"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

ҲЕЧ КИМ ЎЗ-ЎЗИДАН ГИЁҲВАНД БЎЛИБ ҚОЛМАЙДИ

Ота-она учун фарзандининг гиёҳванд бўлиб қолганини билиб қолиши жуда оғир мусибатдир!

Шунда ота-она ўз боласининг бу йўлдан чиқиб кетиши учун жудаям кўп саъй ҳаракатлар қилишга уринади. Бу ҳаракатлар ҳар доим ҳам наф берармикан? Чунки гиёҳвандлик йўлига кириб қолган инсонлар – бемор ҳисобланади.

Касал бўлгандан кўра унинг олдини олган маъқул. Гиёҳвандликнинг олдини олишда энг аввало фарзанд тарбияси катта аҳамиятга эгадир.

Бола туғилиши билан уни дарҳол ўз онасининг бағрига қўйилиши бежиз эмас. Шу пайтдан бола билан она орасидаги меҳр туйғулари шаклланишни бошлайди. Болага чақалоқлик давридан бошлаб катта одам билан гаплашгандек мурожаат қилиш керак.

Болалар тарбиясида улар билан суҳбатлашиш, ҳамма саволларига жавоб бериш, руҳан қувватлаб туриш керак. Кўпинча ишдан келган ота-оналар, бола билан мулоқот қилишни хоҳламайди. Бола эса куни билан ота-онасини кутиб, бўлган воқеаларни гапириб бергиси ҳамда руҳан қувватланишни хоҳлайди. Агар ота-оналар болага вақт ажратмасалар, унда бола кўчадаги одамлардан руҳий таянч қидиради.

Ана шу пайтда гиёҳвандларнинг қўлига тушиб қолмаслигига ким кафолат беради? Ўз боласига вақт ажратмаган ота-оналар, агар бола гиёҳвандлик йўлига кириб қолса, бутун вақтини умрининг охиригача шу болага ажратади, лекин унда кеч бўлади.

Ўсмирлик даврида болалар катта эътибор талаб қилади. Ота-онанинг меҳрига, суҳбатига, маслаҳатларига муҳтож бўлади. Ўз фарзандини камситмасдан, у билан дўстлашиб, муаммолари ечилишига кўмакдош бўлиши талаб этилади.

Боланинг ҳеч қачон бўш вақти бўлмасин, ҳар бир дақиқанинг қадрлилигини унинг онгига сингдириб бориш керак. Фарзанд меҳнаткаш бўлиши учун уни ҳар-хил юмушлар билан банд қилиш ва албатта, спорт машғулотларига жалб қилиш керак. Шунда ундан омадли, соғлом фикрлайдиган, етук инсон шаклланади.

Фарзанд тарбиясида меъёр деган фикр ҳам шаклланиб бориши керак. Яъни, фарзандининг ҳар бир истагини дарҳол бажариш ҳам, жудаям эркалатиб юбориш ҳам нотўғридир. Гиёҳвандлик билан шуғулланувчи инсонлар, айниқса, шунақа эркатой фарзандларнинг кетидан «ов»га тушишади. Қармоққа тушган бола эса хонадонининг баракасини учиради.

Фарзанд тарбиясида ота-боболарининг ютуқлари ҳақида гапириб бериш, давомчи сифатида ўрнак бўлиши кераклигини онгига сингдириш ҳам катта аҳамиятга эгадир. Ҳеч ким ўз-ўзидан гиёҳвандга айланиб қолмайди.

Инсон бахтли бўлиши учун энг аввало, билимга интилиши, меҳнаткаш бўлиши, ҳаракат қилиши ҳамда ўз орзуларига етишишига ишониши керак!

Ўзи севган ишида ишлаши, ўзи хоҳлаган оиласини яратиши керак.

Бахт - бу бахтсизликни енгишдир!

Жумабой ЯВҚАШЕВ,

туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг

Саломатлик бўлими мудири.

Янгиликни бўлишинг: