"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

Камқонликнинг олдини олиш ўз қўлимизда

Турли хил сабабларга кўра қондаги гемоглобин миқдорининг меъёрдан камайиб кетиши камқонлик дейилади. Ўзбекистон шароитида темир танқислик камқонлиги энг кўп учрайдиган касаллик бўлиб, туғруқ ёшидаги аёллар ва ёш болалар орасида кенг тарқалган. Сабаби ўсиш ва ривожланиш натижасида темирга бўлган эҳтиёж ҳомиладор аёл, болалар ва ўсмирларда юқори бўлади.

Камқонликнинг келиб чиқиш сабаблари

Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари бир нечта омилларга боғлиқ бўлиб, унга ҳар хил тасодифий ҳолатларда кўп қон йўқотиш, ошқозон-ичак ярасидан қон кетиш, аёлларда туғруқ оралиғининг қисқалиги, хайз циклининг турли хил бузилишлари ва қон касалликлари киради.

Қонда темир танқислиги

Темир қондаги гемоглобиннинг таркибий қисмига киради. Гемоглобин кислородни ўпкадан олиб, тананинг бутун аъзо, тўқима ва ҳужайраларига етказади, қисқа қилиб айтганда, гемоглобин ёрдамида организм нафас олади. Кислород организмнинг ёқилғи манбаидир. Гемоглобиннинг камайиши билан организмнинг кислород билан таъминланиши камаяди. Натижада ҳужайраларнинг фаолияти сусаяди. Бундан эса организмнинг барча аъзо ва тўқималари азият чекади, уларнинг фаолиятлари сустлашади, жумладан организмнинг иммунитети пасайиб, турли хил касалликларга чалинувчанлиги ошади. Одам ўзини ланж, ҳолсиз сезади. Катталарнинг ақлий ва жисмоний меҳнатга бўлган лаёқати пасаяди.

Камқонликнинг белгилари

Касалликнинг дастлабки даврида ҳеч қандай белгилар бўлмаслиги мумкин. Кейинчалик тез чарчаш, қувватсизлик, хансираш, бош айланиши кузатилади ва кесак, бўp, кўмир, хом хамир, хом макарон, шама ва шунга ўхшаш нарсаларни истеъмол қилиш каби ғайритабиий истакларнинг пайдо бўлиши, керосин, бензин, бўёқ, ацетон, тупроқ ва янги пойабзал ва шулар каби нарсаларнинг ҳидларини ёқтириш, тирноқнинг мўрт, синадиган, ғадир-будир бўлиб қолиши, қуюқ луқмани ютишнинг қийинлашиши (тамоқда тиқилиши) ва ҳар бир қуюқ луқмани сув билан ютиш зарурати билан намоён бўлади.

Бош мия кислородни кўп истеъмол қиладиган ва кислород етишмовчиликка ўта сезгир аъзо ҳисобланади. Бош оғриғи, бош айланиши, хотиранинг пасайиши, ҳолсизланишанемиянинг дастлабки белгилари бўлиб, бу ҳолатлар бола ва ўсмирларда ўқиш жараёнларига салбий таъсир кўрсатади ҳамда ақлий фаолиятининг сусайишига олиб келади.

Темир танқислигининг сабаблари

Организмда темир етишмаслиги қуйидаги ҳолатларда келиб чиқиши мумкин:

- овқат таркибида темир моддасининг камлиги ва овқатланиш чоғида қора чой, сут, қаҳва ичиш;

- ичакларда темир сўрилишининг бузилиши ва гижжалар билан зарарланиш;

- бавосил (геморрой) ва ошқозон- ичак яралари билан касалланиш;

- кетма-кет ҳомиладор бўлиш ва туғруқ оралиғининг 2-3 йилдан камлиги.

Камқонликка кимлар мойил бўлади?

- чала туғилган болалар;

- она сути билан кам озиқланган болалар;

- жадал ўсиш давридаги ўсмирлар;

- ҳомиладор аёллар;

- қариялар (яхши овқатланмаслик ва сурункали касалликлар ҳисобига);

- вегетерианлар;

- темир моддасини кам истеъмол қилувчи одамлар;

- баъзи бир дори воситаларини (бўғим касаллигида ишлатиладиган воситалар ҳамда аспирин) истеъмол қилувчилар.

Темир танқислигининг олдини олиш учун:

- темирга бой, озиқ-овқатлар билан овқатланиш ва уларни овқат рационида тўғри тақсимлаштириш;

- сунъий овқатланувчи болаларга темирга бой озуқаларни бериш;

- таомларни яшил сабзавот ва кўкатлар билан истеъмол қилиш;

- таркибида кофейн сақлаган моддалардан (чой, кофе, кока-кола) ўзни тийиш (овқат билан истеъмол қилганда темир сўрилишини камайтиргани учун уларни овқатдан камида бир соат кейин ичиш) лозим.

Қисқа қилиб айтганда, камқонликнинг олдини олиш қийин эмас. Оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтирсак, фарзандларимизга, ўзимизга эътиборли бўлсак, камқонлик касаллигига ўрин қолмайди.

Улуғбек ЯВҚАШЕВ,

ТошПТИ Нукус филиали "Даволаш иши” факультети 6-курс талабаси.

(Фото: http://uzssgzt.uz)

Янгиликни бўлишинг: