"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

МИОКАPД ИНФАPКТИ КАСАЛЛИГИ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

Миокард инфаркти —юрак қон-томир касалликларидан, ўлимга олиб келувчи энг асосий касалликлардан бири саналади. Бу дардлардан ҳар йили минглаб инсонлар оламдан кўз юмаяпти.

Юрак одам вужудининг ниҳоятда мураккаб аъзоси саналади. Юрак-қон касалликлари кейинги 20-25 йил ичида анча кўпайди ва шифокорларни ташвишга солмоқда. Касаллик инсон ўз саломатлигига эътиборсиз бўлса, дард авж олиб, безовталик кучайиб кетса-да, шифокор ҳузурига бормаса, ўз саломатлигига хавф солиб қўйиши аниқ. Юрак-қон касалликлари орасида миокард инфаркти тўсатдан рўй берадиган энг оғир ва хавфли касаллик ҳисобланади. Қон айланиши бузилиши натижасида юрак мушагининг бир ёки бир қанча қисми нобуд бўлиб, юрак фаолияти издан чиқади.

Миокард инфарктнинг асосий белгилари

Миокард инфарктининг асосий белгилари — кўкрак қафасининг маркази (тўш ораси) ғижимлаб, ачишиб оғрийди. Юрак безовта бўлганида, иккала қўлга, юқорига, орқага, оёқларга, пастки жағ соҳасига тарқалиб ҳаво етишмай қолади. Оғриқ бир неча соат, баъзан бир неча сутка давом этади ва бемор бўшашади, муздек тер босади, ҳатто ўлим ваҳимаси бошланади, озгина юрса, зинадан кўтарилса ҳансираб қолади. Миокард инфаркти кўпинча юрак ишемик касаллигининг зўрайиши даврида юз беради, бунда стенокардия хуружлари кучайиб, тез-тез такрорланиб туриши кузатилади.

Миокард инфаркти беморнинг ниҳоятда эҳтиёткорлик ва қунт билан даволаниши зарур бўлган оғир касаллик тури исобланади. Беморни, албатта, касалхонага ётқизиш керак. Агар бемор уйда даволанаётган бўлса, доимий шифокор назорати остида даволаниш тавсия этилади. Беморнинг яқинлари бу пайтда уни толиқтириб қўймасликлари зарур бўлади. Бемор касалхонадан чиққанидан кейин шифокор назорати остида даволанишни давом эттириб, кундалик тартиби қатъий белгиланади. Уйқу 7 соатдан кам бўлмаслиги зарур. Ярим соатдан бошланган тоза ҳавода сайр қилиш муддати аста-секин икки соатгача узайтирилади. Кескин ҳаракат қилиш, совуқ ҳавода тез юриш хуружнинг қайталанишига олиб келиши мумкин.

Стенокардия нима?

Стенокардия ишемик касалликларнинг енгил хили бўлиб, «кўкрак қисилиши» маъносини билдиради. Чап томон кўкрак устида оғриқ, ачишиш аломатлари пайдо бўлади. Агарда хуруж инсон асабийлашмаган, тинч ҳолда ҳам учраб турса, бу стенокардиянинг оир тури ҳисобланади. Бемор қунт билан даволанса, касаллик асоратсиз ўтиб кетади.

Миокард инфарктининг келиб чиқиш сабаблари

Миокард инфарктининг ривожланишига

гипертония (хафақон) касаллиги,

қандли диабет,

семириб кетиш,

камҳаракатлилик,

руҳий кечинмалар,

кашандалик,

алкоголизм ва бошқалар сабаб бўлиши мумкин.

Ушбу омиллар қаторига яна бир муҳим бандни — киши атрофида юз бераётган воқеаларни юрагига яқин олавериши ҳолатини қўшиш мумкин. Афсуски, турмушнинг ҳар турли қийинчиликларини жиддий ва фожиавий қабул қилиш; ҳаммасини ичга ютиб юравериш; ёлғиз қолишга интилиб, ҳеч кимнинг маслаҳатига қулоқ солмаслик; яқинлар, дўстлар ёрдамини олмаслик; тажрибали руҳшунос ёки шифокорларга мурожаат этмасдан, иложсиз вазиятлардан чиқишга уриниш кўпроқ эркаклар табиатига хос. Шу «чора»лардан бирини танлаганлар ватинчалик стресс, тушкунлик ҳолатида кишини кучдан қолдирадиган узоқ муддатли руҳий ҳасталикларга йўлиқишади.

Юрак ишемик касаллигининг келиб чиқишини тезлаштирувчи факторлар

Юрак ишемик касалликлари (стенокардия, миокард инфаркти, кардиосклероз) ҳозирги вақтда кенг тарқалган дардга айланган. Бунинг асосий келиб чиқувчи сабаблари қуйидагилар:

Таркибида кўп миқдорда холестерин, углеводлар, туз бўлган юқори калорияли овқат истеъмол қилиш.

Чекиш. Юрак ишемик касаллигидан тўсатдан ўлиш ҳодисаси чекмовчиларга нисбатан кашандалар орасида беш марта кўп содир бўлиши кузатилган.

Кам ҳаракатлилик. Кам ҳаракатли ҳаёт тарзи, маълумки, киши организмидаги калория баланси бузилиши натижасида семиришга сабаб бўлади.

Алкогол. Спиртли ичимликлар кўпинча миокард инфарктининг рўй беришига сабаб бўлиб, тўсатдан юз берувчи ўлим ҳодисаларининг қарийб 39 фоизи ичкилик ичиш билан боғлиқдир.

Бундан ташқари, инсон ҳаётида рўй бериб турадиган ҳаяжонланиш, оилалардаги ёки ишхоналардаги ҳар хил икир-чикирлар, жанжаллар сингари турли омиллар ҳам юрак хасталикларининг ривожланишига туртки бериб, яна ҳам зўрайтиради.

Миокард инфаркти такрорланиши мумкинми?

Афсуски, такрорланиши мумкин. Инсультни бошидан кечирган беморларнинг тахминан 14 фоизи яна шу дардга чалинган. Шуни айтишим лозимки, касаллик қайталанмаслиги учун ҳадеб билиб-билмасдан қимматбаҳо дориларни сотиб олманг, биринчи навбатда юқорида номи тилга олинган омилларни бартараф этинг. Айрим беморларимиз юрак қон-томиркасалликларининг оғир турларини бошларидан кечирган бўлсалар-да, спиртли ичимлик истеъмол қилаверадилар, чекишни ташламайдилар, ёғли, қовурилган, дудланган таомларни истеъмол қилишдан ўзларини тиймайдилар.

Юрак қон-томир касалликларига чалинганлар ўзларини қандай назорат илишлари керак? Бу пайтда қандай дорилар ёнларида бўлгани маъқул?

Инфаркт ва инсульт томирларга тромб тиқилиб қолишидан келиб чиқади. Миокард инфарктида тромблар тож (коронар) артерияда, ишемик инсультда эса мия томирига тиқилган бўлади. Тромб қон лахтаси бўлиб, томир деворига ёпишиб олади. У мия ёки юрак томирларини тиқилтириб, маълум бир қисмини қондан маҳрум қилади. Шунинг учун ёнингизда тромбларга қарши энг кўп қўлланиладиган дорилардан бири-бу аспирин бўлиши лозим. Мутахассисларнинг айтишича, аспирин қабул қилиш аёлларда инфаркт қайталаши хавфини 25 фоизга, инсульт хавфини 22 фоизга камайтиради. Эркакларда эса 19 ва 17 фоизга камайтиради. Статинлар гуруҳидаги дорилар ҳам юрак қон-томир касалликларига қарши кенг ишлатилади. Улар организмда холестерин миқдорини камайтиришга ёрдам беради. Бу касалликка чалинган беморлар жисмоний машқлар бажаришимиз мумкинми, деб сўрашади. Жисмоний машғулотларни бошлашдан олдин ўзингизнинг тайёрлигингизни, имкониятларингизни ҳисобга олинг. Мутахассис шифокорнинг тавсиясисиз ўз билганингизча иш қилманг.

Хикмат САБИPОВ, Амударё тумани Тиббиёт бирлашмаси

КТМП кардиолог шифокори.

Мақола «Жайхун садоси» интернет-радиоси таҳририятининг

«Саломатлик – туман бойлик» лойиҳаси доирасида эълон қилинди.

Янгиликни бўлишинг: