"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

САPИШТАЛИ ВА ФАPИШТАЛИ ХОНАДОНЛАP КЎПАЯВЕPСИН

Хонадонларни озода, саранжом-саришта сақлаш, оила аъзоларини соғлом турмуш тарзини яратишга мойил қилиб тарбиялаш ҳам халқимиз учун бобомерос оила қадриятларидан ҳисобланади. Чунки қаердаки соғлом турмуш тарзи қарор топар экан, ўша манзил обод ва кўркам қиёфа касб этади. Хонадонлардаги саранжом-саришталик ҳар бир инсон ҳаётига гўзаллик бахш этади.

“Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти қошидаги “Жайхун садоси” интернет-радиоси таҳририятининг “Саломатлик – туман бойлик” лойиҳаси доирасида туманимиздаги фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Сариштали уй – фариштали уй” кўрик-танловидан кўзланган мақсад ҳам аввало халқимизнинг ўз хонадонларида саранжом-саришта ва озода турмуш муҳитини яратишдек оила қадриятларига нечоғлик аҳамият бераётганларини ўрганиш, шу баробарида ўз оилавий тутумлари, орасталиклари билан бошқаларга ибрат бўлаётган хонадонлар соҳиблари ва бекаларининг оилавий ҳаёт тажрибаларини оммага маълум қилишдан иборат.

“Сариштали уй – фариштали уй” кўрик-танлови дастлаб овул ва маҳаллалар фуқаролар йиғинларида ўтказилиб, овул ва маҳаллалардаги озода ва саришта хонадонлар аниқланиб, ғолиб хонадонлар, кейинги босқичда иштирок этиш имконини қўлга киритдилар. Жорий йилнинг 3 июль куни туманимизнинг Қипчоқ ҳудудидаги А.Темур номли, “Чойкўл”, “Қипчоқ”, “Қангли” ОФЙлари ҳамда “Уйшин”, “Дарё бўйи” маҳаллаларида ғолибликни эгаллаган хонадонлар орасидан энг саришта, энг озода ва ораста хонадонни аниқлаш бўйича “Тараққиёт кўзгуси” газетаси, АмуТВ таҳририяти, “Жайхун садоси” интернет-радиоси таҳририяти ҳамда туман ДСЭНМ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ўз хулосаларини маълум қилди. Унга кўра, Амир Темур номли овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Халилла Юнусов хонадони кўрик-танловнинг барча талабларига жавоб берадиган “Сариштали уй – фариштали уй” сифатида тан олинди ва хонадон бекаси Гулчеҳра Матқурбоновага ташкилотчилар томонидан чангютгич совға қилинди.

Ғолиб хонадонни аниқлашда бир жиҳатга алоҳида эътибор бердик, - дейди кўрик-танловнинг ишчи гуруҳи аъзоси, туман ДСЭНМ шифокори Хурсанд Ибрагимов. – Оддий, меҳнаткаш, томорқа хўжалиги обод бўлган хонадонда маданий-маиший шароитнинг мавжудлиги асосий диққат марказимизда бўлди. Маҳаллалардаги хонадонларни кузатиш жараёнида шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, яшаш жойи - асосий уй шоҳона лекин молхона, ҳожатхона ва бошқа маиший хоналарга эътибор берилмаган. Томорқалар қаровсиз. Халилла Юнусовлар оиласида эса ҳамма нарса жойида, ҳақиқий ораста, фариштали хонадон. Оила аъзолари фидойи, меҳнаткаш.

“Сариштали уй – фариштали уй кўрик-танлови туманимизнинг барча овул ва маҳаллаларида давом этмоқда. Истаймиз, туманимизда сариштали ва фариштали хонадонлар кўпаяверсин.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: