"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУPИЛГАН ИМОPАТЛАP қандай тартиб ва шартлар асосида қонунийлаштирилади?

Жорий йилнинг 20 апрелида Президентимизнинг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Биз мазкур Фармоннинг мазмун ва моҳияти ҳақида кенгроқ тушунчага эга бўлиш мақсадида Қорақалпоғистон Pеспубликаси “Ермулккадастр” давлат корхонаси туман филиали бошлиғи Pустам Юсуповга саволлар билан мурожаат этдик.

– Айтингчи, Президентимизнинг ушбу Фармонидан кўзланган асосий мақсад нима?

– Фармоннинг асосий мақсади – инсонийлик принципларидан келиб чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини “амнистия” қилиш ҳамда фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ёрдам кўрсатиш орқали уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши учун қулай шарт-шароитларни яратишдир.

– Ноқонуний қурилган иморатнинг эгаллаб турган ҳудуди меъёрдан ортиқ бўлса нима бўлади?

– Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш билан бир вақтда мулкдорга қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрларда, меъёрдан ортиқ қисми заҳира ерлар ҳисобига олинган ҳолда, иморат қурилган ер участкасига (ер участкасининг бир қисмига) нисбатан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ҳам берилади.

– Фармон қабул қилинганидан кейин ўзбошимчалик билан қурилаётган иморатларга ҳам амнистия қўлланиладими?

– Фармон қабул қилингандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатларнинг мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди. Бундан ташқари, бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш имконияти тўғрисидаги фуқаролик қонунчилиги нормалари бекор қилинади. Яна шуни ҳам айтиш керакки, акция муддати тугагандан сўнг, яъни 2019 йилнинг 1 майидан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилаяпти.

– Мазкур фармонга асосан бир марталик акция бўйича ҳаракатлар бошландими? Бу масала бўйича фуқаролар энг аввало қаерга ва кимга мурожаат қилишлари керак?

– Президентимизнинг юқоридаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 21 июнда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари ташкил этилди.

Комиссияга туман (шаҳар) ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги бўйича ўринбосари раислик қилади. Комиссия таркибига туман кадастр, қурилиш, адлия ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари киритилди.

Шунингдек, қарор билан “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқларини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Ушбу Низом турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларига ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди.

Низомда белгиланишича, акция кўп қаватли уйларга ва уларга туташиб кетган ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, нотурар жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўзбошимчалик билан қурилган уйга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимига ариза билан мурожаат қилиш лозим.

Аризага мурожаат этувчининг паспорт нусхаси, оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари илова қилинади.

Комиссия ариза келиб тушгандан сўнг, жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганади ва далолатнома расмийлаштиради (барча тартиб-таомиллар 11 иш куни давомида амалга оширилади).

Далолатномада комиссия аъзоларининг хулосалари акс эттирилади ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги кўрсатилади.

Комиссия томонидан иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топилганда далолатнома тасдиқланган куннинг ўзида Давлат хизматлари марказига мурожаат этувчига бир марталик йиғимни тўлаши учун электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактура тизим орқали юборилади.

Мурожаат этувчи ҳисобварақ-фактура тушган кундан бошлаб 4 иш куни мобайнида ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган тўловни (энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги бир марталик йиғим) амалга ошириши керак.

Бир марталик йиғим тўлангандан кейин 2 кун мобайнида иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳаси тайёрланади ва тасдиқлаш учун туман (шаҳар) ҳокимига тақдим этилади. Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори 2 иш куни мобайнида қабул қилинади.

Қабул қилинган қарор нусхаси Давлат хизматлари маркази томонидан мурожаат этувчига тақдим этилади.

– Айтингчи, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи қандай ҳолларда эътироф этилади? Қандай омиллар бундай ҳуқуқнинг эътироф этилмаслигига сабаб бўлади?

– Қуйидаги ҳолларда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилади ва иморат жойлашган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилади:

- ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, жисмоний шахслар томонидан узлуксиз фойдаланилаётган ер участкалари, агар ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаса ёки фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар (шу жумладан, ҳар бир оилага белгиланган меъёрлар) доирасида;

- белгиланган тартибда берилмаган ер участкаларида қурилган объектлар мулкдори бўлмаган, лекин ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб жисмоний шахслар томонидан фойдаланилаётган иморатларига ва ер участкасига;

- жисмоний шахслар томонидан “Ер тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни қабул қилинишига қадар якка тартибда уй-жой қуриш, шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун фойдаланиб келаётган иморатлар ва ер участкасига ҳуқуқларини белгиловчи ҳужжатлари сақлаб қолинмаган бўлса;

- деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжалик юритиш учун фойдаланилмаётган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган иморатларга “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунининг 8-моддасида белгиланган меъёрлар доирасида.

Қуйидаги ҳолларда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди:

- аҳоли пунктларининг бош режалари ва уларнинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, қишлоқ фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига зид равишда жойлашган иморатларга;

- магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек, аэродромлар ва чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашган иморатларга;

- қонун ҳужжатлари билан қурилиши таъқиқланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳамда табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган иморатларга;

- ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилган иморатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб қурилган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса.

Комиссия томонидан шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин эмас деб топилганда комиссия ишчи органи рад этиш асослари кўрсатилган хат тайёрлайди ва далолатноманинг нусхасини илова қилган ҳолда уни далолатнома тасдиқланган куннинг ўзида Давлат хизматлари марказига ҳамда туман (шаҳар) ҳокимига тизим орқали юборади.

Мурожаат этувчи комиссия қароридан норози бўлган тақдирда, бир марталик акция тугагунга қадар тегишлилиги бўйича юқори турувчи комиссияга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

– Қимматли фикрларингиз учун раҳмат!

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ

суҳбатлашди.

Янгиликни бўлишинг: