"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ТУМАН ҲОКИМИ ИЛҒОP ҒАЛЛАКОPЛАP БИЛАН УЧPАШДИ

Туманимизда бошоқли дон экинлари, айниқса буғдой етиштириш борасида ғаллакор деҳқонлар йилдан-йилга янги марраларни забт этмоқдалар. Ғаллачиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва рағбат туфайли илғор фермер хўжаликлари учун буғдойдан ҳар гектар ҳисобига олинадиган ҳосилдорлик ҳам йил сайин ошиб бормоқда.

- Туманимиз ғаллакорлари учун 55-60 центнерлик марра чегара бўлмай қолди, - деди туман ҳокими, 1-сектор раҳбари С.Йўлдашев 3 июль куни Қипчоқ овулида бўлиб ўтган илғор ғаллакор фермерлар, ижарачи-деҳқонлар ва ғалла ўрим-йиғимида фаол иштирок этган механизаторлар билан бўлган учрашувида. – Бунёд этилган туманимизнинг 12,6 минг тонналик “қирмизи дон” хирмонига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган фермер хўжаликлари орасида ҳосилдорликни 60-65 центнердан ошириб адо этганлар ҳам борлиги қувонарли.

Шу куни ғаллакор деҳқонлар эришган катта муваффақиятни кенг нишонлаш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан файзли дастурхон ёзилиб, палов тортилди. Ҳудудлар бўйича секторлар раҳбарлари, соҳалар бўйича мутахассислар, ОАВ вакиллари иштирок этган мазкур тадбирга 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори, хушовоз хонанда Нураддин Ёқубов ўзининг ўзбек халқ ва мумтоз ашулалари билан файз бағишлади.

Учрашув тадбири якунида ғаллакор деҳқонларга пул мукофотлари берилди.

* **

Шу куни “Чойкўл” овули ҳудудида жойлашган “Қундуз” агрофирмаси шийпонида “Дўстлик”, “Намуна”, “Тошёп” ММТПларнинг ғалла ўрим-йиғимида фаол иштирок этган комбайнчи-механизаторлар, муҳандис-техник ходимлар ҳамда илғор ижарачи-деҳқонлар учун ҳам файзли дастурхон ёзилиб, миллий таомлар тортилди, Нураддин Ёқубов ижросидаги куй-қўшиқлар янгради.

Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Султонбой Йўлдашев бошчилигида ташриф буюрган ҳудудлар бўйича секторлар раҳбарлари туман прокурори Ж.Мутфуллаев, туман ИИБ бошлиғи Дилшод Ибрагимов, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Ботир Камоловлар ҳамда соҳалар бўйича масъул раҳбарлар барчани эришилган юксак ғалаба билан табрикладилар.

Туман ҳокими С.Йўлдашев сўзга чиқиб ғалла ўрим-йиғим мавсумида фидойилик билан меҳнат қилган ишчи ва ижарачи деҳқонларга, фермер хўжаликлари ва соҳалар бўйича раҳбарлар ҳамда хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчиларига самимий миннатдорчилик билдирди.

Фидокорона меҳнатдан сўнг файзли дастурхон атрофида ҳордиқ чиқарган ғаллакорларнинг мавсум давомида қилган матонатли меҳнати қадрланди. Уларга пул мукофотлари тақдим этилди.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: