"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

ФҲДЁ тизими: янги тартиб-таомиллардан хабардормисиз?

Президентимизнинг 2018 йил 12 июндаги ПҚ-3785-сон Қарори билан ФҲДЁ органлари тизимида янги тартиб-таомиллар, янгиликлар жорий қилинди. Маълумки, Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5415-сон Фармонига асосан 2018 йил 1 июлдан бошлаб ФҲДЁ органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини юритиш, ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган ҳолда, ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари тасарруфига ўтказилиши белгиланган эди.

Эндиликда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Pеспубликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ФҲДЁ органларининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифатини яхшилаш мақсадида 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб никоҳ шартномасини ва алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаганлик, судлар томонидан оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек, туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўрганлик учун давлат божи ундирилиши бекор қилинди. Қарорга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш, шунингдек, туғилиш ва ўлим ҳақида ягона ноёб кодли унификацияланган электрон маълумотнома беришнинг ягона тартибини жорий қилиш белгиланди.

Қарор билан ФҲДЁ органларида қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаш ва кейинчалик уларни ФҲДЁ органларида қайд этилишини таъминлаш бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилиши белгилаб қўйилди.

Ҳудудий комиссияларга 2019 йилнинг 1 июлига қадар қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаш нуқтаи назаридан тўлиқ хатловдан ўтказиш, унинг натижасида туғилганлик, ўлим ҳолатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ манзилли қайд этилишини таъминлаш, ўз фаолиятида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжуд бўлмаган болаларни аниқлашга алоҳида эътибор қилиб, бунда «Биронта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас» ва «Туғилганликни қайд этилиши — бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигининг олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир» деган эзгу ғояларга амал қилиш белгиланди.

Бундан ташқари, Қарор билан Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 январидан бола туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома қайд этилишида чақалоқларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами берилишини амалиётга жорий этиш кўзда тутилган.

Ушбу сохада амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган қулайликлар келажакда юртдошларимиз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда содда ва шаффоф тизим сифатида ўзини намоён қилиши аниқ. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бу ҳам бўлса шу кунга қадар турли сабабларга кўра туғилиш гувохномаси олинмаган болаларнинг туғилишини қайд қилиш масаласи. Ота-оналар кўпинча моддий қийинчиликлар, никоҳсиз туғиш ва бошқа сабабларга кўра дунёга келган боланинг туғилишини белгиланган тартибда ФХДЁ идораларида қайд қилдирмайди.

салбий холатларнинг олдини олиш мақсадида мазкур Қарорда «Биронта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас» ва «Туғилганликни қайд этилиши — бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигининг олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир» деган эзгу ғоянинг қўйилиши бежиз эмас албатта. Туғилганлиги қайд қилинган бола Конституциямизда белгиланган қатор ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларидан фойдалана олади. Аксинча бўлса-чи! Бундай болани мактабгача таълим муассасаси, мактабга қабул қилиш, шифохонада белгиланган тартибда рўйхатга қўйиш ва бошқа шу каби ҳаётий масалаларда турли тўсиқ ва муаммолар кутади.

Шундай экан, мен юқорида санаб ўтган холатларга тушиб қолган ва шунга ўхшаш ота-она, ёлғиз оналарни агар болаларининг туғилиши шу кунга қадар (қандай сабаб бўлишидан қатъий назар) қайд қилинмаган бўлса, туман ҳокимлиги вояга етмаганлар бўйича комиссияси, туман ФХДЁ ва адлия бўлимларига ёхуд таълим муассасаларига мурожаат қилишларини сўрайман. Мазкур идоралар туғилиш гувохномаси олмаган болаларнинг туғилишни қайд қилдириш ва гувоҳнома олишида қонун доирасида ёрдам беришга тайёр.

Мўминжон МАТЮСУПОВ,

туман адлия бўлими бошлиғи.

Фото. Fikr.uz

Янгиликни бўлишинг: