"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Амударёда давлат аҳамиятидаги автомобиль йўли таъмирланиб, фойдаланишга топширилди

Мавзуга оид фотогалерея

Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги қарори билан ташкил қилинган Ўзбекистон Pеспубликаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида қисқа вақт ичида салмоқли натижаларга эришди.

Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини мамлакатимизнинг барча ҳудудлари аҳолиси қатори амударёликлар ҳам бугун ўз турмушида яққол ҳис қилмоқда. Сабаби, “Қипчоқ – Манғит шаҳри – Туркманистон Pеспубликаси чегараси” давлат аҳамиятидаги автомобиль йўли бир неча йиллардан бери таъмирталаб аҳволга келиб қолган, ҳайдовчи ва йўловчилар учун ноқулайликлар туғдираётган эди. Жуда қисқа фурсат – 20 кун ичида мазкур йўл замонавий усулда, сифатли таъмирланиб, 1 июль куни фойдаланишга топширилди.

Тантанали маросимда сўзга чиққанлар – Ўзбекистон Pеспубликаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раисининг ўринбосари – бош муҳандис Обид Адилов, туман ҳокими Султонбой Йўлдошев, “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси раиси Бекман Алламбергенов, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова ва бошқалар йўлсозларга миннатдорчилик изҳор қилдилар.

Бош пудратчи – “Тахиатош йўл қурилиш-таъмирлаш” давлат унитар корхонаси томонидан ушбу йўлнинг Манғит шаҳрига киришдаги 11,4 км, шаҳар ичидаги 3 км қисмини реконструкция қилишга жами 15,2 млрд сўм маблағ сарфланиб, 10 та тумандан келган 210 нафардан ортиқ ишчилар туну кун меҳнат қилишди. Йўлнинг шаҳар ичидаги қисмига тунги ёритгичлар ва пиёдалар йўлакчаси қурилгани эса йўловчилар ва пиёдалар учун катта қулайликлар яратди.

Қорақалпоғистоннинг чегара тумани – Амударёда мана шундай кенг кўламли ишнинг жуда қисқа фурсат ичида амалга оширилиши аҳолининг кайфиятини кўтариб, эртанги кунга ишончини янада оширди.

Ишонамизки, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан юксак аҳамиятга эга мазкур йўлнинг таъмирланиши халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади ҳамда халқларни ва мамлакатларни боғловчи восита бўлиб қолади.

Янгиликни бўлишинг: