"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

“YOSHLAR – KELAJAGIMIZ” ДАВЛАТ ДАСТУPИ ИНТИЛУВЧАН, ИЗЛАНУВЧАН ЁШЛАPГА ИСТИҚБОЛ ЭШИКЛАPИНИ ОЧАДИ

Айни кунда юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиши, уларнинг амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларга дахлдорлигини ошириш, юрт равнақида масъулиятини кучайтириш мақсадида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бунда ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантириш, уларнинг илғор лойиҳаларига кенг йўл очиш муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2018 йил 27 июнь кунги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ҳам ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган.

Дастур доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси, унинг туман, шаҳар, филиаллари ташкил этилади.

Жамғарма маблағларидан Давлат дастуридаги тадбирларни молиялаштириш, жумладан:

– ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;

– Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш;

– тегишли кўникмаларга эга бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш;

– ёшларнинг касбга қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш;

– ёш тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик шартларида имтиёзли бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишлари учун бизнес режалар ишлаб чиқишда кўмаклашиш.

Янги жамғарма маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатади, форумлар, мастер-класслар ташкил этиш учун “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ташкил этади, савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуради.

Дастурга мувофиқ, Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика комиссияси ва туманлар, шаҳарларда ҳокимларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари бошчилигида ҳамда ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Ёшлар иттифоқининг туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари раислари, тадбиркорликка кўмаклашиш маркази бўлимлари раҳбарларидан иборат ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссиялари тузилади.

КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАPИ НИМАЛАPДАН ИБОPАТ? деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий, албатта.

Комиссия аъзолари инвестициявий ва ижтимоий комплекслар ҳудудий органларининг, шунингдек, молиялаштирувчи тижорат банкларининг бириктирилган ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари билан биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни хоҳлайдиган банд бўлмаган аҳолини аниқлайди, уйма-уй юриб, аҳоли билан учрашади, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини ишлаб чиқишда, зарур ҳужжатлар ва материалларни тайёрлаш ҳамда расмийлаштиришга кўмаклашади.

Шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини реализация қилиш учун имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни бирламчи кўриб-чиқиш ва танлаб олиш ҳам мазкур комиссия зиммасидадир.

Комиссия аъзолари ҳар бир хонадонни уйма-уй юриш, мавжуд инфратузилмани инвентаризация қилиш, ёшлар шуғулланиш истагини билдирган меҳнат фаолияти турини таҳлил қилиш, шунингдек, имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш талабномларини танлаб олиш натижалари бўйича тасдиқланган параметрлар доирасида тегишли туманлар ва шаҳарларда намунавий бизнес режалар асосида реализация қилинадиган ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларининг манзилли рўйхатини шакллантириб, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика комиссиясига тақдим этади.

Pеспублика комиссияси бу рўйхатни имтиёзли кредитлар, мол-мулкни лизингга беришни молиялаштириш учун тижорат банкларига ҳамда жамғармага тақдим этади.

Молиялаштирувчи тижорат банклари тақдим этилган манзилли рўйхат асосида имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш ҳақида ўрнатилган тартибда қарор қабул қилади. Бу 3 иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантириш ва ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга фаол жалб қилишда муҳим қадам бўлди.

Айни кунларда туманимизда ҳам Фармон ижросини таъминлаш учун саъй-ҳаракатлар бошланиб кетди.

Ойгул PАЖАБОВА,

газетанинг махсус мухбири.

Янгиликни бўлишинг: