"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ИЙМОНГА ЗИЁН ЕТМАСИН

Бугунги кун одамлари ичида сеҳргарлик, фолбинлик ҳамда мунажжимлик балоси билан заҳарланганлар анчагина. Бу ҳол шу қадар кенг ривож олганки, оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Юқоридаги каби гуноҳи кабиралар мавзусидаги хабарларда бир ҳадис эътиборимизни ўзига тортади. Pасулуллоҳ (с.а.в) ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Гап бу ерда фолбиннинг олдига боришда эмас, балки унинг гапини тасдиқлашда, иймон ҳақида кетмоқда.

Фолбинларнинг олдига борган кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари келажагини билишга қизиқади. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган фолбин худди мен каби бир одам, агар фолбин бўлиб, келажакни билса, нима учун турли конларни топиб, лотореяларни ўйнаб, бойиб кетмаган? Нима учун камбағал ва хор бўлиб яшамоқда. Ғайбни биладиган одамга ярашадими бу ҳолат? – деб ўйлаб ҳам кўрилмагани аламли ҳолат.

Бутун оламларни яратган Аллоҳ таолонинг қудрати чексиздир. Ҳеч бир сифатда унинг мисли ва ўхшаши йўқдир. Илм ва қудратда ҳам ҳеч ким унга баробар эмасдир. Аллоҳ таоло ўзининг илми азалийси билан барча воқеа ва ҳодисаларни олдиндан билгувчидир. Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажак воқеаларни сир тутди. Бунга кўплаб ояти карималар далолат қилади. Жумладан: «Айтинг: "Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар» (“Намл”сураси, 65-оят). Бошқа бир оятда эса бундай дейилади: “Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас"” (Анъом сураси, 59-оят). Демак, Инсоннинг келажакдаги тақдирини ва бошқа ғайбий ишларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Агар келажакдаги ишлар инсонларга маълум бўлса эди, имтиҳон бўлмасди.

Юқоридаги оятлардан маълум бўладики, ҳеч ким, ҳатто пайғамбарлар ҳам ўз бошларига қандай кунлар келишидан бехабар бўлганлар. Лекин инсонлар орасида одамларнинг келажагини, тақдир ва қисматини айтиб берувчи сохта «башоратчилар» ҳам йўқ эмас.

Фолбинликка нисбатан ислом дини қандай муносабатда бўлади? Бу ҳақда кўплаб ҳадисларни келтириш мумкин. Жумладан: «Кимки бирор коҳиннинг олдига борса ва унинг айтган сўзига ишонса (тасдиқласа), қирқ кунгача унинг намозлари қабул қилинмайди» (Имом Табароний).

Хўш, сеҳргар, фолбин ва коҳинга борувчининг ҳукми қандай?

Ҳазрат Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: «Pасулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким фолбинга бориб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса ва у айтган гапни тасдиқласа, қирқ кунлик намози қабул бўлмайди» (Имом Муслим).

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтадилар: «Одамлар Pасулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан коҳин ким экани ҳақида сўрашди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улар ҳеч ким эмас”,- деб жавоб бердилар. Одамлар: “Ё Pасулуллоҳ, улар бизга айтадиган нарсалари (гоҳо) чин бўлиб чиқади-ку?”- деб яна сўрашди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У бор сўз бўлиб, жин уни илиб олади ва унга туҳматларни аралаштиради”,- деб хабар бердилар» (Имом Бухорий).

Мусулмон киши ўзига етган ҳар бир нарсани Аллоҳдан деб билиши керак. Яхшилик етса, шукр қилади, мусибат етса, сабр қилади. Ана шунда гуноҳи кабиралар домига тушиб қолишдан ўзини ҳимоялаган бўлади. Фолбинликдан топилган пул ҳеч қачон ҳалол эмас.

Кунларнинг бирида Абу Бакр розияллоҳу анҳу рўза тутиб, жуда ҳам оч қолганликлари сабаб ифтор вақтида хизматчисидан қаердан олиб келганини сўраш эсларидан чиқиб, таомни еб қўйдилар. Шунда эсларига тушиб: “буни қаердан олиб келдинг”, - деб сўради. У: «Жоҳилият даврида одамларни алдаб фолбинлик қилардим. Қилган фолбинликларимнинг бири амалга ошган экан. Миннатдорчилик сифатида берганди, шуни олиб келгандим”. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Мени тириклайин ўлдирдинг», -деб қўлини оғзига солиб қайт қилишга ҳаракат қилди. Еган нарсасининг барчасини қайт қилиб ташлади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Ҳаромдан бир эт униб чиқишидан кўра дўзаҳ азоби яхшироқдир»,-деганларини эшитганман. Жасадимга юқишидан қўрқдим, кимнинг жасадига ҳаром луқма сингган бўлса, жаннатга кирмайди»- деди.

Шуни яхши билиб олайликки, Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади. Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, сарвари коинот с.а.в фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши турган гап.

Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, газета нашрларида чоп этилган башоратларга ишониб, қизларига келган совчини қайтариб юбораётган юртдошларимизга хитобимиз шуки, Аллоҳга қайтинг, Муҳаммад с.а.в қайтарган ва охири абадий дўзах бўладиган йўлни тарк этинг. Пайғамбаримиз Аллоҳ таоло ҳар бир одамнинг тақдирини яратилишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйилганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опаларимиз, сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, нима учун фолбинлар ҳамиша хор ва ғарибхоналарда яшашади? Нима учун улар келажакни айтиб бериш учун ўзларида журъат топишади-ю, оёқлари остида турган конларни топиб, бойиб кетмайдилар? Майли, бу ҳам оғирдир, нега биргина лоторея қоғозини олиб, ноль бутун мингдан бир миллиметр нарида турган ёзувни ўқиб, “Нексия” ё “Дамас” автомобили эгаси бўлиб олишмайди, нега?! Чунки улар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу илм фақат ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч кимсаларнинг олдига бориб, иймон-у эътиқодни поймол қилмайлик, азизлар! Кимки шу ишни қилган бўлса, шу бугуноқ тавба қилсин, Аллоҳ кечиргувчи Зот. Улгура олмай қолса, Аллоҳнинг ўзи асрасин, қиёматда ҳаммага Яратгандан тавфиқ ва офият сўраб қоламиз. Албатта, У сахий ва марҳаматли Зотдир.

Ўктам ҚУPБОНИЁЗОВ, "Нўғой эшон"

жомеь масжиди имом-хатиби.

Янгиликни бўлишинг: