"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда

Мустақиллик йилларида юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Бу борада 2017 йилда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиб, унга кўра, давлатимиз раҳбари ҳузурида фаолият юритган Судьяларни танлаш бўйича олий малака комиссияси ўрнига Судьялар Олий кенгаши ташкил этилди. Унинг мустақиллиги ва холислигини таъминлаш мақсадида Судьялар Олий кенгашига конституциявий мақом берилди.

Бундан ташқари, судья лавозимига муддатсиз тайинлаш, судья лавозимини эгаллаб туриш ёши 65 ёшгача, Олий суд судьялари учун эса 70 ёшгача этиб белгиланди. Судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий жиҳатдан таъминлаш масалалари Адлия вазирлиги ваколатидан Олий суд ваколатига ўтказилди. E-SUD электрон суд жараёнининг миллий ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4850-сон Фармони давлатимизда суд ҳуқуқ соҳадаги ислоҳатларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири — инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, аввало, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқлари самарали муҳофаза этилишини таъминлаш ҳисобланади.

Зеро, ҳар бир демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади.

Албатта, ислоҳотларнинг ҳаётга тўғри татбиқ этилиши ва самара бериши кўп омилларга боғлиқ. Шу боис, аввало, кадрлар, қолаверса, ишни тўғри ташкил этиш механизмини яратиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш каби ўта муҳим масалалар эътиборда бўлиб келмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Унда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар, вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил қилиш таклифи илгари сурилди.

Ушбу комиссиянинг асосий вазифалари одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш кабилардир.

Мазкур Комиссиянинг ташкил этилиши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, биринчи навбатда, судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судьялар корпуси фаолиятини шакллантиришда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш, суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилаб, нуфузини янада кўтариш, судлар тузилишини такомиллаштириш ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштириш, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, фуқароларнинг судлар фаолияти юзасидан қилаётган мурожаатларининг ижобий ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш бўйича таклифи ўз вақтида қабул қилинди, деб ҳисоблаймиз. Боиси ушбу Комиссия мамлакатимизда юқоридагидек ҳолатларга тўлалигича барҳам беришга, суд ҳокимиятини амалда янада такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларнинг натижадорлигига катта ҳисса қўшади. Қисқача айтганда, суд инсонпарварлик тамойили асосида фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи одил орган сифатида фаолият юритади. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида ҳам инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этиш мақсади мужассамдир.

Самад Қурбонбоев, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди архив мудири.

Янгиликни бўлишинг: