"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8068.17 -9.26
  • 1 EUR = 9899.64 -61.07
  • 1 RUB = 131.84 +2.99

Маҳаллада намуна ва ибратли

Донишмандлар инсон умрини йилнинг 4 фаслига қиёслайдилар. Баҳор бутун борлиққа жон ато этувчи уйғониш, яшариш фасли бўлса, ёз ҳосил йиғувчи мўл-кўлчилик фасли, куз эса сарҳисоб, қиш фасли кўнгилларга ором берувчи, келгуси режаларга тайёрланиш демакдир. Мақола қаҳрамони Баҳодир Ибрагимовнинг ҳаётини мўл-кўл ҳосил ундириш иштиёқи жўш ураётган фаслга ўхшатгим келади.

Баҳодир Ибрагимов 1966 йил Манғит шаҳрининг "Чордара” маҳалласидаги Бешгужум мавзесида оддий хизматчи оиласида туғилган.

Болалигиданоқ уйи пахта тозалаш заводи яқинида жойлашгани учун унинг калби заводда ишлаш иштиёқида ёнарди.

1983 йили ўрта мактабни тамомлаган Баҳодир ака Нукус политехникумида таҳсил олди. Илк фаолиятини дастлаб Манғит пахта тозалаш заводида чилангар бўлиб ишлашдан бошлади.Иш жараёнида у ўқимишли бўлса корхонага кўпроқ фойдаси тегишини ҳис қила бошлади. Шу ниятда ўқишни давом эттириш учун 1987 йил Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтига ўқишга кирди. Олий маълумотга эга бўлган Баҳодир фаолиятини яна жонажон заводида давом эттирди. Энди чигитни уруғга ажратиш ва сақлаш бўлими бошлиғи бўлиб сидқидилдан меҳнат қилди.

Баҳодир Ибрагимовнинг қалби уни бунёдкорлик ишларига ундай бошлади. Маҳалладошларининг яхшикунларида уларга ҳамнафас бўлиш учун корхона ихтиёридаги истироҳат боғининг кўримсиз бўлиб турган жойида улкан қурилиш бошлади. Бу "Темурбек” тўйхонаси эди.Тўйхона ёнида озиқ-овқат дўкони ва сартарошхона қурдирди. Энди тўй эгалари тўй харажати учун овора бўлиб юрмасдан, шу ернинг ўзида керакли харидларини амалга оширадилар. Сартарошхона ҳам теварак атрофдагилар учун қулайлик бўлди.

Бу ишларни амалга оширишда оила аъзолари унга қўл-қанот, мададкор бўлди. Оила - барча эзгу ниятлар-орзуларга доя, интилишларга мададбергувчидир. Унинг бахти - мақсадларига хайрихоҳ, ташвишларига елкадош бўла оладиган аёл билан умрини боғлаганида эди. Шу туфайли хонадонида тинчлик-осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат мужассам бўлди. Улардан андоза олиб улғайган фарзандлар ҳам меҳнаткаш, интилувчан бўлиб вояга етдилар, ҳаётда ўз меҳнатлари билан ўзларининг ўрнини топишга эришмоқдалар.

Баҳодир ака турмуш ўртоғи Зумрад Вафоева билан биргаликда 5 нафар фарзандни вояга етказишди. Келин тушириб, невара суйиш бахтига ҳам эришдилар.

Катта фарзанди Улуғбек "Юлдуз” ҳиссадорлик жамиятида иқтисодчи бўлиб ишлайди. У ҳам отаси таълим олган Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган. Турмуш ўртоғи Нилуфар Хўжаева 3-сонли Амударё академик лицейида биология фани ўқитувчиси. Иккинчи фарзанд Отабек ҳам акаси ва отаси изидан бориб, Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган, олий маълумотли, ЎзЛиДеП туман Кенгашида ишлайди. Фарҳод эса тиббиёт ходими. Бобур Манғит иқтисодиёт ва касб-ҳунар коллежи талабаси. Темур 36-сонли ўрта мактабнинг 6-синф ўқувчиси.

- Ҳозир тўйхонада 15 нафар йигит-қизларни иш билан таъминлаганмиз. Тўйхона атрофи кўкаламзорлаштирилган, дарахтлар салқинлик келтириб туради. Лекин тўйхона иссиқ кунларда одамларга бирмунча ноқулайлик келтиради. Бунга барҳам бериш мақсадида ёзнинг иссиқ кунларига мослаштириб ёзги бино қурилишини бошламоқчиман. Тўйхонанинг навбатдаги қисми ишга тушса, яна хизматчилар сонини кўпайтирамиз, – дейди тадбиркор Баҳодир Ибрагимов.

Тўйхонага назар ташладим. Дарахт ва гуллар экилган салқин, сўлим маскан киши дилини яйратади.

Маҳалладошларининг яхши кунларида уларга мадад бўлаётган, ўзи яшаётган масканни обод қилаётган, қалби бунёдкорлик режалари билан жўш ураётган, мана шундай ишнинг кўзини биладиган юртдошларимиз омон бўлсин, деб ният қилдим.

Ҳовлисига экилган гўзал гуллар каби ўлкамизни гўзал қилишга ҳаракат қилаётган, юртдошлари қувончига шерик бўлаётган, уларнинг оғирини енгил қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган саховатпеша, ишбилармон бу оиланинг бошлаётган савобли ишларида омад ёр бўлсин, деб қоламан.

Феруза Pаззоқова,

НДПИ талабаси.

Янгиликни бўлишинг: