-сингилларимиз байрами – Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаган бўлсак, мана энди Наврўзга пешвоз чиқаяпмиз.

Ҳаммангизга маълум, Наврўз йил боши, Янги кун сифатида белгиланади. Баҳор кириб келганига йигирма кунча вақт ўтсада ҳақиқий кўклам, майсаларнинг ердан бош кўтариши, дарахтларнинг жонланиши бизнинг ҳудудимизда Наврўзга тўғри келади. Бу сана билан боғлиқ халқимизнинг неча юз йиллик миллий анъаналари, урф-одатлари бисёрки, улар байрам мазмунига мазмун, тароватига тароват қўшади. Шу маънода Наврўз – ҳақиқий миллий байрамимиз, қадриятларимиз боқийлигини ўзида ифода этувчи, ерга нур, дилга сурур бағишлайдиган, меҳнаткаш, ризқини ҳалол меҳнати билан ундирадиган, меҳр-мурувватли халқимизнинг бутун бўй-бастини ўзида яққол кўрсата оладиган байрам сифатида қадрлидир. Шу куни ота-боболаримиз экин майдонларига чиқиб, ер ҳайдаб уруғ сочишган. Эл катхудолари деҳқонларга эккан уруғларингнинг бири минг бўлсин, элнинг ризқи мўл бўлсин, дея тилак тилаб фотиҳа беришган, улкан қозонларда палов пиширилиб, сумалак қайнатилган. Янги кун ризқ-рўз, файз-барака рамзи ҳам ҳисобланган.

Асрлар оша бизгача етиб келган, кўнгилларимизга баҳорий жўшқинлик, яратиш, яшнатиш завқини бахшида этувчи улуғ байрам Наврўзи олам тантаналари йил сайин мазмунан бойиб, тобора жозибадор бўлиб бормоқда.

Туманимизнинг барча ҳудудларидаги маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, умумтаълим ва касб-ҳунар таълими муассасаларида Наврўзга бағишланган кўнгилочар тадбирлар, сайллар аллақачон бошланиб кетди.

Қутлуғ кунларни, муҳим саналарни алоҳида тадорик билан қаршиламоқ ҳам азалий одатларимиздандир. Жорий йил Наврўз байрамига ҳам пухта тараддуд кўрилди. Байрам олди умумхалқ ҳашари ўтказилиб, чор-атрофимиз, кўчалар, ҳовлилар янада саранжом-саришта бўлди, ободонлаштирилди, эзгу ниятлар билан кўчатлар экилди, атрофни безаб турган дарахтларга шакл берилди.

Азизлар! Мен ишонч билан айта оламанки, туманимизнинг ҳар бир фуқароси, юрт равнақига равнақ қўшаман, турмушимни обод, фаровон, гўзал қиламан, деган олий мақсад билан яшамоқда, меҳнат қилмоқда. Туманимизнинг турли жабҳаларида буларнинг исботини яққол кўришимиз мумкин. Кўпни кўрган мўътабар отахонларимизнинг, онахонларимизнинг йўл-йўриқлари, дуолари бизга мададкор бўлмоқда.

Юртимизнинг, хонадонларимизнинг файзи бўлган отахонлар, онахонлар! Мамлакатимизни, туманимизни гуллаб-яшнаган, обод гўшага айлантиришдек эзгу мақсад йўлида бирлашиб, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ака-укалар, опа-сингиллар! Келажагимиз бўлган жажжи болажонлар!

Сизларни асл миллий байрамимиз – Наврўзи олам билан қизғин табриклайман. Ҳар бирингизга тани соғлик, хотиржамлик тилайман. Оилаларингиз доимо ободлик нуридан чароғон бўлсин! Ҳар бир кунингиз Наврўздек суюмли, шукуҳли ўтсин.

Pажаббой ЙЎЛДОШЕВ,

 

туман ҳокими.

Янгиликни бўлишинг: