"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

ҚУPБОНЛИК ФАЗИЛАТИ

Мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Ийди Қурбон Ҳаж ибодатлари тамом бўлгани муносабати ила ва Аллоҳнинг йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилишлик учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади.

Ҳайит байрамлари қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саҳоват ифодаси бўлиб келган. Шу йил 8 октябрь куни Президентимизнинг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Унда ҳайит байрамининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширишга қатор мутасадди ташкилотлар жалб қилинди. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан юртимиз мусулмонларига кўрсатилаётган эътибор намунасидир.

Қурбонлик қилиш закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръони карим, ҳадиси шариф билан собитдир. Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-фуқаролар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад - банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлик сўймоқдами, демак ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг ризолиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан.

Қурбонлик қилиш қонун-қоидалари ва одоблари ҳақида кўплаб фиқх китобларида батафсил маълумотлар берилган. Қурбонлик сўйиш ҳайит намозини ўқиб бўлгач бошланади. Шариатимиз кўрсатмасига биноан қурбонлик қилиш закот нисобига қодир кишиларгагина вожиб, деб баён қилинган (бу йилги закот нисоби 8 000 000 (саккиз миллион) сўм деб белгиланган. Агар бирор кимса қурбонлик сўйиш вақтигача мазкур пул маблағига эга бўлса, унга қурбонлик сўйиш вожиб бўлади. Қурбонликнинг аввали ҳайит намози адо этилганидан сўнг сўйилади. Унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи куни аср вақтигача.

Қурбонликка қўй, эчки, туя, қора мол каби ҳайвонларнинг эркаги ҳам урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя 5 ёш, қора мол 2 ёш, қўй ва эчки эса 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Мол ва туяни 7 киши номидан сўйилишига шариатимизда кўрсатмалар бор. Қурбонлик сўйиши вожиб бўлган киши қурбонликни вақтида сўймаса, кейин унинг қийматини садақа қилиши вожиб. Сўйилган қурбонликнинг учдан бирини садақа қилиш, учдан бирини едириш, учдан бирини кейин ейиш учун олиб қўйиш мустахабдир. Серфарзанд бўлса, ҳаммасини оилада ўз фарзандлари учун олиб қўйиш афзал.

Мана Қурбон ҳайити ҳам кириб келди. Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этамиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-кудуратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очадилар. Бу кун барчага қувонч улашадиган кундир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзининг ризолиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айлаб, муборак ҳаж сафарига юртимиздан борган барча ҳожиларимизнинг ҳаж ибодатларини мукаммал адо этиб, Ватанимизга соғ-саломат келишларини муваффақ айласин.

А.Матсапоев,

"Юсуф эшон бобо” жомеъ масжиди имом хатиби.

(Фото - http://religions.uz)

2013 йил

Янгиликни бўлишинг: